Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси томонидан Ғафур Ғулом нашриёти билан ҳамкорликда Ғалабанинг 76 йиллиги муносабати билан «Уруш номинг ўчсин жаҳонда», «Уруш кўрган адиблар» рукни остида нашр этилган китоблар тақдимоти ўтказилди.
Пойтахтимиздаги «Ғалаба боғи» ёдгорлик мажмуасида бўлиб ўтган адабий кечада шоир-ёзувчилар, ҳарбийлар, Навоий вилоятидан ташриф буюрган бир гуруҳ нуронийлар иштирок этди.
Тадбирда муҳаррирлар чоп этилган китобларнинг салмоғи, бугунги кун ўқувчисига берадиган маънавий озуқаси ҳақида гапирди. «Уруш номинг ўчсин жаҳонда» рукни остида чоп этилган «Буюк 75» китобининг муаллифи, шоир Салим Ашур тўпламга киритилган шеърларидан ўқиб берди.
«Дарё ортидаги йиғи» китоби муаллифи Қўчқор Норқобил ҳам ўзининг Беларус сафарида ёзилган шеърларини йиғилганларга ўқиб берди. «Урушнинг давоми» китобининг муаллифи, ношир ва ёзувчи Наби Жалолиддин афғон урушида иштирок этган. У китобнинг ёзилиш тарихи, яқин йилларда афғон уруши қатнашчиларига эътибор анча яхшилангани, уларга нисбатан тўғри ва ижобий қарашлар пайдо бўлаётганига тўхталиб ўтди.
– Уруш ҳақида шунчаки ёзиб бўлмайди, – дейди ёзувчи Собир Ўнар. – Уни ҳис қилмай, кўрмай туриб тасвирлаб бўлмайди. Нашриётимиз томонидан чоп этилган ҳар бир китобда ёзувчининг ўз кўзи билан кўриб гувоҳи бўлган воқеалар акс эттирилган. Шунинг учун ҳам асарлар ишончли, табиий. Дунё адабиётида айнан уруш мавзуларини ёзиб, нуфузли мукофотларга совриндор бўлган ёзувчилар кўп. Миллионлаб китобхонларнинг эътирофига сазовор бўлган асарларни қайта нашр этишга эҳтиёж бор. Келгусидаги режаларимизга, албатта, буларни ҳам киритамиз.
Ғафур Ғулом номидаги нашриёт-матбаа ижодий уйида ўзбек ва жаҳон адабиётида сермаҳсул ижод қилган, жангоҳларда бевосита иштирок этган ижодкорларнинг китоблари чоп этилган. Жумладан, Одил Ёқубовнинг «Онаизор», Шуҳратнинг «Шнелли йиллар», Миркарим Осимнинг «Жайхун узра булутлар», Эрнест Хеменгуйнинг «Алвидо, қурол», Эрих Мария Ремаркнинг «Уч оғайни» асарларини чоп этиш ишлари давом этмоқда.
[gallery-2306]
Д.Маматова, ЎзА