Нурафшон шаҳрида бир гуруҳ тиббиёт ходимлари Тошкент вилояти ҳокимлиги томонидан рағбатлантирилди.
Мамлакатимизда ҳар йили ноябрь ойининг иккинчи якшанбаси тиббиёт ходимлари куни сифатида кенг нишонланади. Шу муносабат билан ташкил этилган тадбирда давлат ва жамоат ташкилотлари масъуллари, ҳудудда фаолият олиб борилаётган шифокорлар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Таъкидланганидек, ҳозирги синовли кунларда аҳоли саломатлигини сақлаш, тиббий профилактик хизмат кўрсатиш борасида вилоятда тизимли ишлар амалга оширилди. Айниқса, коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашиш тадбирларига жалб қилинган тиббиёт, санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати ходимларининг саъй-ҳаракатлари эътирофга сазовор.
Маълумки, сўнгги йилларда ҳудудларда соҳани янада яхшилаш, аҳолига кўрсатилаётган бирламчи тиббий-санитария, шошилинч ва тез тиббий ёрдам, ихтисослаштирилган хизматлар сифатини ошириш, арзон ва сифатли дори-дармон, замонавий тиббий буюмлар билан таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
6 ноябрь куни Президентимиз раислигида соғлиқни сақлаш тизимининг бирламчи бўғинини такомиллаштириш ҳамда аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини шакллантириш чора-тадбирлари юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида ҳам шифокорларга муносиб шароитлар яратиш орқали уларни энг қуйи бўғин – қишлоқ врачлик пункти ва оилавий поликлиникаларга жалб қилиш зарурлигини таъкидланди. Албатта, бу бежизга эмас.
– Вилоятимизда тиббий хизмат сифатини ошириш борасида тизимли ишлар қилинмоқда, – дейди Тошеент вилояти Соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи, Тиббиёт фанлари доктори Тўрақул Арзиқулов. – Ўтган йили манзилли дастурларга асосан ҳудудда тиббиёт соҳасини модернизация қилиш учун 68 миллиард сўм, вилоят ҳокимининг тегишли қарорлари асосида “Обод қишлоқ”, “Обод маҳалла" давлат дастурлари бўйича маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан қишлоқ врачлик пункти, оилавий поликлиникаларини зарур тиббий жиҳозлар билан таъминланди. Ҳозир вилоятда 800 дан ортиқ шифокор учун эҳтиёж бор. Шуни инобатга олган ҳолда ҳудудда 2та янги тиббиёт йўналишдаги олий таълим муассасаларини ташкил этиш белгиланган. Бу орқали жойларга мақсадли малакали мутахассислар тайёрланади.
Байрам тадбирида соҳанинг фидойи шифокорлари ташкилотчилар томонидан фахрий ёрлиқ ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.