Ўзбекистон Республикаси Президентининг ф а р м о н и

Жаҳонда COVID-19 коронавирус пандемиясининг юзага келиши дунё мамлакатлари қатори Ўзбекистонда ҳам аҳолининг соғлиғи, жисмонан саломатлиги, соғлом ҳаёт кечириш даражаси заиф эканлигини кўрсатди.

COVID-19 коронавирус инфекцияси аввало юрак-қон томир ва нафас олиш йўллари ҳамда семизлик (ортиқча вазн) касаллигига чалинган фуқароларимизнинг соғлиғига салбий таъсир кўрсатди. Натижада, бугунги пандемия орамиздан кўплаб фуқароларимизни бевақт дунёдан кўз юмишига сабаб бўлди.

Барчамиз бундан жиддий хулоса қилган ҳолда зарарли одатлардан воз кечиб, оммавий спорт билан доимий шуғулланиш, тўғри овқатланиш тамойилларига риоя қилиш, хусусан, таркибида туз, қанд ва ёғ миқдори кўп бўлган ҳамда хамирли таом ва ширинликларни, нон маҳсулотларини меъёридан ортиқ истеъмол қилмасликни, бир сўз билан айтганда, соғлом турмуш тарзини кундалик ҳаётимизга айлантиришимиз зарур эканлигини бугунги даврнинг ўзи тақозо этмоқда.

Жисмоний тарбия ва оммавий спорт билан мунтазам шуғулланиш ҳамда соғлом турмуш тарзи бўйича ҳаётий кўникмаларни шакллантириш орқали ҳар бир фуқарода касалликка қарши кучли иммун тизими пайдо бўлишини таъминлаш, зарарли одатлардан воз кечиш, тўғри овқатланиш тамойилларига амал қилиш, тиклаш ва реабилитация ишлари ҳамда оммавий жисмоний фаоллик тадбирларини тизимли ва самарали ташкил қилиш, бу борада тегишли инфратузилма ва бошқа зарур шарт-шароитларни яратиш мақсадида:

1. Қуйидагилар Соғлом турмуш тарзини ҳаётга кенг татбиқ этиш ва оммавий спортни янада ривожлантиришнинг асосий йўналишлари этиб белгилансин:

ҳар бир оила, маҳалла ва туман (шаҳар)да, мактабгача, умумий ўрта, ўрта махсус, профессионал ва олий таълим муассасаларида ҳамда бошқа ташкилотларда жисмоний тарбия ва оммавий спорт билан шуғулланишга шарт-шароитлар яратиш;

оммавий спортни ривожлантириш бўйича оилалар, синфлар, меҳнат жамоалари ва ҳудудлар ўртасида спорт мусобақаларини мунтазам равишда ўтказиш;

аҳоли турли гуруҳларининг соғлом овқатланишга бўлган эҳтиёжларини қондиришни таъминлайдиган шарт-шароитлар яратиш, таркибида туз, қанд ва ёғ миқдори кўп бўлган ҳамда хамирли таом ва ширинликларни, нон маҳсулотларини истеъмол қилишни қисқартириш, зарарли одатлардан, хусусан, алкоголь ва тамаки маҳсулотларини истеъмол қилишдан воз кечиш йўли билан касалликка чалиниш, ортиқча вазн ҳолатлари (семизлик) ва бевақт вафот этишни камайтириш;

аҳоли ўртасида соғлом овқатланиш маданиятини кенг тарғиб қилиш, шу жумладан, тартибсиз ва кечки уйқу олдидан овқатланиш одатларидан воз кечиш;

санитария-гигиена қоидаларига риоя этилишини оилалар, маҳаллалар, мактабгача таълим ва умумтаълим муассасалари даражасида соғлом турмуш тарзининг ажралмас қисми сифатида тарғиб қилиш;

мактабгача таълим, умумтаълим, ўрта махсус, профессионал ва олий таълим муассасаларида, корхона, ташкилот ва бошқа турдаги барча муассасаларда жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланиш учун замонавий моддий-техника базасини шакллантириш.

2. Республикада аҳоли ўртасида оммавий спортни ривожлантириш ва соғлом турмуш тарзини тарғиб қилишда – юриш, югуриш, мини-футбол, велоспорт, бадминтон, стритбол, “Workоut” (маҳалла ва кўча фитнеси) спортнинг устувор турлари этиб белгилансин.

3. Белгилаб қўйилсинки:

юриш, югуриш, мини-футбол, велоспорт, бадминтон, стритбол ва “Workоut” спорт турларини оммавийлаштириш ва ривожлантириш дастурларини амалга ошириш учун Давлат бюджетидан 2021 йилдан бошлаб дастурлар тўлиқ бажарилгунга қадар ҳар йили 104 миллиард сўмдан;

жисмоний имконияти чекланган ва ногиронлиги бўлган шахсларни жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланишга жалб қилишга қаратилган дастурларни молиялаштириш учун Давлат бюджетидан 2021 йилдан бошлаб дастурлар тўлиқ бажарилгунга қадар ҳар йили 10 миллиард сўмдан маблағлар ажратилади.

4. Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Адлия вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Молия вазирлигининг аҳолини кунлик юриш ва югуришга тарғиб қилиш мақсадида “Соғлом турмуш тарзи” (www.1hls.uz) платформасини яратиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин. Бунда:

Ўзбекистон ҳудудида бир сутка давомида ўн минг ва ундан ортиқ қадам юрган 18 ва ундан юқори ёшдаги Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг платформадаги электрон ҳамёнига 3 минг сўмдан;

ҳар ойда ҳар бир туман (шаҳар) бўйича энг кўп юрган шахсга 300 минг сўмдан, ҳар бир ҳудуд бўйича энг кўп юрган шахсга 500 минг сўм, республика бўйича энг кўп юрган шахсга 1 миллион сўм қўшимча равишда платформадаги электрон ҳамёнига ўтказилади.

Белгилансинки:

“Соғлом турмуш тарзи” платформасини ишлаб чиқиш ва унга хизмат кўрсатиш ва кейинчалик модернизациялаш бўйича буюртмачининг функциялари Жисмоний тарбия ва спорт вазирлигига юклатилади;

“Соғлом турмуш тарзи” платформаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги томонидан IT-парк дирекцияси резидентлари билан биргаликда 2021 йил 1 мартга қадар Ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан ишлаб чиқилади ва доимий равишда техник қўллаб-қувватланади.

5. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари Қурилиш вазирлиги билан биргаликда 2020 йил 15 ноябрга қадар  ҳар бир туман маркази ва шаҳарларда пиёда ва велосипедда юриш учун 

“Саломатлик йўлаклари”ни ташкил этиш бўйича тегишли лойиҳаларни ишлаб чиқиб, кенг жамоатчилик муҳокамасига жойлаштирсин, 2021 йил 1 январдан бошлаб қурилиш ишларини бошласин ва 2021 йил 1 майга қадар тугатсин.

Бунда, қуйидагилар назарда тутилсин:

пиёдалар ва велосипед йўлакларининг умумий узунлиги 3-5 километрни ташкил этиши ҳамда ўзаро узвий боғлиқ бўлиши;

замонавий, энерготежамкор (ҳаракат сенсорлари билан жиҳозланган) ёритиш тизимлари ва ёруғлик қайтарувчи, йўлакларнинг бошланиши, оралиғи ва якунини кўрсатувчи йўл белгилари билан тўлиқ таъминланиши;

пиёдалар ва велосипед йўлакларини барпо этишда алоҳида ҳаракатланиш имкониятлари яратилиши ҳамда ногиронлиги бўлган шахслар учун “тўсиқсиз муҳит” ташкил этилиши.

Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги Молия вазирлиги билан биргаликда 2021 йил учун инвестиция дастури доирасида марказлашган капитал қўйилмалар ҳисобидан марказий кўчаларни модернизация қилиш учун жами 1,4 триллион сўм маблағлар ажратилишини таъминласин.

6. Тошкент шаҳар ҳокимлиги 2021 йил давомида босқичма-босқич барча туманларда аҳоли учун қулай бўлган кўчаларда умумий узунлиги 50 километр бўлган пиёда ва велосипедда юриш учун “Саломатлик йўлаклари”ни ташкил этсин.

Мазкур мақсадлар учун Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси Тошкент шаҳар ҳокимлигига 2023-2024 йилларда қайтариш шарти билан 20 миллион АҚШ доллари миқдорида фоизсиз ссуда ажратсин.

Ушбу тажрибадан келиб чиқиб, 2022 йилдан бошлаб Нукус, Бухоро, Нурафшон, Самарқанд, Термиз, Хива, Шаҳрисабз ва Қўқон шаҳарларида ҳамда 2023 йилдан бошлаб республиканинг барча йирик шаҳарларида пиёда ва велосипедда юриш учун “Саломатлик йўлаклари” ташкил этилиши таъминлансин.

7. Вазирлар Маҳкамаси 2021 йил 1 июнга қадар юриш, югуриш, мини-футбол, велоспорт, бадминтон, стритбол ва “Workоut” спорт турларини ҳамда паралимпия ҳаракатини ривожлантириш, жисмоний имконияти чекланган ва ногиронлиги бўлган шахсларни жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланишга жалб қилиш, “Соғлом аёл – буюк келажак” ғоясини ўзида мужассам этган хотин-қизлар ўртасида соғлом турмуш тарзини мустаҳкамлаш, уларни жисмоний тарбия ва спорт билан оммавий тарзда шуғулланишга жалб қилишга қаратилган чора-тадбирлар дастурларини тасдиқлаш тўғрисида Ҳукумат қарорларини қабул қилсин.

8. Қурилиш вазирлиги 2021 йил 1 январга қадар Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда ҳудудларда янгидан барпо этилаётган кўп қаватли турар жойларни қуриш бўйича тасдиқланган амалдаги шаҳарсозлик нормаларига қуйидагиларни назарда тутувчи қўшимча ва ўзгартиришлар киритсин:

аҳоли сони ва уй-жойларнинг жойлашувини инобатга олган ҳолда, шунингдек, ташкилот ва идораларнинг тегишли ҳудудларида велосипед турар жойлари ва замонавий спорт (шу жумладан, Workout) майдончаларини ташкил этиш;

маҳаллалар, қишлоқлар, туманлар ва шаҳарларни боғловчи автомобиль йўллари, пиёда ҳамда велосипед юриши учун мўлжалланган “Саломатлик йўлаклари”ни қуриш;

автомобиль ҳаракати юқори бўлган ва катта йўл кесишмаларида аҳолига қулай ўтиш жойларини барпо этиш.

9. Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги:

ҳар чоракда ҳар бир туман (шаҳар)да “Соғлом турмуш тарзи ривожланган маҳалла” танловини ташкил этсин;

бир ой муддатда танловни ўтказиш тартиби ва баҳолаш мезонларини ишлаб чиқиб, тасдиқласин. Бунда, маҳалла аҳолиси доимий равишда жисмоний тарбия машғулотларига жалб этилиши, соғлом овқатланиш ва соғлом турмуш тарзига риоя этилиши, маҳаллада зарур спорт инфратузилмаси мавжудлиги, ўтказилган мусобақалар сони, маҳалла аҳолисининг касалланиш даражаси пасайиб бориши кўрсаткичлари назарда тутилсин;

“Маҳалла” хайрия жамоат фонди маблағлари ҳисобидан танловда биринчи ўринни эгаллаган маҳаллага 10 миллион сўм, иккинчи ўрин учун 5 миллион сўм ва учинчи ўринга 3 миллион сўм миқдорида пул мукофоти билан рағбатлантирилишини таъминласин.

Белгилаб қўйилсинки, пул мукофоти маблағлари маҳалла фуқаролар йиғинларининг тижорат банкида очилган ҳисобрақамига ўтказилади ҳамда маҳаллада спорт майдончаларини ташкил этиш ва уларни жиҳозлаш, спорт тадбирларини ўтказиш мақсадларига истисно тариқасида тендер савдоларисиз йўналтирилади.

10. Бош вазир ўринбосарлари Ж.Қўчқоров ва А.Абдухакимов 2020 йил 1 ноябрга қадар Халқ таълими вазирлиги ҳамда Жисмоний тарбия ва спорт вазирлигининг таклифларига асосан 2021 йилда:

умумтаълим мактабларига 50 та спорт зали қурилиши учун 100 миллиард сўм;

спорт таълим муассасаларига 48 та спорт иншооти қурилиши учун 400 миллиард сўм ажратилишини таъминласин ва тармоқ жадвалларини тасдиқласин.

11. Халқ таълими вазирлиги, Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги 2021 йил 10 апрелга қадар 2022-2023 йилларга мўлжалланган умумтаълим мактабларини спорт заллари билан тўлиқ таъминлаш, ҳар бир туман(шаҳар)да моддий-техника базасига эга бўлган болалар ва ўсмирлар спорт мактабларини ҳамда бошқа жисмоний тарбия ва спорт муассасаларининг спорт иншоотларини қуриш ва жиҳозлаш дастурини ишлаб чиқсин ва Вазирлар Маҳкамасига киритсин.

Бунда, келгуси йилларда умумтаълим мактаблари спорт заллари, болалар-ўсмирлар спорт мактаблари ва спорт таълим муассасаларининг спорт иншоотларини қуриш параметрларини сезиларли ошириб борсин.

12. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ давлат органлари ва ташкилотларининг касаба уюшмалари ва иш берувчилар ўртасидаги жамоа шартномаларида:

иш куни давомида ишлаб чиқариш гимнастикаси машқлари;

технология, ишлаб чиқариш ва иш шароитларидан келиб чиқиб, ходимларга ишлаб чиқариш гимнастикаси машқларини бажариши учун иш вақтига киритиладиган махсус танаффуслар белгиланади.

13. 2021 йил 1 январдан барча давлат органлари ва ташкилотларида:

соғлом турмуш тарзи ва оммавий спортни ривожлантириш мақсадида меҳнат жамоаларида фаолият юритаётган ходимга “Спорт тарғиботчиси” қўшимча вазифасини юклаш ва унинг базавий лавозим маошига 20 фоиз миқдорида устама белгилаш йўлга қўйилсин;

иш вақтидан сўнг танланган кунларда (ҳафтада камида бир марта) раҳбар ва барча ходимларнинг жисмоний тарбия ва спорт машғулотлари (югуриш, стритбол, футбол, бадминтон, волейбол, баскетбол, стол тенниси, сузиш ва бошқалар) билан шуғулланиши таъминлансин;

ҳар шанба соат 14:00 дан кейин ходимлар ва уларнинг оила аъзолари ўртасида югуриш, стритбол, футбол, бадминтон, волейбол, баскетбол, стол тенниси, сузиш ва бошқа спорт турлари бўйича оммавий спорт мусобақалари ташкил этилсин. Бунда, мусобақалар байрамона руҳда, “шоу” кўринишида ўтказилишига, ғолиб ва совриндорлар муносиб рағбатлантирилишига алоҳида эътибор қаратилсин;

меҳнат жамоасининг соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш ва жисмоний фаоллиги даражасини ошириш учун барча зарур шароитларни яратишни (тренажёр зали, “Workоut” майдончаси, спорт майдончалари ва хоналари, спорт машғулотлари ва мусобақалари) молиялаштириш давлат органлари ва ташкилотларининг бюджетдан ташқари маблағлари ҳамда қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилсин;

биринчи раҳбарлар “Шахсий намуна” тамойили асосида ўзларининг антропометрик кўрсаткичларини (семизлик даражасини, вазн индексини камайтириш, саломатликни мустаҳкамлаш) яхшилаш орқали ходимларнинг антропометрик кўрсаткичлари яхшиланишига қаратилган чора-тадбирларни амалга оширсин;

веб-сайтлар, ижтимоий тармоқлар, оммавий ахборот воситалари (телевидение, радио, газета, Интернет тармоғи) орқали бу борада амалга оширилаётган ишлар, шунингдек, соғлом турмуш тарзига амал қилишнинг аҳамияти мунтазам равишда ёритиб борилишини таъминласин.

14. Бош вазир ўринбосари А.Абдухакимов Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги билан биргаликда 2021 йил 1 июлдан бошлаб:

вазирлик, идора, корхона, ташкилот, маҳаллий давлат ҳокимияти органларида фаолият олиб бораётган раҳбар ва ходимларнинг антропометрик кўрсаткичларини (семизлик даражасини, вазн индексини), бошқа ўткир касалликларни кескин камайтириш, саломатликни мустаҳкамлаш баҳолаш мезонларини ишлаб чиқиб, рейтинг асосида таҳлил қилиш ҳамда натижаларни онлайн кузатиб бориш тизимини;

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларининг тегишли ҳудудда оммавий спорт билан шуғулланувчилар сонининг ошишига, соғлом овқатланишига, хусусан, таркибида туз, қанд ва ёғ миқдори кўп бўлган ҳамда хамирли таом ва ширинликларни, нон маҳсулотларини истеъмол қилишни қисқартиришга, зарарли одатлардан, алкоголь ва тамаки маҳсулотларини истеъмол қилишдан воз кечиш йўли билан касалликка чалиниш, ортиқча вазн ҳолатлари (семизлик) ва бевақт вафот этиш кўрсаткичлари камайишига қараб ишига баҳо бериш бўйича рейтингини рақамлаштирилган дастур ёрдамида мониторинг қилиш тизимини жорий этсин ҳамда “Соғлом турмуш тарзи” платформаси билан интеграция қилинишини таъминласин.

15. Ўзбекистон Республикасининг Олий Мажлиси палаталарига Бош вазир ўринбосари А.Абдухакимов томонидан тақдим этилган рейтинг кўрсаткичлари асосида:

рейтинг кўрсаткичлари энг паст бўлган давлат органлари раҳбарларининг фаолиятини ҳар ярим йилликда танқидий муҳокама қилиш;

рейтинг кўрсаткичлари юқори бўлган давлат органлари раҳбарларини рағбатлантириш тизимини жорий этиш тавсия этилсин.

16. Халқ таълими вазирлиги Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги билан биргаликда:

икки ой муддатда умумтаълим, профессионал ва олий таълим муассасаларида дарслар оралиғида (катта танаффус вақтида) “Спорт дақиқаси” жисмоний машқлари, дарслар бошланишидан олдин 2 дақиқа нафас олиш машқларини ўтказишни амалиётга жорий этсин;

2021/2022 ўқув йилидан бошлаб ўқувчилар, талабаларнинг ёш тоифасига қараб уларнинг жисмоний кўрсаткичларини (югуриш, отиш, сакраш, тортилиш) баҳолаш мезонларини ишлаб чиқиб, “Кундалик” рейтинг дафтарига алоҳида саҳифада киритсин ҳамда ҳар чорак таҳлиллари ва натижалари акс эттирилишини таъминласин.

17. Бош вазир ўринбосари Б.Мусаев Халқ таълими вазирлиги, Молия вазирлиги билан биргаликда умумтаълим мактабларида 2021/2022 ўқув йилидан бошлаб умумий ўқув соатлари доирасида жисмоний тарбия фанини барча синфларда ҳафтада 2 соатдан ўқитишни ташкил этсин.

18. Соғлиқни сақлаш вазирлиги:

а) бир ой муддатда Тиббиёт ходимларининг касбий малакасини ривожлантириш маркази билан биргаликда қишлоқ врачлик пунктлари ва оилавий поликлиникаларнинг врач ва ўрта тиббий ходимларини диетология бўйича тайёрлаш, шу жумладан, амалий кўникмаларини шакллантириш бўйича қисқа муддатли курсларни ташкил қилсин;

б) 2021 йил 1 мартга қадар Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги билан биргаликда ортиқча вазнга эга бўлган шахслар учун ўртача кунлик овқатланиш меъёри ва рациони ҳамда жисмоний машқлар комплексини ишлаб чиқсин ва уни аҳоли орасида доимий тарғиб қилиб борсин;

в) қуйидагиларни:

мактабгача таълим ташкилотларининг тиббиёт ходимлари ҳамда туман (шаҳар) кўп тармоқли марказий поликлиникаларидан умумтаълим мактабларига бириктирилган тиббиёт ходимлари томонидан тарбияланувчилар ва ўқувчилар соғлиғи ва жисмоний камолоти доимий равишда назоратга олинишини, уларнинг санитария-гигиена қоидаларига риоя қилишини, бадантарбия машқлари ўтказишини ва мунтазам равишда спорт билан шуғулланишини, соғлом турмуш тарзи тарғиб қилинишини, даволаш-профилактика тадбирлари ўтказилишини, овқатланиш режими ва сифатига риоя этилишини;

мазкур Фармон талабларидан келиб чиқиб, таркибида туз, қанд ва ёғ миқдори меъёридан ортиқ бўлган ҳамда хамирли таом ва ширинликлар, нон маҳсулотлари истеъмолини камайтириш бўйича оилалар ўртасида тарғибот ишларини олиб боришни;

2021 йил 1 мартга қадар тиббиёт ходимлари томонидан болаларнинг соғлиғини инобатга олган ҳолда, жисмоний тарбия билан шуғулланиши устидан назорат ўрнатилишини ва болаларнинг саломатлиги асосида тиббий-соғломлаштириш гуруҳларига ажратилишини ҳамда шунга қараб жисмоний чиниқтириш миқдори белгиланишини таъминласин;

г) Мактабгача таълим вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги ва Инновацион ривожланиш вазирлиги билан биргаликда уч ой муддатда болаларнинг жисмоний ривожланишини баҳолаш учун рақамлаштирилган дастур ёрдамида мониторинг қилиш тизимини ишлаб чиқсин.

19. Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда 2025 йилга қадар ҳудудий ва тегишли тармоқ дастурлари доирасида таълим муассасаларини, хусусан, мактабгача таълим, умумтаълим ва спорт муассасаларини тоза ичимлик суви билан таъминлаш чораларини кўрсин.

20. Молия вазирлиги:

Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги томонидан Мактабгача таълим вазирлиги ва Халқ таълими вазирлиги билан биргаликда тасдиқланган рўйхат асосида мактабгача ва умумтаълим муассасаларини бирламчи спорт жиҳозлари ва анжомлари билан таъминлаш харажатлари учун Давлат бюджети параметрларини шакллантиришда зарур маблағларни назарда тутсин, бунда ушбу мақсадлар учун 2021 йилда ҳар бир давлат мактабгача таълим ташкилотига 2 миллион сўмдан, умумтаълим муассасасига 5 миллион сўмдан ажратсин;

2021 йил 1 январга қадар аҳоли саломатлиги учун зарарли бўлган маҳсулотлар ишлаб чиқарувчиларга махсус йиғим жорий этиш ва ушбу тушумларнинг бир қисмини “Соғлом турмуш тарзи” платформасини сақлаш харажатларини ҳамда мазкур Фармоннинг 4-бандида назарда тутилган тўловларни молиялаштиришга йўналтириш бўйича таклифларни Вазирлар Маҳкамасига киритсин;

жисмоний тарбия ва спорт муассасаларида марказлашган тартибда рақамли технологияларни жорий этиш, шунингдек, барча тизим ташкилотларига ягона электрон дастурий таъминотни яратиш бўйича техник талабларни ишлаб чиқиш учун маблағ ажратсин.

21. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ 2021 йилдан бошлаб Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги томонидан “Соғлом турмуш тарзи” платформасида рўйхатдан ўтган ва ундан фойдаланган жисмоний шахслар сонига ҳамда уларнинг спорт натижаларига қараб вазирлик ва идоралар, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари раҳбарларининг ҳар чорак якуни бўйича рейтинги тузилади ва улар фаолиятига Вазирлар Маҳкамаси томонидан баҳо берилади.

22. Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги ҳудудларда хусусий тадбиркорлар томонидан барпо этилган спорт иншоотлари базасида давлат-хусусий шериклик шартлари асосида спорт муассасалари фаолиятини йўлга қўйиш ёки давлат спорт муассасалари фаолияти турини ўзгартирмаслик шарти билан уларни хусусийлаштириш бўйича дастур ишлаб чиқиб, 2021 йил 1 мартга қадар Вазирлар Маҳкамасига киритсин.

Бунда, талаб юқори бўлган спорт турини танлаб олиб, мазкур йўналишдаги муассасаларни Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан ташкил этиш, сақлаш ва молиялаштиришни босқичма-босқич қисқартириш, давлат спорт муассасаларининг бўш ер майдонларида спорт майдончалари ва иншоотлари, меҳмонхоналар, спорт кийимлари ва жиҳозларини сотишга мўлжалланган дўконлар, соғлом овқатланиш ва хизмат кўрсатиш шохобчалари, фитобарлар, фитнес марказлари учун бинолар қурилишига рухсат берилишини назарда тутсин.

23. Инновацион ривожланиш вазирлиги 2021 йилдан бошлаб ҳар йили:

жисмоний тарбия ва спорт соҳасидаги фундаментал, амалий ва инновацион лойиҳалар учун 10 миллиард сўмдан кам бўлмаган миқдорда грант маблағлари;

жисмоний тарбия ва спорт соҳасида илмий салоҳиятга эга бўлган кадрлар улушини ошириш мақсадида Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги тизимидаги олий таълим муассасаларига таянч докторантура ва докторантура учун камида 10 та ўрин ажратилишини таъминласин.

24. Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги Фанлар академияси ва Ўзбекистон Полвонлар миллий маркази билан биргаликда 2021 йил 1 сентябрга қадар республика ҳудудларида экспедиция ташкил қилган ҳолда миллий спорт турлари ҳамда халқ ўйинлари тарихини ўрганиш асосида “Ўзбекистон Республикаси миллий спорт турлари ва халқ ўйинлари энциклопедияси”ни тайёрласин ва чоп этсин.

Белгилансинки, “Ўзбекистон Республикаси миллий спорт турлари ва халқ ўйинлари энциклопедияси”ни тайёрлаш ва чоп этиш билан боғлиқ харажатлар Вазирлар Маҳкамасининг захира жамғармаси маблағлари ҳисобидан қопланади.

25. Вазирлар Маҳкамаси уч ой муддатда туз, қанд ва ёғ миқдори меъёридан ортиқ бўлган озиқ-овқат маҳсулотларининг рекламасига қуйидаги чекловлар ўрнатишни назарда тутувчи қонун лойиҳасини ишлаб чиқсин:

таълим, соғлиқни сақлаш ва спорт муассасалари ҳудудида ҳамда жамоат транспортида реклама қилиш;

болалар, анимацион персонажлар ва болалар кўрсатувлари қаҳрамонлари иштирокида реклама қилиш;

оммавий ахборот воситаларида болалар учун мўлжалланган кўрсатувлардан 30 дақиқа олдин ва кейин намойиш қилиш.

26. Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясига Ўзбекистон электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси, Мактабгача таълим вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги, Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги билан биргаликда:

а) мунтазам равишда:

ёшлар, хусусан, боғча ёшидаги болаларда жисмоний тарбия ва спорт тушунчасини пайдо қилиш ва уларни қизиқтириш мақсадида “Болаликдан спортга”, “Тонгги гимнастика”, умумтаълим мактабларида “Биз билан бажар, биздек бажар, биздан яхшироқ бажар!”, “Қувноқ стартлар” синфлараро, “Катта ёшдагилар учун аэробика”, “Бошланғич йога машғулотлари”, “Ортиқча вазндан воз кеч!” каби спорт машғулотларини ҳамда оилалар ўртасида ўтказиладиган “Отам, онам ва мен – спортчилар оиласи!” телевизион спорт мусобақаларини телеканалларда намойиш этиш;

барча телеканаллар, шу жумладан, хусусий телеканаллар эфирида ҳар куни уч марта (соат 7:00, 12:00 ва 17:00 да) нуфузли спорт мусобақалари ғолиб ва совриндорлари иштирокидаги 5 дақиқадан иборат оммавий бадантарбия машғулотларини узатиш;

аёллар ва кексалар учун соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш бўйича “Соғлом турмуш тарзи” кўрсатувларини намойиш этиш;

б) 2021 йил 1 январдан бошлаб “Спорт” телеканалида:

давлат органлари ва ташкилотлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари раҳбарлари ва ходимларининг жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланиши, ходимлар ва уларнинг оила аъзолари ўртасидаги оммавий спорт мусобақаларини, шунингдек, мазкур Фармон доирасида ўтказилаётган спорт мусобақаларини доимий равишда ёритиб бориш, аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш;

давлат органлари ва ташкилотлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан мазкур Фармон ижроси асосида олиб борилаётган ишлар, шунингдек, уларда фаолият олиб бораётган раҳбар ва ходимлар, аҳолининг антропометрик (семизлик даражасини, вазн индексини), бошқа ўткир касалликларни кескин камайтириш, саломатликни мустаҳкамлаш кўрсаткичлари рейтинги натижаларини ёритиб бориш;

в) мазкур Фармоннинг бажарилиши устидан жамоатчилик назоратини кучайтириш мақсадида барча давлат ва хусусий телеканаллар, ижтимоий тармоқларда ҳамда блогерлар иштирокида танқидий муҳокамалар ташкил қилиш ва ёритиш тавсия этилсин.

27. Соғлом турмуш тарзини ҳаётга кенг татбиқ этиш ва оммавий спортни янада ривожлантириш бўйича “Йўл харитаси” 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

28. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар, туман, шаҳар ҳокимликлари, давлат органлари ва ташкилотлари:

ҳар йили 1 декабрга қадар кейинги йил учун йил давомида ўтказиладиган ҳафталик мусобақаларни ўтказиш календарь режасини тасдиқласин;

йиллик харажатлар сметасини шакллантиришда мазкур мақсадлар учун маблағлар ажратилишини назарда тутсин.

29. Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, Андижон ва Самарқанд вилоятлари ҳокимликларининг Андижон шаҳридаги марказий стадион номини “Bobur Arena”, Самарқанд шаҳридаги марказий стадион номини “Afrosiyоb Arena” деб номлаш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги билан биргаликда икки ой муддатда аҳоли орасида сўров ўтказиш орқали ҳудудлардаги йирик спорт иншоотларига улар жойлашган ҳудуд хусусиятидан келиб чиқиб, шунингдек, Ўзбекистон тарихи ва спортида ном қолдирган тарихий шахсларнинг номлари берилишини ташкил этсин.

30. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенатининг барча қўмиталар, депутатлар, сенаторлар, сиёсий партиялар фракциялари ўртасида “Парламент ўйинлари” спорт мусобақаларини жорий этиш тўғрисидаги таклифи қўллаб-қувватлансин.

31. Вазирлар Маҳкамаси бир ҳафта муддатда соғлом турмуш тарзи ва оммавий спортни янада ривожлантиришга доир Ҳукумат қарорини тасдиқласин.

32. Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим ҳужжатларига 2-иловага мувофиқ ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин.

33. Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда уч ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу Фармондан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.

34. Мазкур Фармоннинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси А.А.Абдувахитов ва Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А.А.Абдухакимов зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикаси

Президенти                                          Ш.МИРЗИЁЕВ

Тошкент шаҳри,

2020 йил 30 октябрь

Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Соғлом турмуш тарзини кенг татбиқ этиш ва оммавий спортни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида