Машҳур «Шум бола» кинофильмидаги Ҳожи бобо ўзининг муридларига шум болани: «Новвойхонадан топиб олдим, ота-онаси йўқ, етим экан, қўл оёғи чаққон, хизматларингизни қилиб юрар», деб таништирганди.
Шум боланинг кейинги саргузаштлари барчамизга маълум.
Мақоламиз «қаҳрамони» Сарвар ҳам кинофильмдаги шум боладек. Хадича опани Сарварга раҳми келиб, ишлаб пул топар, қорни тўяр, хизматимизни қилиб юрар, деган яхши ниятда новвойхонасидан жой берганди. Афсуски, новвойхонага келганига бир ҳафта ҳам бўлиб улгурмасдан Сарвар ўғирликка йўл урди.
У Хадича опанинг ўғли Акбархон билан новвойчилик қилиб, унинг ишдан сўнг уни ухлаб қолганлигидан фойдаланиб, новвойхона омборхонасидаги Акбархоннинг 2.500.000 сўмлик “Samsung Galaxy А-20 S” русумли ва Хадича опанинг 600.000 сўмлик “Samsung J-2” русумли телефон аппаратларини ўғирлаб олиб, новвойхонадан чиқиб кетади.
Сарвар ушбу телефон аппаратларини ўзига тегишли эканини айтиб, Ғолибга 1.000.000 сўмга сотиб, пулларни ўзининг эҳтиёжлари учун ишлатиб юборади.
Суд Сарварга жазо тайинлашда, ғаразли ниятда жиноят содир этганлигини жазони оғирлаштирувчи ҳолат деб топиб, оилавий шароитини, қилмишидан чин кўнгилдан пушаймонлигини, жабрланувчининг унга нисбатан даъвоси йўқлигини инобатга олган ҳолда озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлаб, муқаддам тайинланган жазонинг шартлилигини бекор қилиб, жазоларни қисман қўшиш йўли билан узил-кесил ўташ учун 5 йил 3 ой озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлади. Тайинланган жазо қаттиқ тартибли колонияларда ўталиши лозим топилди.
Сарвар 16 ёшидаёқ ўғирлик жиноятига қўл урган эди. Суд ўшанда унинг вояга етмаганлигини инобатга олиб, шартли жазо тайинлаган. Шундан сўнг ҳам Сарвар ўзига хулоса чиқармай, икки марта талончилик жинояти содир этиб, озодликдан маҳрум қилиш жазосини ўтаб чиққан.
Шу ўринда таниқли маърифатпарвар Абдулла Авлонийнинг «Тарбия биз учун ё ҳаёт - ё мамот, ё нажот - ё ҳалокат, ё саодат - ё фалокат масаласидир» деган чуқур маъноли сўзлари нақадар ҳақиқат эканини, ушбу сўзларни кўп бора мушоҳада қилишимиз лозимлигини яхши англаймиз.
Агарда ўзганинг ҳақидан қўрқиш деган тушунча болалигидан, оилада шаклланганида, Сарвар бундай жиноятга қўл урмаган, ёшлиги панжара ортида ўтмаган бўларди.
Э.Ҳакимов,
Жиноят ишлари бўйича
Қўқон шаҳар судининг судьяси