Ватанимиз истиқлоли, халқимизнинг озодлиги ва эркинлиги, келажак авлодларнинг тинч ва фаровон ҳаётини таъминлаш йўлида мардона кураш олиб бориб азиз жонларини фидо қилган, мустабид тузум даврида қатағон қилинган аждодларимиз хотирасини абадийлаштириш, уларнинг фаолияти ва меросини ўрганиш ҳамда тарғиб этиш борасида бир қатор ишлар амалга оширилмоқда.
Ҳурматли ватандошлар!
Жумладан, ўтган даврда ушбу йўналишда муҳим фармон ва қарорлар қабул қилинди. Юртимизда 2001 йилдан буён ҳар йили 31 август – “Қатағон қурбонларини ёд этиш куни” сифатида кенг нишонлаб келинмоқда. “Шаҳидлар хотираси” ёдгорлик мажмуаси барпо этилди. “Шаҳидлар хотираси” жамоат фонди, Қатағон қурбонлари хотираси давлат музейи ҳамда ҳудудлардаги олий таълим муассасалари қошида унинг бўлимлари ташкил этилди.
Маҳмудхўжа Беҳбудий, Абдулла Авлоний, Исҳоқхон Ибрат, Абдурауф Фитрат, Абдулҳамид Чўлпон, Абдулла Қодирий каби улуғ маърифатпарвар аждодларимиз хотирасига бағишланган муҳташам ҳайкаллар, музейлар бунёд этилди, ижод мактаблари фаолияти йўлга қўйилди. Сиёсий қатағон йилларида ноҳақ қурбон бўлган юртдошларимизнинг номларини аниқлаш, уларнинг қолдирган меросини ўрганиш ва кенг жамоатчиликка етказишга қаратилган илмий-тадқиқот ишлари, бадиий ва ҳужжатли асарлар яратилмоқда.
Дунёда глобал хавф-хатарлар кучайиб бораётган ҳамда миллий ўзликни англаш ва ҳақиқий тарихимизни тиклаш ҳар қачонгидан ҳам муҳим аҳамият касб этаётган бугунги даврда мустабид тузум томонидан шафқатсиз қатағон қилинган давлат ва жамоат арбоблари, илм-фан, маданият ва санъат, адабиёт намояндаларининг, оддий касб эгаси бўлган минглаб юртдошларимизнинг номлари ва хотираларини абадийлаштириш, уларнинг жасорати ва матонати мисолида ёш авлодимизни Ватанимиз ва халқимизга муҳаббат ва садоқат руҳида тарбиялаш долзарб вазифа бўлиб қолмоқда.
Бу борадаги тарихий маълумотларни холис ва ҳаққоний ўрганиш мамлакатимиз мустақиллиги қандай оғир ва машаққатли курашлар билан қўлга киритилганини, бугунги эркин, озод ва обод ҳаётимизни асраб-авайлаб, қадрлаб яшаш кераклигини янада чуқур англашга хизмат қилади.
Кўп миллатли халқимизнинг фидойи фарзандлари, маърифатпарвар аждодларимиз ҳаёти ва фаолияти билан боғлиқ ҳақиқатни тўла юзага чиқариш, уларга нисбатан тарихий адолатни тиклаш, бу борадаги ишларнинг кўлами ва самарасини ошириш мақсадида Давлатимиз раҳбари яна бир хайрли ва савобли ишга қўл урдилар.
Президентимизнинг Фармойиши билан мустамлакачилик даврида қатағон қилинган фидойи кишилар хотирасини абадийлаштириш, уларнинг ҳаёти ва фаолиятини, илмий-ижодий меросини чуқур ўрганиш бўйича Республика ишчи гуруҳи тузилди.
Фармойишда Ишчи гуруҳ ўз фаолиятини кенг жамоатчилик ва мутахассислар фикр-мулоҳазаларини инобатга олган ҳолда ташкил этиши лозимлиги алоҳида уқтирилган.
Мана шу масъулиятли вазифадан келиб чиқиб, азиз юртдошлар, сизларга мурожаат қиламиз:
– оилангизда, маҳаллангизда, қишлоқ ёхуд туманингизда, шаҳрингизда яшаган, қатағон қурбони бўлган кишилар ҳаёти ва фаолиятига дахлдор ҳужжатлар, улар билан боғлиқ буюмлар, яқин кишиларингиздан эшитган хотираларингиз бўлса,
– фуқаролар уруши, коллективлаштириш даври, шахсга сиғиниш йиллари ўз она юртидан қувғин қилинган, яқин ва узоқ хорижда яшашга маҳкум бўлган қариндош-уруғларингиз тўғрисида маълумотлар бўлса,
– “ўзбеклар иши”, “пахта иши” деган ноҳақ айбловлар жараёнида судланган, жабр кўрган ва қурбон бўлган яқинларингиз ҳақидаги материаллар бўлса,
барча тафсилотлари, ҳужжат намуналари, исми шарифи ва манзиллари аниқ ва холис ёритилган ҳолда мактуб ва бошқа жўнатмалар шаклида ёхуд шахсий мурожаат йўли билан Ишчи гуруҳ, “Шаҳидлар хотираси” жамоат фонди идораси, Қатағон қурбонлари хотираси давлат музейи ҳамда унинг ҳудудлардаги олий таълим муассасаларидаги бўлимларига йўллашингизни илтимос қиламиз.
Халқ ва Ватан ҳуррияти, мустақиллик ва адолат тантанаси йўлида азиз жонларини фидо қилган ҳар бир ватандошимизнинг исми шарифини тиклаш ва хотирасини абадийлаштиришдай масъулиятли ва савобли иш барчамизнинг сиёсий ва фуқаролик бурчимиздир.
Республика ишчи гуруҳининг манзили: 100011, Тошкент шаҳри, Шайхонтоҳур тумани, А.Навоий кўчаси, 69-уй, Қатағон қурбонлари хотираси давлат музейи.
Электрон манзил: info@muzey-xotira.uz.