2020 йил 20 ноябрь куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг тўққизинчи ялпи мажлиси бўлиб ўтди.

Видеоконференцалоқа тарзида ўтказилган ялпи мажлисда ҳукумат аъзолари, вазирлик ва идоралар раҳбарлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Ялпи мажлисни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Норбоева олиб борди.

Ушбу ялпи мажлис иши Сенатнинг расмий веб-сайти ва ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари ҳамда “Узрепорт” телеканали орқали тўғридан-тўғри жонли эфирда намойиш этилди.

Сенат аъзолари томонидан 17 та масала, шу жумладан, 6 та қонун муҳокама қилинди.

Дастлаб Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йилнинг тўққиз ойи давомида Ҳаракатлар стратегиясини “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили”да амалга оширишга оид давлат дастури бажарилишининг бориши тўғрисидаги ҳисоботи эшитилди.

Таъкидлаш жоизки, 163 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат ҳамда 121 та чора-тадбирлар дастури ва бошқа ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш назарда тутилган Давлат дастури ижросини таъминлаш ва доимий мониторинг қилиб бориш юзасидан Ҳукуматда яхлит тизим яратилган.

Кўрилган чоралар натижасида ҳисобот даврида хорижий инвестициялар ва кредитлар ҳисобидан 8,7 млрд. АҚШ доллари миқдорида маблағлар ўзлаштирилган.

Ижтимоий ва инфратузилма объектларини қуриш, реконструкция қилиш ва капитал таъмирлаш учун 2 трлн. 824 млрд. сўм, аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш учун 1 трлн. 211 млрд. сўм маблағ ажратилган.

Жорий йилнинг III чорагида бюджетга қарийб 36,3 трлн. сўмлик даромадлар тушган.

Шу кунгача Давлат дастури доирасида жами 111 та ҳужжат қабул қилинган. Хусусан, 2 та қонун, Олий Мажлис палаталарининг 5 та қарори, Президентнинг 18 та фармони ва 20 та қарори, Вазирлар Маҳкамасининг 21 та қарори ва фармойиши ҳамда 45 та чора-тадбирлар дастури қабул қилинган ва ўрнатилган тартибда ижроси назоратга олинган.

Мажлисда сенаторлар томонидан Давлат дастурида белгиланган вазифаларни ўз вақтида бажарилишини таъминлаш, айниқса, ижро муддати йил давомида белгиланган бандлар ижросига алоҳида эътибор қаратиш, дастурда белгиланган ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқишни жадаллаштириш лозимлиги таъкидланди. Бунда ҳар бир масъул ушбу дастур, аввало, одамларни рози қилиш ва мамлакатни ривожланган давлатлар қаторига олиб чиқишга қаратилганлиги нуқтаи назаридан ёндашишлари лозимлиги айтиб ўтилди.

Мазкур масала юзасидан Олий Мажлис Сенатининг тегишли қарори қабул қилинди.

Шундан сўнг “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг вазирлик, идоралар ҳамда маҳаллий ҳокимият органлари томонидан ижро этилиши тўғрисидаги масала кўриб чиқилди.

Таъкидланганидек, олиб борилган ўрганиш давомида амалга оширилган ишлар билан бирга тизимли хато ва камчиликлар мавжудлиги аниқланди.

Хусусан, қонунга биноан ҳокимият ва бошқарув органлари томонидан ўтказиладиган оммавий тадбирларни (мажлис, кенгаш, учрашув, матбуот анжумани, брифинг ва бошқалар) ташкил этиш ва ўтказиш ҳамда ОАВ вакилларини хабардор қилиш тартиби ишлаб чиқилмаган. Оқибатда ОАВ вакиллари оммавий тадбирлар ҳақида бехабар қолган бўлса, иккинчи томондан ҳокимият ва бошқарув органлари фақат ўзига яқин бўлган ОАВни хабардор қилиш ҳолатлари юзага келган.

Маҳаллий ҳокимликлар қабул қилаётган қарор лойиҳаларини муҳокама этишлари нафақат аҳоли ўртасида, балки ОАВ вакиллари ўртасида ҳам муҳокамаси ташкил этилмаган.

Жиззах вилоятининг Ғаллаорол, Наманган вилоятининг Чуст ва Наманган, Фарғона вилоятининг Фарғона ва Олтиариқ, Самарқанд вилоятининг Пастдарғом туманлари ҳокимликларининг веб-сайтларида “Фуқароларнинг мурожаатлари” бўйича рукн умуман ташкил этилмаган.

Ўрганилган ҳудудларда аҳолини қийнаётган мавжуд муаммолар бирор марта ҳокимият органларининг веб-сайтлари ва бошқа ахборот манбаларида ёритилмаган.

ОАВ юборган мурожаатларга ҳокимият ва бошқарув органлари томонидан ўз вақтида муносабат билдирилмаган. Хусусан, Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш (176 та), Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш (140 та), Соғлиқни сақлаш (132 та), Бандлик ва меҳнат муносабатлари (47 та), Олий ва ўрта махсус таълим (39 та) вазирликлари, Олий суд (59 та), “Ўзбекнефтгаз” (19 та), “Ўзавтосаноат” (15 та) акциядорлик жамиятлари, Тошкент шаҳар ҳокимлиги (325 та), Самарқанд (78 та), Тошкент (78 та) ва Хоразм (31 та) вилоятлари ҳокимликлари жами 1139 та мурожаатларга жавоб бермаган.

Қонунга кўра ҳокимият ва бошқарув органларининг расмий веб-сайтларида жойлаштирилган фаолиятга оид маълумотлар янгилаб борилмаган. Айрим рукнларга эса маълумотлар умуман жойлаштирилмаган.

5 та давлат органи ва ташкилотининг расмий веб-сайтлари мавжуд эмас.

Ўрганилган ҳокимият ва бошқарув органлари мутасаддилари томонидан ахборот тақдим этиш учун мансабдор шахс белгиланмаган, фаолият очиқлигини бузган мансабдор шахсларга нисбатан тегишли чоралар кўриш механизми жорий этилмаган.

Шунингдек, қонунга кўра ҳокимият ва бошқарув органларида очиқ ҳайъат йиғилишларида ҳозир бўлиш тартиби жорий қилинмаган. Оқибатда ОАВ вакилларининг очиқ ҳайъат йиғилишларидаги иштироки таъминланмаган.

Таҳлил қилинган 113 нафар матбуот котибидан 12 нафарининг (11%) иш натижалари юқори, 55 нафари (47%) ўрта даражада баҳоланган бўлса, 20 нафари (18%) қониқарли, 26 нафарининг (23%) фаолияти паст даражада деб топилган.

Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг расмий веб-сайтларида жойлаштирилган ахборот-маълумот материалларда имловий ҳамда грамматик хатолар сақланиб қолган.

Шунингдек, турли ижтимоий тармоқлар, гуруҳлар, каналлар ва интернет саҳифаларида муаммолар жисмоний шахслар томонидан турли миш-мишлар бўрттирилган ва асосланмаган тарзда тарқатилмоқда. Бу эса аҳоли ўртасида тушунмовчилик ва норозиликларнинг кескин ортиб кетишига сабаб бўлмоқда.

Айрим вазирлик, идоралар ва ҳокимликлар оммавий ахборот воситалари орқали мурожаатларга ўз вақтида муносабат билдирмай келмоқда. Танқидлар бўлмоқда, аммо уларга жавоб йўқ. Бундай ҳолатлар, афсуски, вазирликлар ва идораларнинг обрўсини туширишга олиб келиб, одамларда ислоҳотлар тақдирига ишончсизлик кайфиятини келтириб чиқариши мумкин.

Ўрганишлар натижасида аниқланган муаммо ва камчиликлар тизимли эканлигини ҳамда уларнинг ечими туб ўзгаришларни талаб қилишини кўрсатади.

Қайд этилган камчиликлар ва соҳада учраётган муаммоларни тизимли ўзгаришлар орқали ҳал этиш юзасидан Олий Мажлис Сенатининг тегишли қарори қабул қилинди.

Сўнгра “Геном бўйича давлат рўйхатига олиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни муҳокама марказида бўлди.

Таъкидлаш жоизки, ҳозирда содир этилаётган оғир ва ўта оғир турдаги жиноятлар тўлиқ фош этилиши ва жазо муқаррарлигини таъминлашни талаб этади. Бунда жиноятчилар томонидан ҳодиса жойларида ўз изларини қолдирмаслик мақсадида турли хил усуллардан фойдаланилмоқда.

Фош этилмаган жиноятлар эса ўз навбатида жиноятчиларга жазоланмаслик ҳиссини кучайтириб, келгуси жиноий фаолиятини давом эттиришга имкон бермоқда. Шу боис мазкур қонуннинг қабул қилиниши билан Геном ахбороти маълумотлар базаси ёрдамида жиноятларни очиш механизмининг жорий этилиши мураккаб ва ўта оғир ва очилмаган жиноятларнинг очилишига имкон яратади.

Мазкур қонун қабул қилинишининг аҳамиятли томони шундаки, ушбу соҳага замонавий усул ва технологияларни жорий этиш алоҳида аҳамият касб этади. Ўз навбатида, чет эл тажрибаси жиноятчилик билан курашишда Геном ахбороти маълумотлар базаси ёрдамида жиноятларни фош этиш муҳим аҳамият касб этиб, юқори самара бераётганлигини кўрсатмоқда.

Ҳозирги кунда жиноят содир этиш усуллари ҳам такомиллашиб бормоқда. Уларнинг асосий мақсади жиноят содир этилган жойда қолдириладиган изларни минималлаштиришдан иборат бўлиб, бу эса содир этилган жиноятларни очиш жараёнларини қийинлаштирмоқда. Геном ахбороти маълумотлар базаси ёрдамида жиноятларни очиш механизмининг жорий этилиши нисбатан мураккаб, ўта оғир ва очилмаган жиноятларни очишга имкон яратиш билан бирга қилмиш учун жазо муқаррарлигини таъминлайди. 

Геном ахборотининг ягона маълумотлар базаси яратилиши ўз навбатида бедарак йўқолган шахсларни топиш ва топилган мурдаларнинг шахсини аниқлашда уларнинг яқин қариндошлари билан идентификация қилиш имконини яратади.

Суд-тергов органларининг исботлов базасини мустаҳкамлайди, оғир ва ўта оғир жиноятларни, шунингдек, жинсий эркинликка қарши жиноятларни содир этганлик учун ҳукм қилинган шахсларнинг Геном ахбороти маълумотлар базасини юритиш орқали улар томонидан ушбу турдаги жиноятларни такроран содир этилишининг олдини олади.      

Шунингдек, қонун билан бир қатор янгиликлар киритилмоқда.

Хусусан, қонунда биологик материал, геном бўйича давлат рўйхатига олиш, геномга оид ахборот ва унга ишлов бериш, геномга оид ахборотнинг ягона маълумотлар базаси, одам ДНКсининг суд-биологик экспертизаси шахснинг биологик қариндошлари каби тушунчаларига аниқлик киритилмоқда. Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, қонунчиликка “Шахснинг биологик қариндошлари” деган янги тушунча ҳам кириб келди.

Геном бўйича давлат рўйхатига олиш доирасидаги ваколатли органларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари белгиланмоқда. Геномга оид ахборотларнинг ягона маълумотлар базасини юритишни амалга оширувчи ваколатли давлат органи – Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳисобланади. Геномга оид ахборот инсонга тегишли бўлган ўта нозик ва муҳим бўлган конфиденциал ахборот бўлгани боис унинг бут сақланиши ва махфийлигини таъминлайди.

Бундан ташқари, қонунга мувофиқ геном бўйича давлат рўйхатига олиш мажбурий ва ихтиёрий равишда амалга оширилади.

Мажбурий – оғир ва ўта оғир жиноятларни содир этишда гумон қилинувчи, айбланувчи сифатида жалб қилинган, оғир ва ўта оғир жиноятларни содир этганлик учун ҳукм қилинган шахслар, шунингдек, жинсий эркинликка қарши жиноятлар, ўн олти ёшга тўлмаган шахс билан жинсий алоқа қилиш ва ўн олти ёшга тўлмаган шахсга нисбатан уятсиз-бузуқ ҳаракатлар қилиш билан боғлиқ жиноятларни содир этганлик учун ҳукм қилинган шахслар.

Шунингдек, шахси аниқланмаган шахсларнинг терговга қадар текширув, суриштирув, дастлабки тергов ва суд жараёнида олинган биологик материаллари, таниб олинмаган мурдалар (тана қолдиқлар, қисмлари) ҳам мажбурий равишда амалга оширилади.

Ихтиёрий – геном бўйича давлат рўйхатига олиш Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг, чет эл фуқароларининг ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг ёзма аризаларига кўра пулли асосда амалга оширилади.

Бундан ташқари, бедарак йўқолган шахсларни қидиришга кўмаклашиш мақсадида уларнинг биологик қариндошлари бепул асосда геном бўйича ихтиёрий равишда давлат рўйхатига олишдан ўтиши мумкин. 

Қонун билан геномга оид ахборотни олиш, унга ишлов бериш ва уни муҳофаза қилишнинг асосий талаблари белгиланмоқда.

Шунингдек, геном бўйича давлат рўйхатига олинган ахборотдан:

- жиноятларнинг олдини олиш, уларни очиш ва тергов қилиш, шунингдек, уларни содир этган шахсларни фош этиш ва аниқлаш;

- бедарак йўқолган шахсларни қидириш;

- таниб олинмаган мурдаларнинг (тана қолдиқларининг, қисмларининг) шахсини аниқлаш;

- биологик қариндошликни аниқлаш мақсадида фойдаланилади.

Бу эса халқаро ҳуқуқ нормаларига тўла жавоб берадиган қонунийлик, инсонпарварлик, махфийлик принципларига амал қилинишини таъминлайди.

Яна бир жиҳат. Биологик материал ва геномга оид ахборотни сақлаш муддатлари  ва йўқ қилиб ташлашнинг тартиблари белгиланмоқда.

Агар шахс ўзининг барча биометрик маълумотлари қонунийлик асосида давлат рўйхатига олинганлигини ҳис этса ва ҳар қандай жиноий қилмиши фош этилишини олдиндан англаб етса, аксарият вазиятларда бу жиноят қилишдан қайтаради.

Мажлисда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан тезкор-қидирув фаолиятида қонунийлик асосида шакллантирилган фуқароларнинг биометрик маълумотлари ҳақидаги маълумотлар базаси мамлакатимизда фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, жамият ва давлат хавфсизлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этиши таъкидланди.

Сенаторлар томонидан “Геном бўйича давлат рўйхатига олиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни маъқулланди. Қонун 2023 йил 1 январдан эътиборан кучга киради.

Олий Мажлис Сенатининг тўққизинчи ялпи мажлисида  “Ўзбекистон Республикаси Касаба уюшмалари кунини белгилаш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни ҳам кўриб чиқилди.

Таъкидланганидек, касаба уюшмаси – фуқароларнинг ўз фаолияти ёки ўқиши тури бўйича умумий касбий манфаатлари билан боғлиқ бўлган, уларнинг меҳнатга оид, бошқа ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқ ва манфаатларини ифодалаш ҳамда ҳимоя қилиш мақсадида тузиладиган, ўз устави асосида фаолият кўрсатадиган ихтиёрий жамоат бирлашмасидир.

Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси таркибига кирувчи 14 та тармоқ касаба уюшмаси 32,5 мингдан зиёд бошланғич ташкилотларни бирлаштирган, аъзолар сони 5,5 миллионни ташкил этиб, улардан 2,5 миллиони аёллар ҳамда 2 миллиондан ортиғи 30 ёшгача бўлган ёшлардир.

Ўзбекистон Республикасининг “Касаба уюшмалари тўғрисида”ги  Қонун билан ушбу тузилмаларга қўшимча ҳуқуқлар берилган. Касаба уюшмалари ижтимоий-иқтисодий дастурларни тузишда қатнашиш, бандлик, меҳнат муҳофазаси масалаларида ўзларининг фикрларини давлат органларига тақдимнома шаклида киритиш каби ҳуқуқларга эга.

Янги қонун билан 11 ноябрь – Ўзбекистон Республикаси Касаба уюшмалари куни, деб белгиланиши халқимизнинг кўп миллионли вакилларини ўзида бирлаштирган тизим ходимларининг ҳамжиҳатлиги, бирдамлигини янада мустаҳкамлайди. 

Айни дамда республикамизда қонун билан тасдиқланган 25 та байрам белгиланган бўлиб, 9 таси дам олиш кунлари, 16 таси эса дам олмасдан нишонланадиган касб байрамларидир.

Бу каби байрамлар Австрия, АҚШ, Греция, Индонезия, Канада, Латвия, Сингапур, Франция, Хитой, Швейцария каби давлатларда, шунингдек, Қозоғистон, Қирғизистон каби МДҲ давлатларида нишонланиб келинмоқда.

Қонуннинг қабул қилиниши касаба уюшмалари ташкилотларини, энг аввало, маънавий қўллаб-қувватлаш, уларнинг янада самарали фаолият юритишни таъминлаш, ташкилот фидойи ходимларини рағбатлантиришга хизмат қилади. Бу эса меҳнаткашлар ҳуқуқлари ҳимоя қилиниши юзасидан жамоатчилик назорати таъсирчанлигини  оширишга замин яратади.

Мажлисда ушбу сана меҳнаткашлар ҳуқуқларининг ҳимоя қилинишига давлат миқёсида катта эътибор берилаётганининг яна бир ифодаси бўлиши алоҳида таъкидланди.

Сенат аъзолари мазкур қонунни маъқуллади.  

Шундан кейин “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган геолог” фахрий унвонини таъсис этиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни кўриб чиқилди.  

Ўзбекистонда қурилиш материаллари бўйича 867 та, ер ости сувларининг 649 та, углеводородлар (нефть, газ, конденсат)нинг 244 та, қимматбаҳо металлар (олтин, кумуш)нинг 97 та, рангли ва нодир металларнинг 12 та, радиоактив металларнинг 38 та, кон хомашёларининг 37 та, кон-кимёнинг 32 та, қимматбаҳо тошларнинг 30 та, кўмир ва нефть сланецининг 7 та, қора металларнинг 5 та ресурси қайд этилган.

Баъзи фойдали қазилмалар (олтин, уран, мис ва бошқалар) захиралари бўйича Ўзбекистон дунёнинг етакчи давлатлари қаторига киради. Нуфузли халқаро консалтинг компанияларидан бири — BCG ҳисоб-китобларига кўра, кейинги ўн йил ичида мамлакатнинг инвестициявий салоҳияти 65 миллиард АҚШ долларини ташкил этиши кутилмоқда.

“Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган геолог” фахрий унвонининг таъсис этилиши иқтисодиётимиз қудратини оширишга ҳар томонлама эътибор қаратилаётгани билан изоҳланади.

Ушбу фахрий унвон билан, жумладан, соҳада чуқур билимга эга кадрлар тайёрлашдаги муносиб хизматлари учун геология, геофизика, гидрогеология, топография-геодезия, ер ости бойликлари геологияси ва қидируви тармоғининг геологлари ва муҳандис-техник ходимлари ҳамда илмий-тадқиқот муассасаларининг тажрибали мутахассислари мукофотланади.

Мазкур қонун қабул қилиниши муносабати билан “Давлат мукофотлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига тегишли қўшимча ва ўзгартишлар ҳам киритилмоқда.

Сенат аъзолари томонидан ушбу қонун маъқулланди.

Сўнгра “Мулкдорлар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларининг кафолатлари янада кучайтирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни муҳокама қилинди.

Сўнгги йилларда хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқларининг Конституцияда кафолатланган дахлсизлигини таъминлаш борасида бир қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинмоқда.

Лекин айрим жойларда мазкур норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг амалда ижроси таъминланмаган. Буни мазкур йўналишда Сенатга келиб тушаётган мурожаатлар сонининг деярли икки баробарга кўпайганидан кўриш мумкин.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси маъмурий судлари томонидан маҳаллий ҳокимликларнинг қарорларини ҳақиқий эмас деб топишга доир
2019 йилда жами 3 мингга яқин ишлар кўрилган бўлиб, уларнинг 42 фоизи қаноатлантирилган.

Шу боис, мазкур қонун билан “Давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш тўғрисида”ги, “Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги, “Хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунларига ҳамда Ер кодексига ўзгартишлар киритилмоқда.

Бундан кўзланган мақсад, биринчи навбатда, ер участкасини ёки унинг бир қисмини давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун ҳокимлар томонидан олиб қўйилишига тақиқ белгилашдир.

Ўз ўрнида, киритилаётган нормага асосан, ер участкасини ёки унинг бир қисмини давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш ер эгасининг розилиги бўлган тақдирда ёки ердан фойдаланувчи ва ижарачи билан келишилган ҳолда тегишинча халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашлари қарорига ёки Вазирлар Маҳкамасининг қарорига биноан амалга оширилади.

Қолаверса, амалдаги қоидалардан фарқли ўлароқ, энди ер участкасига ёки унинг бир қисмига эгалик қилиш ҳуқуқи ёхуд ундан фойдаланиш ҳуқуқи, шунингдек, ер участкасини ижарага олиш ҳуқуқини бекор қилиш аксарият ҳолатларда суд томонидан амалга оширилади. Бундай ҳолатлар этиб қонунда ер участкасидан белгиланганидан бошқа мақсадларда фойдаланиш, ер участкасидан оқилона фойдаланилмаслик, қонун ҳужжатларида белгиланган муддатларда ер солиғини мунтазам тўламаслик кабилар белгиланмоқда.

Ўз ўрнида, туман, шаҳар, вилоят ҳокимларининг қарори ёки Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан ер участкасига эгалик қилиш ҳуқуқи ёхуд ундан фойдаланиш ҳуқуқини фақат тўрт ҳолатда тугатиш амалга оширилиши мумкин. Яъни ер участкасидан ихтиёрий воз кечилганда, ер участкаси берилган муддат тугаганда, юридик шахс тугатилганда, хизматда фойдаланиш учун ер беришга асос бўлган меҳнатга оид муносабатлар бекор бўлганда.

Бундан ташқари, қонунда корхона ва ташкилотларни давлат тасарруфидан чиқариш ҳамда мол-мулкни хусусийлаштириш натижаларининг қайта кўриб чиқилиши ва бекор қилинишига йўл қўйилмаслигини назарда тутувчи ўзгартиш киритилиши белгиланмоқда.

Мазкур қонуннинг ҳаётга татбиқ этилиши натижасида мулкдорлар ҳуқуқлари, уларни ўз мулкига бўлган мулк ҳуқуқидан асоссиз равишда маҳрум этишдан ҳимоя қилиш кафолати мустаҳкамланади. Қолаверса, ер участкалари олиб қўйилиши муносабати билан мулкдорларга етказилган зарарларининг ўрни, шу жумладан, давлат томонидан тўлиқ қопланади.

Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

Шундан кейин “Коронавирус пандемияси ва глобал инқироз ҳолатларининг иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш бўйича чора-тадбирлар қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни муҳокама қилинди.

Мазкур қонун билан “2020 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида”ги қонунга ҳамда Солиқ кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда.

Ўзгартириш билан нарх-наво ошиб кетишининг олдини олиш мақсадида жорий йилнинг якунига қадар айрим турдаги акциз солиғи ставкаларини ўзгаришсиз сақлаб туриш назарда тутилмоқда.

Қолаверса, қишлоқ хўжалиги ерларини суғориш ва балиқ етиштириш учун фойдаланилган сув ҳажмлари бўйича солиқ ставкаларининг белгиланган миқдордан 50 фоизга камайтирилиши ҳам белгиланмоқда.

Таъкидлаш жоизки, қонун билан алоҳида шароитларда, яъни коронавирус пандемияси шароитида солиқ мажбуриятларини бажариш белгиланади. 2020 йилда Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан солиқларни ва бўнак тўловларини тўлашни фоизсиз кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб тўлашни тақдим этиш, шунингдек, қўшимча вақтинчалик солиқ имтиёзларини бериш назарда тутилади.

Бундан ташқари, солиқлардан енгилликлар тақдим этиш бўйича маҳаллий давлат ҳокимияти органларига бериладиган ҳуқуқлар ҳам ўзгаришларда ўз аксини топмоқда.

Қонуннинг маъқулланиши иқтисодий ислоҳотлар барқарорлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этади.

Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

Сенатнинг тўққизинчи ялпи мажлисида “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун ҳам муҳокама марказида бўлди. 

Мазкур ҳужжат билан бир қатор қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда.

Жумладан, жойларга қаттиқ маиший чиқиндиларни ва қурилиш чиқиндиларини ташлаш, шунингдек, суюқ маиший чиқиндиларни тўкиш учун жавобгарликни кучайтириш орқали бундай ҳуқуқбузарликлар содир этилишининг олдини олиш, фуқароларнинг атроф табиий муҳитга эҳтиёткорона муносабатда бўлишини назарда тутувчи конституциявий бурчига қатъий риоя этилишини таъминлаш мақсадида Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга ўзгартишлар қайд этилмоқда.

Бугунги кунда амалиётда, кўплаб фуқаролар, шунингдек, мансабдор шахслар томонидан хонадонларда ёки ташкилотларда ҳосил бўлаётган маиший чиқиндиларни белгиланмаган жойларга, шу жумладан, автотранспорт воситалари ёрдамида чиқариб ташлаш ҳолатлари йилдан-йилга ортиб бораётганлиги ачинарли ҳол.

Бундан ташқари, сўнгги йилларда республикамизда турли соҳа ва тармоқларда, шунингдек, шахсий уй-жойларда қурилиш ва таъмирлаш ишларининг кўлами ниҳоятда кенгайганлиги муносабати билан мамлакат миқёсида катта миқдорда қурилиш чиқиндилари ҳосил бўлмоқда.

Шу муносабат билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексдаги белгиланмаган жойларга қаттиқ маиший чиқиндиларни ва қурилиш чиқиндиларини ташлаш, шунингдек, суюқ маиший чиқиндиларни тўкиш билан боғлиқ жарима миқдорларини ошириш, шу билан бирга, модданинг тегишли қисмига ҳуқуқбузарликни содир этиш қуроллари ва ашёларини мусодара қилиш белгиланмоқда.

Қонуннинг қабул қилиниши орқали фуқароларнинг экология ва атроф-муҳитни асраш борасидаги масъулиятини янада оширишга ҳамда мамлакатдаги экологик вазиятни яхшилашга эришилади.

Бундан ташқари, мазкур қонун билан “Архив иши тўғрисида”ги Қонунга ҳам ўзгартишлар киритилмоқда.

Хусусан, тугатилган ташкилотлар архив ҳужжатларини тегишли архивларга, шу жумладан, нодавлат архивларини ҳам истисно қилмаган ҳолда топшириш билан ўзгартирилмоқда.

Шу билан бирга, давлат архивлари биноларини архивлар тасарруфидан чиқариш нормаси қатъий белгилаб қўйилмоқда.

Сенаторлар таъкидлаганидек, ушбу қонуннинг ҳаётга татбиқ қилиниши жамиятимизнинг кўпгина соҳаларига ижобий таъсир қилади. Хусусан, мазкур қонун мактабгача таълим тизимини мувофиқлаштириш, жисмоний тарбия ва спорт соҳасида бошқарув тизимини янада такомиллаштириш, дарахтлар ва бошқа ўсимликларни ғайриқонуний нобуд қилинишининг олди олиниши, чиқиндиларни ташлашни тартибга солиш орқали фуқароларнинг атроф-муҳитни асраш борасидаги масъулиятини янада оширишга ҳамда экологик вазиятни яхшилаш, ер ости бойликлари билан ишлашни тизимлаштириш, ҳунармандчилик фаолиятини амалга оширишни янада соддалаштирилишида дастуриламал бўлади. Шунингдек, аҳолининг ишсиз қатламини иш билан таъминлаш, давлат ва нодавлат архивларида ҳужжатлар билан сифатли ишланиши, гиёҳвандлик билан боғлиқ бўлмаган саноат мақсадларида каннабис ўсимлигини етиштириш ва муомалада бўлиши соҳасининг ривожланишига хизмат қилади.

Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

Шундан сўнг мамлакатимиз махсус иқтисодий зоналарининг рақобатбардошлигини ошириш бўйича қабул қилинаётган чоралар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига парламент сўрови юбориш ҳақидаги масала кўриб чиқилди.

Муҳокамада ишлаб чиқаришни модернизация қилиш ва диверсификациялаш, иқтисодиётга тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ва инновацияларни жалб қилиш, инфратузилмани ривожлантириш ҳамда аҳоли бандлигини ошириш соҳасида Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан белгиланган вазифаларни амалга оширишда махсус иқтисодий зоналар муҳим ўрин тутиши таъкидланди.

Сўнгги тўрт йил ичида қонун ҳужжатларини такомиллаштириш ва қулай инвестиция муҳитини яратиш бўйича кўрилган муҳим чора-тадбирлар туфайли 13 та минтақада 21 та махсус иқтисодий зона ва 143 та кичик саноат зонаси фаолият кўрсатмоқда. Республикадаги махсус иқтисодий зоналарда умумий қиймати 2,91 млрд. АҚШ долларига тенг 368 та лойиҳа рўёбга чиқарилди, шундан 726,8 млн. АҚШ долларини тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ташкил этади. Ушбу лойиҳаларни амалга ошириш якунларига кўра, 29 351 мингта янги иш ўрни яратилди.

Бундан ташқари, мажлисда Марказий Осиёда ривожланишнинг ҳозирги босқичида миллий иқтисодиётга хорижий инвестициялар ва илғор технологияларни жалб қилиш бўйича рақобат кучаяётгани қайд этилди. Минтақадаги бешта давлатдан тўрттасида махсус иқтисодий зоналар очилиб, ҳозирда муваффақиятли фаолият кўрсатмоқда. Таҳлиллар ушбу махсус иқтисодий зоналар қатор геосиёсий, солиқ ва божхона устунликларига эга эканлигини кўрсатди.

Шу билан бирга, Сенатнинг Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитаси томонидан махсус иқтисодий зоналар фаолиятини ўрганиш пайтида аниқланган салбий фактлар Сенат аъзоларининг жиддий танқидлари ва хавотирларига сабаб бўлди.

Жумладан, мамлакатимиздаги махсус иқтисодий зоналар фаолиятини, юридик ва жисмоний шахсларнинг мурожаатларини таҳлил қилиш, инвесторлар ўртасида ўтказилган сўровнома асосида қўмита тезликда ҳал қилишни талаб қиладиган бир қатор муаммоли нуқта ва камчиликларни аниқлади.

Биринчи навбатда, бу норматив-ҳуқуқий ҳужжатлардаги қарама-қаршилик ва номувофиқликлар, шунингдек, уларнинг давлат органлари томонидан ўзбошимчалик билан талқин этилишидир. Махсус иқтисодий зоналарни ривожлантиришга доир узоқ муддатли стратегиянинг йўқлиги, ваколатли давлат органлари томонидан инвестиция аризаларини кўриб чиқиш жараёни чўзилиб кетиши, асоссиз бюрократик тўсиқлар ва маъмурий чекловларнинг мавжудлиги шулар жумласидан.

Муҳокама доирасида сенаторлар махсус иқтисодий зоналар ҳудудида ваколатли давлат органлари томонидан ҳозирги вақтга қадар муҳандислик-коммуникация инфратузилмаси (электр энергияси, газ, совуқ сув, канализация) ва ижтимоий инфратузилма сифати, хорижлик инвесторлар, ишчилар ва уларнинг оила аъзолари учун кўп марталик визалар олишнинг соддалаштирилган тартиби билан боғлиқ масалалар ҳал этилмаганлигини қайд этди.

Бундан ташқари, давлат раҳбари ташаббуси билан яратилган қулай шарт-шароитларга қарамай, махсус иқтисодий зоналар, афсуски, хорижий инвесторлар ва тадбиркорларни ўзига жалб этувчи марказларга айланмаганлиги, улар томонидан илғор технологиялар асосида инновацион лойиҳалар кутилган даражада амалга оширилмаганлиги танқид остига олинди.

Шу жиҳатдан мамлакатимиз махсус иқтисодий зоналарининг рақобатбардошлигини ошириш бўйича қабул қилинаётган чоралар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига парламент сўрови юбориш ҳақида Олий Мажлис Сенатининг қарори қабул қилинди.

Шундан кейин никоҳланувчи ёшларни тиббий кўрикдан ўтказиш самарадорлигини ошириш тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига парламент сўровини юбориш ҳақидаги масала кўриб чиқилди.

Жорий йил 6 ноябрь куни Президентимиз раислигида соғлиқни сақлаш тизимининг бирламчи бўғинини такомиллаштириш ҳамда аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини шакллантириш чора-тадбирлари юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида соҳага оид долзарб муаммолар кўтарилиб, халқимиз саломатлигини мустаҳкамлаш мақсадида мутасаддиларга муҳим топшириқлар берилганига алоҳида тўхталиб ўтилди.

Сўнгги йилларда ёшларга оид давлат сиёсати аниқ мақсадларни кўзлаб, босқичма-босқич, комплекс чора-тадбирларга асосланган ҳолда давом эттирилиши баробарида, биринчи навбатда, соғлом она – соғлом бола тамойилини амалда таъминлаш учун барча чораларни кўриш, фарзандларимизни турли хил касалликлардан асраб-авайлаш, уларнинг саломатлигини ҳар нарсадан афзал билиш масалаларига устувор аҳамият қаратилмоқда.

Тадқиқотчиларнинг фикрича, инсоннинг 3 ёшидан 22 ёшигача бўлган даврида давлат тарафидан таълим ва саломатликка йўналтирилган инвестиция 19-22 баробар кўп бўлиб қайтар экан.

Ёш авлоднинг соғлом ва баркамол бўлиб вояга етишида, аввало,  бўлғуси ота ва оналар саналган никоҳланувчи йигит-қизларнинг репродуктив саломатлиги муҳим ўрин тутади.

Мамлакатимизда ҳар йили ўртача ҳисобда 300 мингдан зиёд никоҳ қайд этилаётган бўлса, 600 мингдан ортиқ киши никоҳ олди текширувидан ўтади.

Никоҳдан ажралишлар сони ёшлар орасида барқарор ўсиб бориб, 2015-2019 йилларда жами 29,3 мингтадан 31,4 мингтагача ошди. Оилавий ажралишларнинг сабаблари ўзаро шахсий муносабатлардаги келишмовчиликлар, бепуштлик, ногирон болалар туғилиши, эр ёки хотиннинг сурункали касаллиги билан ҳам боғлиқ.

Соғлиқни сақлаш тизимидаги айрим камчиликлар, ёшларнинг тиббий маданияти даражаси етарли эмаслиги сабабли 2019 йилда 3357 нафар, 2020 йилнинг 6 ойи давомида 4075 нафар бир ёшгача гўдаклар ўлими қайд этилган. Бу ҳолатга ирсий касалликлар ҳамда яқин қариндошлар ўртасида тузилган никоҳ ҳам сабаб ҳисобланади.

Айнан шундай вазиятларга барҳам бериш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг Оила кодексига мувофиқ никоҳланувчи шахсларнинг тиббий кўрикдан ўтиш ҳажми ва тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади. Шу мақсадда 2003 йил 23 августда Ҳукуматнинг “Никоҳланувчи шахсларни тиббий кўрикдан ўтказиш тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги 365-сонли қарори қабул қилинган.

Бироқ никоҳдан олдинги тиббий кўрикдан ўтишдаги тизимли муаммолар мавжудлиги, ёшларнинг муносабати жиддий эмаслиги, тиббий кўриклар формал ўтказилиши, шифохоналарда тегишли мутахассислар ҳамда моддий-техника базаси етарли эмаслиги келгусида оилаларнинг мустаҳкамлигига ҳамда туғилаётган фарзандлар саломатлигига салбий таъсир кўрсатмоқда.

Сенатнинг Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси ҳамда “Маҳалла ва оила” илмий-тадқиқот институти томонидан 2019 йил республиканинг 8 та ҳудудида 842 нафар респондент иштирокида никоҳгача бўлган тиббий кўрик юзасидан ўтказилган сўров натижалари ҳам соҳадаги муаммоларни яққол кўрсатди.

Сўров натижаларига кўра респондентларнинг 88,1 фоизи ўз хоҳиши билан тиббий кўрикдан ўтишини, қолган қисми касалликларни тўлиқ аниқлай олмаслиги сабабли тиббий кўрикдан ўтиш истаги йўқлигини билдирган. Иштирокчиларнинг 80 фоизи тиббий кўрикдан қатор муаммолар билан ўтганлигини, хусусан, 42,5 фоизи тиббий кўрик жуда кўп вақт олишини маълум қилган.

Жумладан, тиббиёт ходимларининг масъулияти етарли эмаслиги ва уларнинг малакаси талаб даражасида эмаслиги, тиббий кўрикка оид айрим касалликни яшаш жойи бўйича ўтиш имконияти йўқлиги, шунингдек, айрим ҳолларда коррупцион ҳолатлар мавжудлиги каби муаммолар айтиб ўтилган.

Сенаторлар томонидан никоҳланувчиларни тиббий кўрикдан ўтказишда холислик ва сифати устидан назорат қилиш тизимини такомиллаштириш, тиббий кўрикни ўтказишда ҳудудийликка амал қилиш, никоҳланувчиларга тиббий-генетик ва репродуктив саломатликка оид масалаларда бепул маслаҳатлар бериш, шифокорлар ва ФҲДЁ органлари ходимларининг масъулиятини ошириш, кўрикдан ўтказиш бўйича тиббий хизмат кўрсатувчи муассасалар фаолиятини мониторинг қилувчи ягона ташкилотни белгилаш таклифлари илгари сурилган.

Юқоридагилардан келиб чиқиб никоҳланувчи ёшларни тиббий кўрикдан ўтказиш самарадорлигини ошириш тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига парламент сўрови юбориш ҳақида Олий Мажлис Сенатининг қарори қабул қилинди.

 Сўнгра Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига мамлакатимизда тошқинлар, сел оқимлари, кўчки хавфи мавжуд тоғ ва тоғолди ҳудудларда жойлашган аҳоли пунктлари ва иқтисодий объектлар хавфсизлигини таъминлашга оид қонун ҳужжатларининг ижро этилиши ҳолати юзасидан парламент сўрови юбориш тўғрисидаги масала муҳокама қилинди.

Аҳоли билан мулоқотлар, уларнинг мурожаатлари, жойлардаги ўрганишлар, тармоққа оид қонун ҳужжатларининг ижро этилиши ҳолати ва ҳуқуқни қўллаш амалиётининг таҳлили ушбу соҳада ҳали ҳам қатор тизимли муаммо ҳамда камчиликлар мавжудлигини кўрсатмоқда.

Мамлакатимизнинг гидрометеорологик ва геологик хавфли ҳудудларда истиқомат қилаётган фуқароларни хавфсиз ҳудудга кўчириш юзасидан таъсирчан назорат тўлиқ ва самарали ўрнатилмаганлиги сабабли гидрометеорологик ва геологик хавфли ҳудудлардаги 602 та хўжаликдан 117 таси, ушбу хўжаликларда истиқомат қилаётган 2476 нафар фуқародан 624 нафарини хавфсиз ҳудудга доимий яшаш учун кўчириш лозимлиги аниқланган бўлса-да, биргина 2020 йил ўн ой якунига кўра фақатгина 9 та хўжаликнинг 59 нафар фуқароси доимий яшаш учун хавфсиз ҳудудларга кўчирилган холос. Қолган хўжаликлар эса вақтинчалик яшаш учун хавфсиз ҳудудга кўчирилган. Бу дегани вақтинчалик кўчирилган фуқаролар хавфли ҳудудга қайтиб бориб, яшашни давом эттиради.

2019 йилда эса доимий яшаш учун кўчирилиши лозим бўлган 113 та хўжаликнинг 569 нафар фуқаросидан 34 та хўжаликнинг 132 нафар фуқароси хавфсиз ҳудудларга кўчирилган холос.

Бундан ташқари, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари хавфли геологик жараёнлар кучайиши мумкин бўлган жойлардаги саноат ва хўжалик қурилишларининг лойиҳаларини Хавфли геологик жараёнларни кузатиш давлат хизмати билан келишиши белгиланган бўлса-да, вилоят ҳокимликлари томонидан 2019-2020 йилларда тоғ ва тоғ олди ҳудудларида тадбиркорлик фаолияти, уй-жой қуриш учун Хавфли геологик жараёнларни кузатиш давлат хизмати хулосаларисиз юзлаб ер ажратиш ҳолатлари кузатилган.

Бугунги кунда тоғ ва тоғ олди ҳудудларида Хавфли геологик жараёнларни кузатиш давлат хизмати хулосаларисиз қурилган саноат ва хўжалик объектларининг сони ҳақидаги аниқ маълумотлар ҳеч бир мутасадди идораларда мавжуд эмаслиги аниқланган.

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ҳамда Хавфли геологик жараёнларни кузатиш давлат хизмати ходимлари томонидан гидрометеорологик ва геологик хавфли ҳудудларда жойлашган аҳоли пунктлари ва иқтисодий объектларни тошқин сувлари, сел оқимлари ва кўчки ҳодисаларидан муҳофаза қилиш мақсадида мутасадди идора раҳбарларига киритилган тақдимнома ва кўрсатмаларга юзаки ёндашиш, ижросини тўлиқ таъминланмаслик ҳолатлари мавжуд.

Хусусан, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ва бошқармалари ходимлари томонидан мутасадди идора раҳбарларига 2019 йилда киритилган 251 та тақдимноманинг 152 таси, яъни 60 фоизи, 2020 йилнинг 10 ойи давомида эса киритилган 307 та тақдимноманинг 206 таси, яъни 67 фоизи инобатга олинган холос.

Хавфли геологик жараёнларни кузатиш давлат хизмати ходимлари томонидан 2020 йилда киритилган 41 та кўрсатманинг 6 таси ижроси бажарилмаган, 18 тасининг ижроси эса қисман бажарилган.

Бу каби камчиликлар Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ҳамда Хавфли геологик жараёнларни кузатиш давлат хизмати ходимлари томонидан киритилаётган тақдимномалар ижросини таъминламаган мутасаддиларга нисбатан таъсирчан чоралар кўришни тақозо этмоқда.

 Бундан ташқари, тошқинга қарши ҳудудий комиссиялар томонидан ҳудудий манзилли дастурлар шакллантирилиши белгиланган бўлса-да, манзилли дастурларда белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш, яъни мухандислик-ҳимоя ишлари учун  тегишли ҳокимликлар ва Молия вазирлиги томонидан етарли миқдорда маблағлар ажратилмай келинмоқда.

Муҳандислик-ҳимоя тадбирлари ўз вақтида олиб борилмаслиги оқибатида қирғоқлари мустаҳкамланиши, дамба тикланиши лозим бўлган ҳудудлар кенгайишига, тошқин сувлари ва сел оқимлари хавфи ортишига шу ҳудудларда истиқомат қилувчи аҳолининг ҳақли эътирозлари, шунингдек, ишлаб чиқилган лойиҳа-смета ҳужжатларидаги ҳаражатларнинг кескин кўпайишига сабаб бўлмоқда.

Биргина мисол: Сурхондарё вилояти Қумқўрғон тумани “Кетмон” МФЙга қарашли Октам маҳалласи аҳолисини муҳофаза қилиш учун Бойсун-Оккапчиғой сойининг қирғоқларини мустаҳкамлаш ишлари бўйича 2019 йилда зарур бўлган 1 млрд. сўм маблағ ажратилмаган, шу ишлар учун 2020 йилда зарур бўлган маблағ 2 млрд. сўм бўлган лекин ажратилмаган, эндиликда мазкур ишларни 2021 йилда бажариш учун 3 млрд. сўм маблағ ажратилиши режалаштирилиб, дастурга киритилган.

Дарёлар ва сойлардан ўзбошимчалик билан ноқонуний қум-шағал қазиб олиниши натижасида дарё ва сой ўзанлари чуқурлашиб, сув оқимлари тезлашиб, ўзанлари ўзгариши оқибатида қирғоқлар ювилиши, дамбалар бузилиши, кўприкларнинг таянч устунлари емирилиши кузатилиб, дарё қирғоғига яқин масофада яшовчи аҳоли хонадонлари ва иқтисодиёт объектларига хавф юзага келмоқда, автомобиль кўприклари муддатидан олдин авария ҳолатига келиб қолмоқда.

Бунинг натижасида Андижон, Наманган, Самарқанд, Жиззах, Қашқадарё, Сурхондарё, Тошкент ва Сирдарё вилоятлари ҳудудидан оқиб ўтувчи дарё ўзанларидан ноқонуний қум-шағал қазиб олиниши оқибатида 300 га яқин аҳоли хонадонларига хавф юзага келган.

Шунингдек, Андижон, Самарқанд, Сурхондарё, Жиззах, Қашқадарё ва Тошкент вилоятларида 26 та магистрал йўллардаги кўприкларнинг таянчлари критик ҳолатга келиб қолган.

Қолаверса, тошқин сувлари, сел оқимларидан зарар кўрган маҳаллий йўллардаги ички кўприкларни таъмирлаш, қайта тиклашда муаммолар мавжуд.

2019-2020 йилларда республика бўйича ёғингарчилик мавсумида сел оқимлари натижасида маҳаллий йўллардаги ички йўлларнинг 31 та жойида йўл қопламаларига ҳамда 90 та ички автомобиль кўприкларига етказилган зарар бўйича маҳаллий бюджетда маблағ етишмаслиги сабабли шу кунга қадар таъмирланмаган.

Бундан ташқари, “Ўзтрансгаз” АЖ тасарруфидаги магистрал газ қувурларининг дарё ўзанлари ва каналлардан очиқ ҳолатда кесиб ўтган участкалари яқинида ташкил этилган норуда фойдали қазилмаларни қазиб олиш ишлари натижасида мазкур дарё ўзанларининг ўзгариши дарёдан кесиб ўтувчи магистрал газ қувурларнинг тиргакларини ушлаб турувчи қирғоқларнинг ювилиб кетишига сабаб бўлмоқда. Бу ҳолатлар ўз навбатида магистрал газ қувурлари очиқ ҳолатда кесиб ўтган дарё ва каналлар қирғоқларини тиклаш ва қурилиш ишларига катта маблағларни сарф бўлишига олиб келмоқда. 

Шу жиҳатдан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига мамлакатимизда тошқинлар, сел оқимлари, кўчки хавфи мавжуд тоғ ва тоғолди ҳудудларда жойлашган аҳоли пунктлари ва иқтисодий объектлар хавфсизлигини таъминлашга оид қонун ҳужжатларининг ижро этилиши ҳолати юзасидан парламент сўрови юбориш тўғрисида Олий Мажлис Сенатининг тегишли қарори қабул қилинди.

Шундан сўнг Россия Федерациясида меҳнат фаолиятини вақтинча амалга ошираётган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ҳуқуқлари ҳимоясини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига юборилган парламент сўрови натижалари муҳокама қилинди.

Қайд этилганидек, Ташқи меҳнат миграцияси соҳасида тизимли назоратни йўлга қўйиш, Ўзбекистон фуқароларини ташкилий асосда ишга қабул қилиш ва жалб этиш тизимини такомиллаштириш мақсадида Ҳукумат томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг бир қатор фармон ва қарорлари ишлаб чиқилиб, тасдиқланган.

Хусусан, жорий йил 15 сентябрда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Хавфсиз, тартибли ва қонуний меҳнат миграцияси тизимини жорий қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинган.

Ушбу қарор билан фуқароларни касб-ҳунарга ва хорижий тилларга ўқитиш амалиётини самарали йўлга қўйиш, уларга касбий малакани тасдиқловчи халқаро тан олинадиган сертификатларни бериш, шунингдек, хорижда мураккаб шароитга тушиб қолган меҳнат мигрантларини молиявий ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳаёти ва соғлиғини суғурталаш амалиётини кенгайтириш, улар учун маданий-маърифий тадбирларни ташкил этиш бўйича чора-тадбирлар режалари тасдиқланган.

Сенаторлар томонидан соҳадаги муаммо ва қийинчиликларни бартараф этишда айнан ушбу ҳужжатда белгиланган дастурий чора-тадбирларни изчил ҳаётга татбиқ этиш муҳимлиги таъкидланди.

Бундан ташқари, ташқи меҳнат миграцияси соҳасига оид ахборотларнинг тезкор айланишини таъминлаш мақсадида Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг ижтимоий тармоқларда (telegram, facebook) расмий ахборот каналлари ишга туширилган ҳамда миграция хизматларини тақдим этувчи мобил иловалардан ташкил топган “labormigration.uz” дастурий таъминоти ишлаб чиқилган.

Шу билан бирга, ялпи мажлисда меҳнат мигрантларининг ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимоясининг самарали механизмини йўлга қўйиш билан боғлиқ бўлган тизимли камчилик ва муаммолар кўрсатиб ўтилди.

Хусусан, Ўзбекистон ва Россия ҳамкорлигининг шартнома-ҳуқуқий асосини ташкил этувчи асосий ҳукуматлараро битимларнинг Россия Федерацияси ҳудудида тўлиқ амал қилинишини таъминлаш бўйича ишлар тизимли йўлга қўйилмаганлиги сабабли ҳалигача фуқароларни ташкилий асосда ишга қабул қилиш даражаси пастлигича қолмоқда. Мажлисда ушбу кўрсаткич 10 фоиздан кам эканлиги таъкидланди.

Қолаверса, Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари ҳамда Ташқи ишлар вазирликларининг ушбу йўналишда Ўзбекистоннинг Россия Федерациясидаги ваколатхоналари салоҳиятидан самарали фойдаланишда қатор камчиликлар кузатилаётганлиги ҳам қайд этилди.

Шунингдек, ташқи меҳнат миграцияси соҳасидаги муаммоларни ҳал қилишда  парламентлараро ҳамкорлик салоҳиятидан унумли фойдаланиш ҳамда ушбу масалани Ўзбекистон – Россия парламентлараро комиссияси доирасида тезкор кўриб чиқиш бўйича аниқ топшириқлар берилди.

Муҳокама якунида Вазирлар Маҳкамаси, Бандлик ва меҳнат муносабатлари ҳамда Ташқи ишлар вазирликларига қайд этиб ўтилган муаммоларни бартараф этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш, икки томонлама битимларнинг сифатли ижросига алоҳида эътибор қаратиш тавсия этилди ҳамда тегишли чора-тадбирлар дастурларини қабул қилиш лозимлиги таъкидланди.

Шундан сўнг боғдорчилик-узумчилик ширкатларининг амалдаги фаолияти ва уларнинг ташкилий-ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш масалалари юзасидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига юборилган парламент сўрови натижалари кўриб чиқилди.

Таъкидланганидек, парламент сўровида боғдорчилик-узумчилик ширкатлари фаолиятини тўлиқ хатловдан ўтказиш, ер участкалари ва бино-иншоотларига бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатига олиш, ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ва самарасиз фойдаланилаётган ресурсларни қонун ҳужжатларига мувофиқ захира ерлар тоифасига қайтариш ва бошқа муаммолар кўтарилган эди. Ушбу масалаларни ҳал қилиш юзасидан Вазирлар Маҳкамаси томонидан амалий чора-тадбирлар режаси тасдиқланганлиги ялпи мажлисда алоҳида қайд этилди.

Шунингдек, боғдорчилик-узумчилик ширкатлари фаолиятини тартибга солиш механизмини янада такомиллаштиришга оид чора-тадбирлар тўғрисида”ги Ҳукумат қарори лойиҳаси ишлаб чиқилиб, жорий йилнинг июль-август ойларида regulation.gov.uz порталига умумхалқ муҳокамаси учун жойлаштирилган. Мазкур лойиҳада назарда тутилган вазифалар парламент сўровида кўтарилган масалаларни тизимли равишда ҳал қилишга қаратилган. Бироқ бугунги кунга қадар мазкур қарор лойиҳаси қабул қилинмаганлиги сенаторлар томонидан айтиб ўтилди.

“Боғдорчилик-узумчилик ширкатлари” ўтган асрнинг 80-йилларига қадар шаҳарлар ҳудудида жойлашган, кўп қаватли уйларда истиқомат қилиб келган йирик саноат корхоналари, ташкилот ва муассасалар ишчи-ходимларига қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш учун ажратилган ер майдонларида ташкил этилган.

Бироқ кейинги йилларда ушбу хўжаликлар бу функцияни деярли бажармай қўйдилар. Бугун дала ҳовлиларнинг аксарияти аввалгидек дам олиш кунлари бориб, экин экадиган жойлар эмас, балки йил давомида яшаб, рўзғор тебратадиган жойларга айланганлиги таъкидлаб ўтилди. Шунингдек, кўпчилик дала ҳовлилардан, бу айниқса, Тошкент вилояти ва бошқа ҳудудлардаги тоғ ва тоғ олди ҳудудларда кузатилади, тижорат мақсадларида фойдаланилмоқда. Номини сўрасангиз, дала ҳовли, аслида эса меҳмонхона, чойхона, кафе ва бошқа шу каби маиший хизмат жойлари эканлиги айтиб ўтилди.

Бундан ташқари, Адлия вазирлиги маълумотларига кўра, бугунги кунда боғдорчилик-узумчилик ширкати аъзолигига қабул қилиш ва ундан чиқариш тартибига риоя қилинмаяпти. Ширкат бошқаруви билан боғлиқ корпоратив низолар кўпайган.

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан ҳужжат лойиҳасида назарда тутилган боғдорчилик-узумчилик ширкатлари учун ажратилган ер участкаларида жойлашган бино ва иншоотларга бўлган мулк ҳуқуқини давлат рўйхатидан ўтказишга оид қоидалар қонун ҳужжатларига зид эканлиги борасида жиддий эътирозлар билдирилган. Қолаверса, лойиҳанинг айрим бандларини қайта кўриб чиқиш лозимлиги ҳамда мазкур ҳужжат лойиҳасини таклиф этилган таҳрирда қабул қилишнинг мақсадга мувофиқ эмаслиги ҳам айтилган. Бу эса мазкур масала юзасидан жойига чиққан ҳолда пухта ва жиддий ўрганишларни амалга ошириш заруратини кўрсатмоқда.

Юқоридагиларга асосан боғдорчилик-узумчилик ширкатлари фаолиятини комплекс ўрганиш, юзага келаётган муаммоларни аниқлаш, бартараф этиш ва соҳани тартибга солиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 13 ноябрдаги 490-ф-сонли фармойиши қабул қилинган.

Мазкур фармойиш билан ширкатлар фаолиятини комплекс ўрганиш мақсадида республика ишчи гуруҳи, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳамда туманлар (шаҳарлар) ишчи гуруҳларининг намунавий таркиби тасдиқланган.

Шу жиҳатдан ялпи мажлисда боғдорчилик-узумчилик ширкатлари ҳудудида қурилган иморатларни турар жой тоифасига ўтказишнинг очиқ ва шаффоф механизмларини жорий этиш лозимлигига алоҳида урғу берилди. Бундай ширкатлар жойлашган ҳудудларда ижтимоий соҳа объектлари фаолиятини аҳолининг реал сонига мутаносиб равишда ривожлантириш, шунингдек, жиноятчиликка қарши курашиш чора-тадбирларини кучайтириш ҳамда ҳуқуқбузарликлар профилактикасини тизимли равишда йўлга қўйиш заруратига ҳам эътибор қаратилди.

Ушбу масала юзасидан Олий Мажлис Сенатининг тегишли қарори қабул қилинди.

Сенатнинг тўққизинчи ялпи мажлиси кун тартибидаги навбатдаги масала – мамлакатимизда аҳоли, айниқса, ёшларни жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланишга кенг жалб этишда юзага келаётган муаммолар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига юборилган парламент сўрови натижалари ҳам муҳокама маразида бўлди.

Таъкидланганидек, бутун дунё бўйлаб ҳукм сураётган COVID-19 коронавирус пандемияси инсон саломатлигини сақлашда чиниқиш, иммунитет мустаҳкамлиги қанчалар муҳим аҳамият касб этишини яна бир бор исботлади.

Дори-дармонлар сифатини ва таъсирчанлигини ошириш, вирусга қарши вакцина яратиш каби чоралар ҳам ўз йўлига, лекин соғлом турмуш тарзини кундалик қоидага айлантириш орқали аҳоли саломатлигини мустаҳамлаш муҳимлигини бугун бутун дунё давлатлари бир овоздан маъқуллади.

Шунинг учун сўнгги йилларда юртимизда аҳолини, айниқса, ёшларни спортга кенг жалб этиш, уларнинг соғлом ҳаёт кечиришларини таъминлаш масаласи давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди. Президентимиз томонидан 2020 йил 30 октябрда имзоланган “Соғлом турмуш тарзини кенг татбиқ этиш ва оммавий спортни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони бунинг ёрқин тасдиғидир.

Фармон ижросини таъминлаш мақсадида туман (шаҳар) ва маҳаллаларда жисмоний тарбия-соғломлаштириш инфраструктураси шакллантирилади. Хусусан, 9146 та маҳаллада 18292 та жисмоний тарбия-соғломлаштириш ва спорт майдончаси, 204 та туман (шаҳар)да саломатлик ва велосипед йўлаклари бунёд этилади.

Мажлисда Сенат томонидан аҳоли, айниқса, ёшларни жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланишга кенг жалб этиш юзасидан ҳукуматга парламент сўрови юборилгани қанчалар ўринли ва долзарб масала бўлгани алоҳида таъкидланди.

Юборилган сўров Вазирлар Маҳкамасининг Раёсатида муҳокама қилингани ва тегишли чоралар кўрилгани ҳақида маълумот берилди.

Бугунги кунда Республикада мавжуд 51 651 та спорт иншоотларининг бир кунлик машғулотлар ўтказиш қуввати 2,1 млн. тани ташкил этади. Уларнинг 417 таси стадион, 10 863 таси спорт зали, 316 тасини сузиш ҳавзаси, 182 таси отиш тири, 39 841 таси спорт майдончаси, 8 таси отчопар ва 24 таси спорт манежидан иборат.

Ҳудудларда жойлашган очиқ спорт объектлари ҳамда истироҳат боғларида аҳолининг югуриш, юриш, бадантарбия ва бошқа спорт турлари билан шуғулланиши учун 5 447 та маҳаллага 7 905 нафар тренер бириктирилган.

Инвестиция дастури асосида ҳозиргача 68 та спорт иншооти фойдаланишга топширилган. 2020 йилда 44 та спорт иншоотини фойдаланишга топшириш юзасидан қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилмоқда. Мазкур иншоотларнинг фойдаланишга топширилиши натижасида бир кунда қўшимча 13 493 нафар аҳолининг жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланиши учун имкониятлар яратилади.

Карантин даврида аҳоли, хусусан, ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиш мақсадида ташкил этилган онлайн спорт мусобақаларида 326 000 дан ортиқ аҳоли жалб этилган. Шунингдек, карантин қоидаларига қатъий риоя қилган ҳолда “яшил” ҳудудларда спортнинг 42 та тури бўйича спорт тадбирлари ҳамда бадантарбия машғулотлари йўлга қўйилган.

Мажлисда сенаторлар Президентимизнинг “Соғлом турмуш тарзини кенг татбиқ этиш ва оммавий спортни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ижросини тўлиқ назорат қилиш ҳамда COVID-19 коронавирус пандемияси даврида жорий этилган карантин чекловлари сабабли фаолият олиб бормаган спорт тўгаракларида келгусида қўшимча ўрганишлар ўтказиш ва бунда уларга қанча ёшлар жалб этилгани, мазкур тўгаракларнинг хизмат кўрсатиш нархи аҳоли реал даромадига мувофиқлиги, камбағал оилалар вакилларига спорт машғулотлари учун яратилган имкониятлар ва имтиёзлар каби масалаларга алоҳида эътибор қаратиш зарурлигини таъкидлади.

Билдирилган фикр-мулоҳазалардан келиб чиққан ҳолда аҳоли, айниқса, ёшларни жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланишга кенг жалб этиш масаласи қўшимча ўрганилиб, Сенатнинг 2021 йилдаги ялпи мажлисларида муҳокама этилишига келишиб олинди.

Сўнгра хотин-қизлар тадбиркорлигини ривожлантириш учун яратилган шарт-шароитлар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига юборилган парламент сўрови натижалари муҳокама қилинди.

Таъкидланганидек, мамлакатимизда хотин-қизлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш ва янада ривожлантириш, уларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, бизнес юритишлари учун қулай муҳит ва кенг имкониятлар ҳамда кафолатлар бериш борасида муайян ишлар амалга оширилмоқда.

Аёлларнинг меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш – ушбу йўналишда олиб борилаётган ишларнинг энг муҳим жиҳатларидан бири. Хусусан, уларнинг тадбиркорлик ташаббусларини янада қўллаб-қувватлаш мақсадида узоқ муддат бола парваришида бўлган, мушкул иқтисодий аҳволга тушган аёлларни меҳнат бозорида талаб этилаётган касблар бўйича қайта тайёрлаш ишлари олиб борилган. Шунингдек, тадбиркорлик билан шуғулланиш истагини билдирганларига кўмаклашилиб, бизнес ғояларини тайёрлашда консультатив ёрдам берилган. Натижада жорий йилда 99,1 минг нафар иш билан банд бўлмаган хотин-қизларнинг бандлиги таъминланган, 11,5 минг нафари меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касбларга ўқитилган. Иш билан банд бўлмаган хотин-қизларнинг 412,1 минг нафари ҳақ тўланадиган жамоат ишларига жалб қилинган.

Шу билан бирга, мажлисда сенаторлар  соҳада ўзининг ечимини кутаётган бир қатор муаммолар мавжудлигини таъкидлади.

Хусусан, хотин-қизлар тадбиркорлигини ривожлантириш учун уларнинг тижорат банклари кредит ресурсларидан фойдаланишида ҳам бир қатор муаммолар мавжудлиги аниқланди.

Жумладан, 2020 йилда Хотин-қизларни ва оилани қўллаб-қувватлаш мақсадли жамғармаси томонидан тегишли кредит ресурслари йўналтирилган. Аммо аксарият ҳолларда, тадбиркор аёлларга жамғарма томонидан ажратилган маблағлар тижорат банклари томонидан ўз вақтида берилмаган.

Сенаторлар томонидан қайд этилганидек, парламент сўровида кўтарилган айрим муаммоли масалалар Вазирлар Маҳкамасининг маълумотида тўлиқ ёритилмаган. Аёллар тадбиркорлигини ривожлантириш учун масъул бўлган ташкилотларнинг самарали ҳамкорлигини таъминлаш, ишсиз ва ижтимоий фаол бўлмаган хотин-қизлар қатламини аниқлаш ва уларнинг бандлигини таъминлаш бўйича тасдиқланган манзилли чора-тадбирларнинг амалга оширилиши каби масалалар шулар жумласидан.

Ялпи мажлисда соҳада мавжуд муаммоларни бартараф этиш бўйича қатъий чоралар кўриш лозимлиги алоҳида таъкидланди.

Шундан кейин Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари А.Раматовга чиқиндилар билан боғлиқ масалаларда вужудга келган муаммолар ва уларнинг аҳоли саломатлигига таъсири юзасидан юборилган парламент сўрови натижалари муҳокама қилинди.

Таъкидланганидек, бу борада муайян ишлар амалга оширилган. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 29 сентябрдаги “Маиший ва қурилиш чиқиндилари билан боғлиқ ишларни бошқариш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан ушбу тизимни янада такомиллаштириш, чиқиндиларни қайта ишлашда юқори технологиялар қўлланиладиган ишлаб чиқаришларни жорий этиш, соҳага тадбиркорлик субъектларини кенг жалб қилиш янги тартиби жорий қилинди.

Шунга қарамай, соҳани мувофиқлаштирувчи ҳамда назорат қилувчи ягона давлат органининг мавжуд эмаслиги, чиқиндиларни сақлаш, полигонларга жойлаштириш ва уларни йўқ қилишга етарлича эътибор берилмаганлиги туфайли соҳада қатор муаммолар сақланиб қолаётганлиги сенаторлар томонидан алоҳида таъкидланди.

Хусусан, қурилиш чиқиндиларини жойлаштириш полигонлари ташкил қилинмаганлиги натижасида уларни автомобиль йўллари ёқаларига, сув объектларининг муҳофаза зоналарига ва бошқа қаровсиз ҳудудларга ташлаб кетиш ҳолатлари кўплаб учрамоқда.

Тиббиёт ва биологик чиқиндиларни хавфлилик даражасидан келиб чиққан ҳолда утилизация қилиш борасидаги муаммолар сақланиб қолаётгани аҳоли орасида турли юқумли ва бошқа турдаги касалликлар тарқалиш хавфини туғдирмоқда.

Бу борада мутасаддилар айбдорларга нисбатан керакли чораларни кўрмасдан жаримага тортиш билан чекланиб қолишмоқда.

Маиший чиқинди полигонларининг атрофини ўраш бўйича ишлар талаб даражасида олиб борилмаган, полигонлар рекультивация қилинмасдан ўз ҳолига ташлаб қўйилган. Маиший чиқиндиларни кўмишга мўлжалланган санитария ва экологик меъёрлар талабларига жавоб бермаганлиги сабабли 51 та (умумий майдони 282,3 гектар) полигон фаолият олиб бормаяпти.

Шу жиҳатдан сенаторлар “Чиқиндилар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини янги таҳрирда қабул қилиш, саноат ва маиший чиқиндиларни қайта ишлаш, утилизация қилиш ва полигонларини санитария ва экологик меъёрлар талаби асосида ташкил қилишда юзага келаётган муаммоларни бартараф этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиши лозимлигини таъкидлаб ўтди. Шунингдек, бу борада мутасадди ташкилотлар жавобгарлигини кучайтириш зарурлиги ҳам билдирилди.

Шунингдек, Олий Мажлис Сенати Кенгашининг қарорлари ҳам тасдиқланди.

Шу билан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг тўққизинчи ялпи мажлиси ўз ишини якунлади.

Ўзбекистон Республикаси

Олий Мажлиси Сенати

Ахборот хизмати

Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг тўққизинчи ялпи мажлиси тўғрисида ахборот