
Рақамли технологиялар вазирлигида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Давлат тилини ривожлантириш департаменти ва бир қанча ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда 4 жилдлик “Алишер Навоий энциклопедияси”нинг тақдимоти ўтказилди.
Тақдимотда Давлат тилини ривожлантириш департаменти мудири Нодир Холбўтаев Алишер Навоий, унинг ҳаёти ва ижоди, асарлари ҳақида маълумот бериш билан бирга, тўрт жилдлик қомуснинг нашр этилиши адабиётимизда, илм-фанимизда, улкан воқелик эканини таъкидлади.

Шунингдек, рақамлаштириш йўналишида олиб борилаётган ишларни алоҳида қайд этиб, келгусида Навоий асарларини ҳам рақамли кўринишда тайёрлаш, алоҳида веб-сайт ҳамда мобил иловаларни яратиш орқали уларнинг янада кенг тарғиб қилиниши муҳим аҳамиятга эгалигини ва бу жараёнда вазирлик ҳамда унинг тизимидаги корхона ва ташкилотлар билан яқин ҳамкорлик қилиниши зарурлигини айтиб ўтди.

Тақдимотда сўзга чиққан рақамли технологиялар вазири ўринбосари Ж.Махсудов Алишер Навоий ижодини фақатгина навоийшунослар ёки адабиётчилар эмас, балки кенг омма ўрганиши мақсадга мувофиқлиги, унинг асарларида бугунги кун жамият ҳаётига, хусусан, рақамли технологияларга ҳам оид маълумотлар учраши ҳақида фикр билдирди.

“Алишер Навоий энциклопедияси”га Ўзбекистоннинг 78 нафар таниқли навоийшунос олими, ёш тадқиқотчилар, шу билан бирга, туркиялик ва озарбайжонлик олимларнинг мавзу бўйича мақолалари киритилган. Ушбу энциклопедия Ўзбек тилини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан 1000 нусхада чоп этилди.
Н.Раҳмонова, ЎзА