Ватанимиз тарихидаги 12 ноябрь санаси билан боғлиқ айрим воқеалар баёни.
1419 йил (бундан 601 йил олдин) – тарихчи олим Фасиҳ Хавофийнинг “Мужмали Фасиҳий” асарида қайд этилишича, Хитой ҳукмдори Дай-Минг-Хоннинг Ли-Тожин ва Хан-Тожин исмли элчилари амирзода Шоҳрух бошчилик қилаётган Темурийлар давлатига келди. Рамазон ойининг йигирма учинчи куни (12 ноябрь)да ушбу элчилар Хуросон маркази Ҳиротда улуғ хоқон Шоҳрухга Хитой ҳукмдори юборган пешкашлар (ҳадялар) ҳамда ҳукмдорнинг хатини тантанавор тарзда тақдим этдилар.
Ушбу хатда Дай-Минг-Хон Шоҳрухга сарой амири Ли-До ва бир гуруҳ унинг кишиларидан иборат аввалги элчиларга кўрсатилган ҳурмат ва иззат-икромлар учун миннатдорчилик билдиради. Ли-До ва унинг одамлари Хитойга Шоҳрухнинг ҳадялари: шерлар, чопқир отлар, қоплонлар ва бошқа совғалар – ҳурмат ва дўстликнинг рамзий буюмлари – билан қайтиб борганлигини айтади.
Шунингдек, Хитой ҳукмдори Шоҳрухга совға сифатида етти бош ўз ов лочинларини юбориб, улардан шахсан ўзи овда фойдаланганини ёзиб ўтади. Ҳукмдорнинг мактубда қайд этишича, Хитойда лочинлар йўқ бўлиб, улар ҳукмдорга ҳадя сифатида денгиз соҳилларидан олиб келинади. Хат сўнгида юборилган нарсалар камроқ бўлса-да, ҳар ҳолда икки ҳукмдор дўстлигини мустаҳкамлайдиган ваъж бўлиб хизмат қилишига умид қилинади.
1877 йил (бундан 143 йил олдин) – тарихий манбаларнинг гувоҳлик беришича, Қўқоннинг собиқ хони Худоёрхон 12 ноябрга ўтар кечаси ҳажга бориш мақсадида ёнига тўрт ишончли одамни олиб Оренбургдаги сургундан махфий равишда жўнаб кетди. Собиқ хоннинг қаёққа қочганлиги, тақдири нима бўлганлиги анча вақтгача номаълум ҳолда қолди. Худоёрхоннинг бахтсизликлар билан тўлиб-тошган ҳаж сафари ҳақида, бегона юртларда унинг бошига тушган мусибатлар ҳақида архивларда, ўша давр вақтли матбуотида анчагина ҳужжатлар, маълумотлар сақланиб қолган.
Маълумот ўрнида қайд этиш жоизки, минглар сулоласидан бўлган Худоёрхон Қўқонда танаффуслар билан 1845–1875 йилларда ҳукмронлик қилди. Қўқон хонлигида бошланган Пўлатхон қўзғолонини бостиришнинг иложини топа олмагач хонликнинг барча хазинасини олиб Туркистон генерал-губернатори Константин фон Кауфмандан ҳарбий ёрдам олиш учун Тошкентга қочди. Сўнгра собиқ хон Оренбургга сургун этилди. Юқорида қайд этилганидек, у бу ердан қочиб Маккага борди.
Тарихчи олим Ҳайдарбек Бобобековнинг ёзишича, кейинчалик, Қўқон хонлигининг қолган ҳудудларини ҳам Россия босиб олгандан сўнг Xудоёрхон Кауфманга расман мурожаат қилиб, сиёсий ишларга аралашмасликни ваъда бериб Қўқонга қайтишга рухсат сўради, аммо рад жавобини олди. Xудоёрхон иккинчи марта ҳам мурожаат қилди. Бу ариза сенатда кўриб чиқилиб, унга Қўқонга қайтишга рухсат берилди. Аммо бундан хабарсиз Xудоёрхон яширин ҳолда Қўқонга қайтмоқчи бўлиб, 1884 йилда йўлда вафот этди.
1912 йил (бундан 108 йил олдин) – божхона органлари тизими ислоҳ қилиниши натижасида Туркистон божхона округи Тошкент божхона инспекторлик участкасига айлантирилди ва шу ҳолатда 1917 йилгача фаолият кўрсатди. Маълумот ўрнида қайд этиш жоизки, Ўрта Осиё ҳудудида божхоналар узоқ тарихий даврда шаклланиб келган. Ўзбекистонда биринчи Патта-Ҳисор божхонаси ўн тўққизинчи асрнинг охирларида ташкил этилган. Бу божхона Афғонистон орқали ўтадиган юкларни назорат қилган.
1927 йил (бундан 93 йил олдин) – “Ўрта Осиё ипакчилик ва ипакшунослик институти” ташкил этилди. Тарихчи Наргизахон Алимованинг маълумот беришича, 1931 йилга келиб унинг номи “Ўрта Осиё ипакчилик илмий-текшириш институти” деб ўзгартирилган. Мазкур институт ипакчилик йўналишида илмий изланишлар олиб борган.
Ўзбекистонда ипакчилик тармоғи теран тарихий илдизлар ва анъаналарга эга. Ипак қурти боқиш ва унинг пилласидан тола олиш, ипак газмоллар тўқиш дастлаб Хитойда вужудга келган. Айрим маълумотларга кўра, ипак қурти боқиш тўртинчи асрда (бундан қарийб бир минг етти юз йил олдин) Хитойдан Буюк ипак йўли орқали ҳозирги Ўзбекистон ҳудудига тарқалган.
1930 йил (бундан 90 йил олдин) – дарё сувининг қирғоқни ювиши оқибатида ўнг қирғоқ емирилиб Амударё Тўрткўл шаҳрига яқинлашиб кела бошлагани туфайли Қорақалпоғистон Мухтор Республикасининг марказини Тўрткўл шаҳридан Нукусга кўчириш ҳақида қарор қабул қилинди. 1932 йилдан Нукусда янги маъмурий бинолар қурилиши бошланди. Кейинчалик Республика маъмурияти Нукус шаҳрига кўчиб ўтди.
Алишер ЭГАМБЕРДИЕВ тайёрлади
ЎзА