Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг Геномика ва биоинформатика маркази томонидан ғўзанинг фитохром генлари учун ген-нокаут, узум ва анорнинг қатор навлари кўчатларини ин-витро микроклонал технологияси ишлаб чиқилган.
Бу ҳақда марказ директори ўринбосари Забардаст Бўриев қуйидагиларни сўзлаб берди.
– Марказ олимлари томонидан ғўзани фитохром А1 гени учун биринчи маротаба ген-нокаут технологияси ишлаб чиқилиб, ушбу технология АҚШ, Хитой, Миср, Россия ва Ҳиндистонда патентланди, – дейди Забардаст Бўриев. – Бундан ташқари, ушбу технологияга халқаро патент олиниб, у ушбу технологияни 140 дан ортиқ мамлакатда ҳимоя қилади. Технология бир вақтнинг ўзида ғўзани қатор фойдали хусусиятларини ижобий томонга ўзгартирди. Натижада ушбу технология ёрдамида толаси узун ва сифатли, эрта пишар, серҳосил, қурғоқчилик ва шўрхокликка чидамли ғўзанинг янги навлари яратилди. Яратилган навлар ўрта толали ғўза бўлишига қарамасдан уларнинг тола сифат кўрсаткичлари ингичка толали ғўзанинг толасига деярли ўхшаш. Ҳозирда бу навлар республика бўйлаб кенг далаларда экилмоқда.
Маркерларга асосланган селекция технологияси қисқа вақт ичида ғўзанинг янги навларини яратиш имконини беради. Ушбу технология ёрдамида марказ олимлари ғўзанинг серҳосил, тола сифати юқори ҳамда мошина ёрдамида теришга қулай бўлган Равнақ-1 ва Равнақ-2 навини яратди. Бу ғўза навлари дунёда маркерларга асосланган селекция ёрдамида яратилган биринчи навлар бўлади. Ҳозирда бу навларни тижоратлаштириш бўйича ишлар олиб борилмоқда.
Марказда ин-витро микроклонал кўпайтириш технологияси йўлга қўйилган бўлиб, у узум ва анор навларининг кўчатларини кўпайтиришда ишлатилмоқда. Ҳозирда бу технология ёрдамида фермерлар учун вируслардан ҳоли ва соғломлаштирилган узум ва анор кўчатлари кўпайтирилиб, етказиб берилаяпти. Узум харидорлари битта узум майдонидаги ҳар хил нав узумларнинг ҳаммасини олмайди. Саралаб ўзига керакли маҳсулотни олади. Бу ҳам бозор талаби. Деҳқон эса қилган меҳнатининг 10, 30, борингки, 50 фоизини яхши сота олади. Қолгани эса арзимаган даромад келтиради. Шунинг учун фермерлар битта, ҳосилдор, сердаромад ва экспортбоп навларга қизиқиш билдираяпти.
Марказда ген-нокаут технологияси ёрдамида яратилган буғдойнинг “Баркамол” нави маҳаллий буғдойнинг фитохром А1 генининг фаолиятини ген-нокаут технологияси ёрдамида сусайтириш орқали олинган. Бунинг натижасида янги яратилган буғдой навида ҳосилдорлик 30 фоизга ошган. Ҳозирда ушбу нав синаш жараёнида.
Вилт касаллиги ҳар йили дунё бўйлаб ғўзани кўп миқдорда нобуд бўлишига олиб келади. Янги яратилган технология вилт замбуриғини ғўзанинг ичига киришига йўл қўймайди ва натижада ўсимлик касалланмайди. Бугунги кунга келиб ғўзани фузариоз вилт касаллигига ўта чидамли “Бардош” нави яратилиб, давлат навсинаш комиссиясига топширилган.
Илмий-тадқиқот ишлари давоми этмоқда. Биз фасл танламаймиз. Иш ҳар доим бир хил кетаверади. Ёш олимлар, талабалар, илмий изланиш қиламан, деган талабгорлар учун марказ ҳамиша очиқ.
ЎзА мухбири
Барно Мелиқулова ёзиб олди.