Истаймизми-йўқми, ижтимоий тармоқлар жамиятга, кундалик ҳаётимизга ойна тутмоқда...
Совуқ ҳавода ўқувчиларнинг қалин устки кийимлари ечилган ҳолда мактаб ҳовлисига қатор тизиб қўйилгани акс этган фотосурат шу кунларда муҳокама марказига чиқди. Андижон вилоятида олингани айтилаётган расмда ён-атрофдаги катта ёшли кишилар қалин кийимларда, болалар эса юпун кийимда, совуқда дилдираган ҳолда қандайдир меҳмонни қарши олаётгани акс этган.
Изоҳлардан маълум бўлишича, шу куни ўша мактабда давлат байроғи кунига бағишланган тадбир бўлган. Дарвоқе, 18 ноябрь куни Ўзбекистон бўйлаб совуқ об-ҳаво кузатилиб, кўп жойда қор ёққан эди...
Бу воқеага Олий Мажлиснинг Бола ҳуқуқлари бўйича вакили Алия Юнусова муносабат билдирди.
- Совуқ ҳавода болаларнинг енгил кийимда кўчада туришига йўл қўйган мактаб директорининг хатти-ҳаракатини умуман оқлаб бўлмайди, дейди - А.Юнусова. - Ким келишидан қатъий назар, болалар меҳмонни кутишга бу йўсинда мажбурланмаслиги керак. Ким бунинг ташаббускори бўлса, жавобгарликка тортилиши шарт. Ушбу воқеа тегишли давлат идораларида муҳокама қилинмоқда, деб умид қиламан. Тез орада биз Халқ таълими вазирлигининг изоҳини эшитамиз. Бола ҳуқуқлари бўйича вакил сифатида мен Халқ таълими вазири Ш.Шерматовнинг эътиборини болаларни жалб қилган ҳолда тадбирларни ўтказишда бундай ҳолатларнинг такрорланишига йўл қўйилмаслигига қаратаман.
Ижтимоий тармоқларда Вакилнинг фикрлари қўллаб-қувватланди.
Раимберган Сабуров “Ўзи бундай дабдабабозлик кимга керак?”, деб ёзган бўлса, Ҳусниддин Турғунбаев “Айримлар фақат “пиар” учун ишлайди. Қилаётган ишининг оқибатини ўйлаб кўриш наҳотки қийин бўлса?”, деб фикр билдирган.
Журналист Шарофиддин Тўлаганов: “Атроф қор.... Катталар иссиқ кийимда, болалар енгил кийимда. Шу тариқа болаларга байроққа ҳурмат ғоясини сингдирамизми? Акс натижа бермасмикан? Мутасаддилар қандай ухлади экан? Ё тадбир ўтказилгани борасида юқорига ҳисобот бериб елкасидаги тоғ ағдарилгандек бўлдимикин? Жавобгарликка тортиш керак”.
Журналистлар, фаол блогерлар томонидан болаларнинг совуқда азоблангани ҳолати шу тариқа қораланмоқда ва бунда айбдор шахслар жавобгарларликка тортилиши кераклиги ҳақида фикрлар билдирилмоқда. Ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари эса бу каби фикрларни қўллаб-қувватламоқда.
Дарҳақиқат, болаларни ҳар қандай кўринишда ёки усулда бўлсин азоблашга, уларни таҳқирлашга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Андижонда рўй берган ҳолат бўйича расмий муносабат ва амалий натижани биз ҳам кутамиз. Демак, мавзуга яна қайтамиз.
Норгул Абдураимова, ЎзА