Бугун тарих зарварақлари қайта варақланаётганлиги боис ундаги яширин асл ҳақиқатлар ўз бўй-бастини кўрсатмоқда.
Ўз вақтида номи тилга олиниши ман этилган давлат арбоби Усмон Юсупов сиймоси ҳам бугун қайта саҳнага чиқмоқда.
1937-1950 йилларда Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитетининг биринчи котиби, 1953-1955 йилларда эса Ўзбекистон Министрлар Советининг раиси лавозимларида фаолият юритган Усмон Юсуповнинг номи қайта ардоқлана бошланди.
Кеча Сирдарё вилоятининг Боёвут туманида Усмон Юсупов сиймосига ўрнатилган бюстнинг тантанали очилиш маросими бўлди.
Бюст Усмон Юсупов раҳбарлик лавозимидан кетгандан кейинги тақдири билан боғлиқ бўлган Боёвут туманидаги колхозда ўзи яшаган ҳовлининг марказида очилди. (Усмон Юсупов 1955-1960 йилларда 4-Боёвут совхозда раҳбар бўлиб ишлаган.)
Тантанали маросимни Сирдарё вилояти ҳокими Ғофир Мирзаев очиб берди ва бутун Сирдарё халқи номидан Усмон Юсуповнинг иккинчи жаҳон урушидаги буюк ғалабага ҳамда Сирдарё вилоятининг гуллаб яшнашига қўшган ҳиссаси учун миннатдорлигини баён қилди.
Мирзачўлни боғу бўстонга айлантиришда катта ҳисса қўшган ватанпарвар инсон Усмон Юсупов ҳақига Қуръон тиловат қилиниб, дуо-ю фотиҳ ўқилди. Шундан сўнг бошланган конференцияда у билан бевосита бирга ишлаган меҳнат фахрийлари ёшликдаги хотиралари билан ўртоқлашди.
Усмон Юсупов раҳбарлик қилган 4-Боёвут совхозида илк фаолиятини бошлаган давлат ва жамоат арбоби Азиз Тўраев у билан ўтган даврларини хотирлаб, халқ орасида «Усмон ота» номини олишига сабаб бўлган хислатларига тўхталди. Аниқроғи, даврага йиғилганлар кўз ўнгида 1955-1960 йилларнинг манзараси гавдаланди.
Усмон Юсуповнинг қизи Зоя Петросенко Москва шаҳридан карантин сабаб келолмай қолганлиги боис Ўзбекистон халқидан миннатдорчилик изҳорларини аудиоёзув орқали жўнатган экан. Конференцияда йиғилганларга қўйиб эшиттирилган ушбу аудиоёзувда Зоя Петросенко отасининг номи қайта оқланганидан, ҳақиқат қарор топганидан бениҳоя хурсанд эканлигини ҳам баён этган.
Тадбир ташкилотчиси Ўзбекистон Фахрийларнинг ижтимоий фаолиятини қўллаб-қувватлаш «Нуроний» жамғармаси раисининг ўринбосари Шароф Убайдуллаев Сирдарё вилоятининг айниқса, Мирзачўлнинг боғу бўстонга айланишида Усмон Юсуповнинг сингган меҳнатларига тўхталди. У Усмон Юсуповнинг номи оқланиши ва яна қайта ардоқланишининг сабабларини батафсил асослаб берди.
Конференция сўнггида меҳнат фаолиятини Усмон ота қўл остида бошлаб, кўп йиллар Сирдарё вилояти ва республикада раҳбарлик лавозимларида ишлаган давлат ва жамоат арбоби Азиз Тўраев вилоят ҳокимлиги томонидан тақдирланди.
А.Тўраевнинг кўп йиллик юрт олдидаги меҳнатлари қадрланган ҳолда унга «Президент совғаси» – автомашина берилди.
Конференция якунлангач, меҳнат фахрийлари ва меҳмонлар учун дастурхон ёзилди.
Усмон Юсупов халқимизнинг ишонч ва ҳурматини қозонган омма етакчиси эди. Ўзбекистоннинг 1937-1950 йиллардаги, айниқса, Иккинчи жаҳон уруши давридаги тарихида юз берган буюк бунёдкорлик, ниҳоятда оғир ҳаётни унингсиз тасаввур қилиш мумкин эмас. У тарих синовидан шон-шараф билан ўтган, ўз халқининг ҳурмат ва эҳтиромини қозонган ўта камтар, меҳнаткаш, ғамхўр, миллатпарвар, ватанпарвар арбоб бўлган.
Шерали ОТАБОЕВ, Нишон АБДУВОИТОВ (сурат), ЎзА