БМТ Аёллар ташкилоти ва Мустақил таҳлил маркази — Прогрессив ислоҳотлар маркази ўртасида юртимизда гендер тенглиги ва аёллар ҳуқуқини илгари суриш йўлида ҳамкорликда ишлаш бўйича англашув меморандуми имзоланди.
Ушбу ҳамкорлик далилларга асосланган сиёсий ислоҳотларни илгари суриш, институтлар салоҳиятини мустаҳкамлаш ва гендер масалалари бўйича инклюзив миллий мулоқотни ривожлантиришга қаратилган.
Ҳамкорлик доирасида икки томон аёлларга қарши зўравонликнинг олдини олиш, уларнинг иқтисодий ҳуқуқ ва имкониятини кенгайтириш, оммавий ахборот воситаларида гендер тенглик масалаларини ёритишни кучайтириш каби йўналишларда қўшма ташаббусларни илгари суради.
Қайд этиш керак, Прогрессив ислоҳотлар маркази маълумотларни тизимли равишда тўплаш ва чуқур таҳлил қилиш, долзарб ва ишончли тадқиқотлар олиб боришда етакчи рол ўйнайди. Шу билан бирга, БМТ Аёллар ташкилоти эса глобал илғор тажрибалар, халқаро стандартлар ва техник ёрдамни тақдим этиб, Ўзбекистоннинг гендер соҳасидаги ислоҳотларини халқаро контекст билан мувофиқлаштириш ва мустаҳкамлашга кўмаклашади.
— Ушбу ҳамкорлик гендер тенгсизлигига қарши курашда маҳаллий шароитга асосланган, лекин глобал тажрибадан хабардор ёндашувларга ўтишимизни англатади, — дейди Прогрессив ислоҳотлар маркази директори Миршоҳид Асланов. — Кучларимизни бирлаштириб, тадқиқотлар, мулоқот ва амалий ҳаракатлар орқали барқарор натижаларни яратишни мақсад қилганмиз.
Мазкур меморандум ҳар икки ташкилотнинг мустақил овозини ҳурмат қилган ҳолда, қўшма коммуникация механизмлари ва умумий тарғибот стратегияларини белгилайди. Бу ҳамкорлик мамлакатимизда ислоҳотларга йўналтирилган ҳамкорлик муҳити кенгайиб бораётганининг муҳим кўрсаткичи ҳисобланади.
Беҳруз Худойбердиев, ЎзА