Маълумки, глобал пандемиянинг фожеавий тўлқини ер юзидаги миллионлаб инсонлар қатори кўплаб ҳамюртларимиз турмуш тарзига ҳам сезиларли салбий таъсир ўтказди.
Айниқса, чет элларга ишлаш, хизмат кўрсатиш, даволаниш ёки бошқа мақсадларда борган минглаб фуқароларимиз ўта мушкул аҳволга тушиб қолишди.
Шукурки, Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида давлатимиз ва ҳукуматимиз томонидан инқирозли вазиятда ўзбекистонликларни юртимизга олиб келиш, карантин ҳудудида сақлаш ва яқинлари бағрига қайтариш бўйича комплекс чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Энг муҳими, юртдошларимиз жаҳоннинг қайси нуқтасида бўлмасин, Ўзбекистон ҳукумати уларга эътибор ва ғамхўрлик кўрсатишга қодирлигини ҳис қила бошладилар. Бу замонавий давлатчилигимиз тарихида ҳокимиятнинг аҳоли билан яқинлиги борасида мисли кўрилмаган ҳодисадир.
Карантин жорий этилгандан буён хорижда қолиб кетган жами 400 мингдан зиёд юртдошимиз Ватанга қайтарилди. Айни йўналишдаги интенсив ва тизимли амалий чоралар бир кун ҳам тўхтамай, ҳозирга қадар изчил давом эттирилмоқда.
Сентябрь ойи охирида биз - Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг бир гуруҳ депутатлари узоқ Кавказнинг Абхазия заминида юзлаб ўзбеклар пандемия туфайли ҳимоясиз, ночор аҳволда қолганини баён қилиб, уларни Ватанга қайтаришда амалий кўмак беришни сўраб Республика махсус комиссиясига депутатлик сўрови юборган эдик.
Ушбу мурожаат асосида Комиссия томонидан Ташқи ишлар вазирлиги ва мамлакатимизнинг РФдаги дипломатик ваколатхонаси орқали Россия ва Абхазиядаги мутасадди идоралар билан самарали музокаралар олиб борилди ва юртдошларимизни Ўзбекистонга қайтариш бўйича муҳим келишувга эришилди.
Натижада биринчи босқичда, яъни 2020 йил 9 октябрда 19 нафар фуқаромиз Ватанга қайтарилди. 28 октябрь ва 1 ноябрь кунлари ташкил этилган “Ўзбекистон ҳаво йўллари” компанияси чартер рейслари орқали яна 385 киши юртимизга олиб келинди.
Ҳозирги кунда Абхазиядан Ватанга қайтиш истагида бўлган фуқароларимизнинг янги рўйхати шакллантирилмоқда.
Абхазиядан қайтган бир гуруҳ юртдошларимиз - И.Мирзаев, А Эргашев, М.Сафарова, С.Ҳусанов ижтимоий тармоқ орқали Юртбошимизга самимий миннатдорлик сўзларини қуйидагича изҳор қилишибди:
“Яқинда Абхазиядан 400дан зиёд фуқаро Ватанга қайтарилди. Бундай машаққатли иш ортида улкан меҳнат, оқилона ва тўғри сиёсат ётганини барчамиз юракдан англаб турибмиз. Бу жараён қанчалик қийин кечганини фақат бошидан ўтказган, ушбу воқеаларни ўз кўзи билан кўрган одамгина ҳис қила олади.
Жонкуяр инсонлар хизмати, тўғри ташкил қилинган амалий ишлар туфайли бунинг уддасидан чиқилди. Шу муносабат билан, биз энг аввало, Сиз, муҳтарам Президентимизга, қолаверса, шундай савобли ишларга ҳисса қўшаётган Ҳукумат, вазирлик ва идоралар раҳбарлари, дипломат ва консулларимиз, депутатларимизга ташаккур изҳор этмоқчимиз.
Ўзга ўлкаларда кўмакка муҳтож бўлиб, чорасиз қолганда Она юрт нажот қўлини чўзиши, сидқидилдан ғамхўрлик қилиши жуда ёқимли.
Бундай илиқ муносабат бизга ғайрат, куч-қувват бахш этди. Хайрли ишлар бардавом бўлишини сўраган ҳолда, яна бир бор бизнинг юртга қайтишимизга кўмак берган барча азиз инсонларга самимий миннатдорлик бирдирамиз”!
Қодир Жўраев,
Феруза Нигматова,
Муқаддас Тиркашева,
Олий Мажлис
Қонунчилик палатаси депутатлари,