Мамлакатимизда бугунги кунда жисмоний ёки ақлий ривожланишида нуқсони бўлган болалар учун мўлжалланган 86 та ихтисослаштирилган давлат таълим муассасасида 21 минг 363 бола таълим-тарбия олмоқда. 13 минг 868 ўқувчига эса уйда якка тартибда таълим берилади.
Бугунги кун талаблари асосида инклюзив таълимни жорий этишнинг ҳуқуқий асосларини яратиш мақсадида янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикасининг “Таълим тўғрисида”ги қонуни лойиҳасига инклюзив таълим тушунчаси киритилди.
Бу борада Президентимизнинг 2018 йил 5 сентябрда қабул қилинган “Халқ таълими тизимига бошқарувнинг янги тамойилларини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори тизим ривожида муҳим аҳамият касб этаётир.
Ушбу ҳужжат асосида Халқ таълими вазирлиги томонидан ривожланишида турли нуқсони бўлган ҳамда даволанишга ва соғломлаштиришга муҳтож болаларнинг ижтимоий кафолатларини таъминловчи чора-тадбирлар самарадорлигини янада ошириш, уларнинг таълим-тарбия олишига хизмат қиладиган мослашув муҳитини яратиш бўйича алоҳида вазифалар белгиланди.
Мазкур белгиланган вазифалар ижроси доирасида амалга оширилаётган ишлар хусусида ЎзА мухбирига Халқ таълими вазирлиги Болаларни ижтимоий ҳимоялаш ва қўллаб-қувватлаш бошқармаси бошлиғи ўринбосари Сухроб ХОЛИҚОВ қуйидагиларни сўзлаб берди.
– Инклюзив таълим бўйича Европа Иттифоқи билан ҳамкорликда 2014-2016 йилларда амалга оширилган лойиҳа доирасида республиканинг 5 та ҳудудида тажриба-синов майдончалари ташкил этилди. 153 нафар тиббий-психологик-педагогик комиссия ва 1350 нафар педагог ходим инклюзив таълим хизматларига ўқитилди. Таълим тизимига инклюзив амалиётни татбиқ этиш бўйича педагог ходимларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институтларининг ўқув режаларига 3 та ўқитиш модули киритилди. 2000 дан ортиқ имконияти чекланган болалар ва уларнинг ота-оналарига инклюзив таълим хизматлари ташкил этилди.
Ривожланишида турли нуқсонлари бўлган ҳамда даволаниш ва соғломлаштиришга муҳтож бўлган болаларнинг ижтимоий кафолатларини таъминловчи саъй-ҳаракатлар, коррекцион ва реабилитацион ишлар натижасида охирги беш йилда 500 нафарга яқин мана шундай ўқувчиларнинг умумий ўрта таълим мактабларига қайтиши таъминланди. Ҳозирда 5900 дан ортиқ умумий ўрта таълим мактабларида инклюзив таълим билан 64 минг 700 нафарга яқин ўқувчилар қамраб олинган.
Ўзбекистонда инклюзив таълимни такомиллаштириш, алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болаларга таълим-тарбия бериш тизимини шакллантириш ҳамда уларга кўрсатиладиган таълим хизматлари сифатини яхшилашга қаратилган Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 13 октябрда “Алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болаларга таълим-тарбия бериш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
Мазкур қарор билан 2020-2025 йилларда халқ таълими тизимида инклюзив таълимни ривожлантириш концепцияси қабул қилинди. Қонцепцияни амалга ошириш бўйича 2020-2021 йилларга мўлжалланган “Йўл харитаси” тасдиқланди.
Эътиборли жиҳати шундаки, 2023-2025 йилларда инклюзив таълим тизими 51 фоиз умумтаълим мактабларида жорий қилиниши белгиланган. Ушбу таълим шаклига 40 фоиз имконияти чекланган болалар жалб қилинади.
Имконияти чекланган болалар мусиқа, рассомчилик, тасвирий санъат, кулолчилик, жисмоний тарбия ва спорт, компьютер, тикувчилик ҳамда бошқа мактабдан ташқари тўгараклар билан қамраб олинади. Шу билан бирга, инклюзив таълимда ўқитиш усуллари такомиллаштирилади ҳамда таълим жараёнига индивидуаллаштириш тамойиллари босқичма-босқич жорий этилади.
Шаҳноза МАМАТУРОПОВА, ЎзА