Фаластин делегациясининг учрашувлари
Фаластин Давлати ташқи ишлар вазири ўринбосари Мазен Шамия раҳбарлигидаги делегация мамлакатимизнинг қатор вазирлик ва идораларида музокаралар ўтказди.
Фаластин Давлати ташқи ишлар вазири ўринбосари Мазен Шамия раҳбарлигидаги делегация мамлакатимизнинг қатор вазирлик ва идораларида музокаралар ўтказди.Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигида бўлиб ўтган мулоқотда Ўзбекистон – Фаластин муносабатлари, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, Ислом ҳамкорлик ташкилоти ва бошқа тузилмалар доирасидаги ҳамкорликнинг ҳозирги ҳолати ва ривожланиш истиқболлари муҳокама қилинди, томонларни қизиқтирган минтақавий ва халқаро масалалар юзасидан фикр алмашилди.
Фаластин Давлати ташқи ишлар вазири ўринбосари Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Халқаро ишлар ва парламентлараро алоқалар қўмитасида бўлди. Меҳмонга Олий Мажлис Қонунчилик палатаси таркибий тузилиши, сиёсий партиялар ва Экоҳаракат депутатлар гуруҳи вакилларининг фаолияти, сайловчилар билан доимий мулоқот тизими ҳақида сўзлаб берилди.
Музокарада мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлашда парламентнинг роли ва аҳамиятига доир масалалар муҳокама қилинди.
– Олий Мажлис Қонунчилик палатасига ташрифимиз доирасида партиялар фаолияти, парламент имкониятлари билан яқиндан танишдик, – деди Мазен Шамия. – Сиёсий жараёнларда хотин-қизларнинг фаоллиги бизда катта таассурот қолдирди.
Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасида бўлган учрашувда Ўзбекистон ва Фаластин ўртасида туризм соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш ҳақида сўз юритилди. Меҳмонлар мамлакатимиз Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ва Фаластин туризм вазирлиги ўртасида ўзаро Англашув меморандумини имзолаш, турли ярмарка ва кўргазмаларда иштирок этишдан манфаатдор эканини таъкидлади.
Фаластин делегацияси Ўзбекистон Республикаси Ташқи савдо вазирлиги, Савдо-саноат палатасида ҳам музокаралар ўтказди. Унда фармацевтика, машинасозлик ва озиқ-овқат соҳаларида ҳамкорликни ривожлантириш, биргаликда бизнес-форумлар ташкил қилишга келишиб олинди.
Фаластин делегацияси аъзолари Ҳазрати Имом (Ҳастимом) мажмуини зиёрат қилди.