Мамлакатимиз пиллакорлари 26 минг тоннадан зиёд пилла тайёрлаб, йиллик шартнома мажбуриятини адо этди
Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар қишлоқ хўжалигининг муҳим тармоқларидан бўлган пиллачиликда ҳам ўзининг юксак самараларини бермоқда. Президентимиз Ислом Каримовнинг 2006 йил 15 ноябрдаги “Республика пиллачилик тармоғини янада ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бунда дастуриламал бўлаётир.
Ўзбекистон Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигидан маълум қилишларича, бу йил пиллакорларимиз “Ипакчи-1”, “Ипакчи-2”, “Ўзбекистон-5”, “Ўзбекистон-6” каби серҳосил, иқлим шароитимизга мос, касалликларга чидамли маҳаллий навлардан иборат 454 минг 600 қутидан зиёд ипак қурти уруғи парваришлаб, ҳар қутидан ўртача 57,6 килограммдан ҳосил олди.
Самарқанд, Қашқадарё, Сурхондарё, Бухоро, Фарғона, Наманган, Навоий вилоятлари пиллакорлари биринчилар қаторида пилла етиштириш бўйича шартномавий режани ошириб бажарди. Каттақўрғон, Касби, Жарқўрғон, Қоракўл, Бешариқ, Норин, Хатирчи туманларида ҳар қути ипак қуртидан 60-67 килограммдан ҳосил олишга эришилди.
Яккабоғ туманидаги “Ҳидоятов Тоғай Ҳидоятович” фермер хўжалигида ҳар қути уруғдан 92, Каттақўрғон туманидаги “Бекзод” фермер хўжалигида 74, Жондор туманидаги “Шариф Қурбон” фермер хўжалигида 72, Фурқат туманидаги “Қудратулло” фермер хўжалигида 70, Жалақудуқ туманидаги “Зокиробод нияти” фермер хўжалигида 68, Пахтакор туманидаги “Нўъмон ота”фермер хўжалигида 67 килограммгача сифатли “кумуш тола” олинди.
Жорий йилда “Ўзпахтасаноат” уюшмаси тизимидаги пахта қабул қилиш пунктлари қошида ташкил этилган 196 ихтисослашган пиллахонада ҳам 22 минг 700 қути ипак қурти боқилди.
Мамлакатимиз пиллакорларининг бу муваффақиятида давлатимиз раҳбари томонидан пилланинг янги навларини яратиш ҳамда ипак толасининг сифатини халқаро стандартлар талаблари даражасига олиб чиқиш, уни замонавий бозор тамойиллари асосида сотиш, қайта ишлаш жараёнини ислоҳ қилиш устувор вазифа этиб белгилангани муҳим омил бўлди.
Шу билан бирга, кейинги йилларда мавжуд тутзорлар майдонининг кенгайиши, озуқа базаси мустаҳкамлангани, мавсумга малакали мутахассислар жалб этилиб, пиллакорлар учун зарур моддий-техник ресурслар ҳамда жиҳозлар ўз вақтида тўлиқ етказиб берилгани соҳадаги ютуқларда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Зеро, бу қимматбаҳо хомашё шаҳар ва қишлоқларимиз ободлиги, саноатимиз тараққиётида ўзига хос ўрин тутади. Бир тонна пилладан 350 килограмм ипак, 20 минг метр адрас, 13 минг метр атлас, ўнлаб бошқа турдаги маҳсулот тайёрланишини эътиборга олсак, эришилган ютуқ иқтисодиётимизнинг янада юксалишига хизмат қилиши аён бўлади.
Пилла қабул қилиш пунктларида иш қизғин бормоқда. Кейинги йил пилла ҳосилига тайёргарлик кўриш, мавжуд тутзорларга ишлов бериш, уларни зараркунандалардан асраш ишлари ҳам давом этмоқда.