Фермерлар учун амалий семинар
Бекобод туманида Тошкент ва Сирдарё вилоятлари фермерлари иштирокида “Ўзбекистон фермерлари – дунё эътирофида” мавзусида амалий семинар ўтказилди.
Бекобод туманида Тошкент ва Сирдарё вилоятлари фермерлари иштирокида “Ўзбекистон фермерлари – дунё эътирофида” мавзусида амалий семинар ўтказилди.Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон либерал-демократик партияси сиёсий кенгаши ижроия қўмитаси ҳамда Ўзбекистон Фермерлари кенгаши ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда “Ўзбекозиқовқатхолдинг” холдинг компанияси, “Ўзбекозиқовқатзахира” уюшмаси, “Ўзагроэкспорт” ихтисослаштирилган ташқи савдо компанияси, Ўзбекистон Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки ҳузуридаги Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг экспортини қўллаб-қувватлаш жамғармаси вакиллари, эксперт-мутахассислар ҳамда фермерлар иштирок этди.
Президентимиз раҳнамолигида аграр соҳани ривожлантириш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқаришни кўпайтириш, қайта ишлаш, уларни экспортга йўналтириш борасида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар юксак самаралар бераётгани таъкидланди. Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 12 апрелдаги “Мева-сабзавот, картошка ва полиз маҳсулотларини харид қилиш ва улардан фойдаланиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори соҳада амалга оширилаётган ишлар кўламини янги босқичда давом эттиришда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Семинарда асосий эътибор қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш, уларни экспорт қилиш, бу борадаги ислоҳотлар самараларини қишлоқ мулкдорларига етказиш, фермер хўжалиги раҳбарларининг билими ва кўникмасини, ҳуқуқий маданиятини ошириш масалаларига қаратилди.
– Президентимизнинг жорий йил 12 апрелдаги қарори мазмун-моҳиятига эътибор қилинса, ички истеъмолдан ортган маҳсулотни четга экспорт қилиш бўйича ўзига хос тизим яратилгани айтиб ўтилган, – дейди Зангиота туманидаги “Зиёдулла Саъдуллаев” фермер хўжалиги раҳбари Шавкат Саъдуллаев. – Энди етиштириладиган мева-сабзавот ва полиз маҳсулотлари учун олдиндан 40 фоиз бўнак тўланади. Бу фермерларга жуда катта амалий ёрдам ва имконият дегани. Мазкур семинар соҳада энди иш бошлаган ҳамда мева-сабзавот ва полиз маҳсулотлари етиштириб экспорт қиладиган биз каби кўп тармоқли фермер хўжаликлари учун мутахассислар билан фикр алмашиш имконини берди.
Мутахассислар томонидан фермерларга мева-сабзавот етиштиришда илғор усул ва технологияларни қўллаш, қир-адирлардаги боғларни томчилатиб суғоришни йўлга қўйиш, мавжуд боғ ва токзорлар қатор ораларига картошка, сабзавот ва полиз экинлари экиш, иссиқхона ташкил этиш, аҳоли томорқасидан унумли фойдаланиш бўйича тавсиялар берилди.
Тадбир доирасида иштирокчилар ҳудудларда барпо этилган намунали интенсив боғлар парвариши, мева-сабзавотларни сақлайдиган музлаткичлар, маҳсулот экспортини йўлга қўйишда яқиндан ёрдам берувчи агрофирмалар фаолияти билан танишди.