Жиззах вилоятида Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси фахрийларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш маркази ташаббуси билан “Уч авлод учрашуви” ташкил этилди.
Иштирокчилар дастлаб давлат арбоби, ёзувчи Шароф Рашидов ҳайкали пойига гул қўйди. Шаҳардаги “Ҳамид Олимжон ва Зулфия” ҳамда “Шароф Рашидов” музейлари, Шароф Рашидов таълим олган 10-сонли умумтаълим мактаби, Шароф Рашидов номидаги вилоят ахборот-кутубхона маркази ва Қозон федераль университети Жиззах филиалига саёҳат иштирокчиларда катта таассурот қолдирди.

Бош прокуратура фахрийларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш маркази раиси Ботир Калонов бошчилигидаги соҳа фахрийлари, вилоят прокуратураси ходимлари, шу жумладан, соҳага энди кириб келаётган ёш мутахассислар ҳамда уларнинг ота-оналари иштирокидаги “Устоз-шогирд” учрашуви жуда қизғин ўтди. Тадбирда малака кенгашининг қарори билан иш ўрганиш дастурини муваффақиятли бажарган 27 нафар соҳанинг ёш мутахассислари тантанали қасамёд қабул қилди.
Прокуратура органларида узоқ йиллар давомида самарали меҳнат қилган фахрийлар ёш мутахассисларга, ўзларининг меҳнат фаолияти ва амалиётдаги бой тажрибаларини ҳикоя қилиб берди.

– Ушбу жонли ҳикояларни тинглаган ҳар қандай киши қалбида ватанпарварлик, инсон қадри улуғланаётган бугунги кунга шукроналик туйғулари жўш уриши табиий, – дейди Жиззах вилояти прокурори ўринбосари Маъруф Хўжамқулов. – Устозларнинг ўз тажрибалари асосида билдириб ўтган хизмат фаолияти билан боғлиқ ўгитлари эса, ёш ходимларга чинакам сабоқ бўлади.

Фахрийлар вилоят прокуратурасида ташкил этилган музей ва маънавият бурчаги, шаҳар марказидаги 3-сонли ички ишлар бўлинмаси, “Кимёгар” маҳалла фуқаролар йиғини “маҳалла еттилиги” фаолияти билан яқиндан танишиб, у ерда ҳам ўзларининг зарур тавсия ва маслаҳатларини берди. Иштирокчилар туман ҳудудидаги “АДМ Жиззах” автомобиль ишлаб чиқариш заводи фаолияти ҳамда туманнинг “Сайхон” маҳалласидаги “Янги Ўзбекистон” массивида олиб борилаётган бунёдкорлик ишларига юқори баҳо берди. Бу ерда ҳам соҳа фахрийлари хизмат ўтаётган ходимлар, ёш мутахассислар, талаба-ёшлар, вилоят ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг фахрийлари, нуронийлар, жамоатчилик фаоллари ва бошқалар иштирокидаги учрашув ҳам юқори савияда ўтди.

Тадбирда Жиззах вилояти ҳокими Э.Салиев иштирок этди. Мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар прокуратура соҳасида ҳам ўзининг ёрқин самараларини бераётгани, олий даражали унвонга эга соҳа фахрийларининг олтинга тенг ўгит ва тавсиялари ёш мутахассисларнинг иш фаолиятида катта аҳамият касб этишини алоҳида таъкидлади.
Шунингдек, иштирокчилар Зомин ўрмон хўжалиги ҳудудида ташкил этилган прокуратура боғида бўлиб, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида кўчат ўтқазишди.
Тадбир якунида юртимизда улоқ-кўпкари миллий ўйинларининг ривож топишига ўзининг муносиб ҳиссасини қўшиб келаётган зоминлик Абдуғани Баратовга “Ўзбекистон спорт фахрийси” кўкрак нишони ҳамда меҳнат фахрийси гувоҳномаси топширилди.

– Биз уч авлод учрашувидан катта таассуротлар олдик, – деди Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси фахрийларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш маркази раиси Ботир Калонов. – Жиззах вилоятининг шаҳар ва туманларида катта сармоя эвазига барпо этилган Марказий Осиёда ягона бўлган автомобиль заводи, бир қатор улкан саноат корхоналари, Зомин туманида бунёд этилган туризм объектлари юртимизнинг юксак салоҳиятга эга эканидан далолат берса, вилоятнинг шаҳар ва туманларида ўтказган уч авлод учрашувлари давомида биз мулоқотда бўлган прокуратура органлари ходимлари ҳамда ёш мутахассисларнинг билим даражаси юксаклиги, соҳани жуда яхши ўзлаштириб олаётганлари прокуратура билимли ва ишончли қўлларда эканини англатади.
А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА.