Таиланднинг Накхонпатх шаҳрида волейбол бўйича 18 ёшгача бўлган аёллар жамоалари ўртасидаги 15-Осиё чемпионатининг дастлабки турида Ўзбекистон терма жамоаси Хитойнинг Макао терма жамоасига қарши ўйинни 3:1 ҳисобида ғалаба билан бошлади.
13 та жамоа 4 та гуруҳга бўлинган ҳолда кураш олиб бораётган қитъа чемпионатида Ўзбекистон терма жамоаси “А” гуруҳида Макао, Таиланд терма жамоалари билан жой олган.

Шунингдек, “В” гуруҳида Япония, Филиппин, Эрон, “С” гуруҳида Хитой, Қозоғистон, Гонконг, “Д” гуруҳида Жанубий Корея, Хитой Тайпейи, Ҳиндистон, Австралия жамоалари куч синашмоқда.
Ҳамюртларимиз ўз гуруҳида Макаога қарши ўйиннинг 1-сетида 25:12 ҳисобида ғалабага эришган бўлса, 2-сетда Макао жамоасининг аниқ зарбалари ҳисобига волейболчи қизларимиз 15:25 ҳисобида имкониятни бой берди. 3-сет Ўзбекистон волейболчи қизларининг тўлиқ устунлигида ўтди. Бу учрашувнинг 25:7 кўринишида якунланганида ҳам ўз аксини топди. 4-сет иккала жамоанинг ҳужумкорлигида кечди. Туп назоратини таъминлай олган ҳамюртларимиз баҳсни 25:21 ҳисобида ғалаба билан якунлашга эришди ва умумий ҳолатда ўзбекистонлик волейболчиларнинг 3:1 ҳисобида устунликка эришишига олиб келди.

Ўзбекистон терма жамоаси аъзоларининг муваффақиятга эришишида маҳоратли спортчиларимиз Мафтуна Раҳимова, Зебохон Абсаматова муносиб ҳисса қўшганлигини алоҳида таъкидлаш лозим. Юртимиз волейболчи қизлари бугун 18 июнь куни Таиланд терма жамоаси билан гуруҳдаги иккинчи ўйинни ўтказади.

Эслатиб ўтамиз, Таиландда ўтаётган волейбол бўйича 18 ёшгача бўлган аёллар жамоалари ўртасидаги 15-Осиё чемпионати 23 июнга қадар давом этади.
Т. Рўзиев, ЎзА