“Uzbekistan Airways” акциядорлик жамияти раҳбарияти ва компаниянинг таркибий бўлинмалари мутасаддилари томонидан Андижон шаҳрида сайёр қабул ташкил этилди.
Тадбир Ўзбекистон Республикасининг “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги қонуни ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 27 апрелдаги ва 2021 йил 19 июлдаги йиғилиш баённомаларида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида ўтказилди.
Сайёр қабул Андижон шаҳридаги “Чинор” меҳмонхонасида бўлиб ўтди. Унда жойлардаги аҳоли ва фуқаролар билан очиқ мулоқот ташкил этилди. Авиакомпания фаолияти, парвозлар тартиби, йўналишлар тармоғини кенгайтириш, хизмат сифати ҳамда ички туризмни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.
Тадбир давомида фуқаролар томонидан билдирилган қатор масалалар жойида ҳал этилди.
[gallery-25867]
– Мамлакатимизда авиация соҳасини ривожлантириш, ҳаво қатновларининг барқарор ва қулай бўлишини таъминлаш асосий вазифаларимиздан биридир. Жорий йилнинг туккиз ойи давомида 24 850 та парвоз амалга оширилиб, 4 миллион 368 минг нафар йўловчига хизмат кўрсатилди, – дейди “Uzbekistan Airways” АЖ Бошқаруви раиси ўринбосари Шухрат Ядгаров.
Унинг таъкидлашича, Фарғона водийсидаги йўловчилар талабидан келиб чиқиб, Андижон халқаро аэропортидан халқаро ва ички парвозларни тиклаш бўйича қатъий қарор қабул қилинган.
Жорий йил ноябрь ойидан бошлаб Андижондан Москва, Истанбул, Санкт-Петербург ва Новосибирск шаҳарларига тўғридан-тўғри рейслар амалга оширилади. Шунингдек, Тошкентга мунтазам ички рейслар йўлга қўйилиб, “Silk Avia” компанияси томонидан ҳафтасига икки марта қўшимча парвозлар амалга оширилиши кўзда тутилган.
Бу ўзгаришлар нафақат аҳоли учун қулайлик яратади, балки ҳудудий туризм ва ишбилармонлик алоқаларини ҳам ривожлантиради.
Айтиш жоизки, “Uzbekistan Airways” авиапарки жорий йилда 6 та замонавий ҳаво кемаси 2 та Airbus A320neo, 2 та ATR-72 ҳамда 2 та LET-410 самолёти билан бойитилди. Бу эса парвозлар сифатини ва хавфсизлигини янада оширишга хизмат қилмоқда.
Компания томонидан бир қатор халқаро йўналишлар ҳам очилди. Жумладан, Тошкентдан Санья, Фукуок, Ҳанчжоу, Гоа, Ҳургада, Махачқала, Нячанг, Исломобод, Мадрид ва Тюмень шаҳарларига парвозлар йўлга қўйилди. Рим, Мумбай ва Лахор йўналишлари қайта тикланди.
Бундан ташқари, компаниянинг ўқув-машғулот марказида етук мутахассислар тайёрланмоқда. 2024 йил битирувчилари Boeing 767 ҳаво кемасида иккинчи учувчи сифатида иш бошлаган бўлса, 2025 йил битирувчилари Airbus ҳайъати таркибида фаолият юритмоқда.
Янги парвозлар Андижон ва Фарғона водийси аҳолисига хавфсиз, қулай ва иқтисодий самарали саёҳат имконини тақдим этади.
Фахриддин Убайдуллаев, Зуҳриддин Умрзоқов (сурат), ЎзА мухбирлари