Муносабат
Ҳар йили 1 октябрь — Ўқитувчи ва мураббийлар куни юртимизда катта ҳурмат ва эҳтиром билан нишонланади. Бу сана нафақат ўқитувчи ва мураббийларнинг фидокорона меҳнати эътироф этиладиган кун, балки жамият ривожида таълимнинг ҳал қилувчи ўрни яна бир бор ёдга олинадиган, таҳлил қилинадиган муҳим фурсатдир.

Бу йилги касб байрами айниқса илҳомлантирувчи руҳда ўтмоқда. Чунки жонажон Ватанимизда таълим-тарбия тизими тубдан янгиланмоқда, устоз ва мураббийлар мавқеини оширишга қаратилган амалий чора-тадбирлар изчиллик билан ҳаётга татбиқ этилмоқда. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг устоз ва мураббийларга йўллаган самимий табригида кенг ёритилди.
Президентимиз таълим соҳасини давлат сиёсатининг энг устувор йўналишларидан бири сифатида белгилаб, “бугунги ўқитувчи — эртанги давлатимизнинг қиёфасини белгилаб берувчи асосий шахс” эканини алоҳида таъкидлади. Бу нафақат масъулият, балки устозларга бўлган чуқур ишонч ифодасидир.
Охирги саккиз йил ичида таълим соҳасига йўналтирилаётган маблағлар олти баробар оширилиб, 378 триллион сўмга етказилгани, юзлаб боғчалар, мактаблар, техникум ва олий таълим муассасалари қурилгани, улар замонавий жиҳозлар билан таъминланаётгани — буларнинг барчаси таълимга стратегик йўналиш сифатида қаралаётганининг яққол исботидир.
Мактабгача таълим қамровининг 27 фоиздан 78 фоизгача оширилгани, боғчалар сони 5200 дан 38 минггача кўпайгани ҳамда тарбиячилар ойлигининг мактаб ўқитувчилари маошига тенглаштирилгани соҳанинг асосий бўғинини мустаҳкамлаш борасидаги жиддий ёндашув бўлмоқда.
Алоҳида таъкидлаш керак: “Янги авлод” боғчаларининг ташкил этилиши, уларда илғор педагогик технологиялар жорий этилиши мактабгача таълим тизимини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқади.
Мактаб таълим тизимидаги ўзгаришлар ҳам тубдан ва ҳар томонлама амалга оширилмоқда. Янги 12 йиллик таълим тизимининг жорий этилиши, 9 ва 11-синфлар учун ягона давлат имтиҳонларининг жорий қилиниши таълимнинг мантиқий ва самарали давомийлигини таъминлашга қаратилган.
Бугунги кунда мактаб битирувчилари техникум ва олий таълим муассасаларига тўғридан-тўғри кириш имкониятига эга бўлади. Бу эса таълимда узвийликни таъминлаш, ёшларни эрта касбга йўналтиришда муҳим омилдир.
Шунингдек, Президент ташаббуси билан ташкил этилган Касбий таълим агентлиги орқали техникумлар халқаро стандартларга мос равишда қайта ислоҳ қилинмоқда. Германия, Буюк Британия, Корея, Хитой каби давлатлар билан ҳамкорликдаги лойиҳалар орқали талаб юқори бўлган мутахассислар етиштирилиши мақсад қилинган.
Умумий ўрта таълимда “мактаб маслаҳатчилари” жорий этилиши эса ҳар бир ўқувчининг иқтидори ва қизиқишларини эрта аниқлаш, тўғри касбий йўналиш бериш имконини яратади.
Олий таълим соҳасида сўнги йилларда эришилган ютуқлар ҳам эътиборли. Олийгоҳлар сони 77 тадан 202 тагача кўпайди, талабалар сони 1,5 миллионга етди. Ҳар йили минглаб ёшларимиз дунёнинг етакчи университетларида таълим олиш имконига эга бўлмоқда.
Педагог кадрларнинг малакасини ошириш, илмий фаолиятини рағбатлантириш, уларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш йўлида амалга оширилаётган ишлар таълим сифатига бевосита ижобий таъсир кўрсатмоқда.
Хусусан, янги йилдан камида 15 йил иш стажига эга олий тоифали ўқитувчиларга ипотека кредити учун давлат томонидан бошланғич бадалнинг 25 фоизини қоплаб бериш, олийгоҳларда ўқийдиган фарзандларига контракт тўловларига чегирма бериш, имтиёзли кредитлар ажратиш каби чоралар соҳа вакиллари учун янги имкониятлар эшигини очмоқда.
Мамлакатимиз раҳбарининг таълимга, айниқса, устоз шахсига бўлган муносабати жуда очиқ: у киши ўқитувчи ва мураббийларни жамиятнинг маънавий таянчи, тараққиёт пойдевори сифатида қадрлайди.
Президентимиз таъкидлаганидек, тарихда икки буюк Ренессанс даврида юзлаб алломалар, мутафаккирлар етишиб чиққан бўлса, уларни камол топтирган, илмга ошно қилган айнан устоз ва муаллимлардир. Бугунги кунда бунёд этилаётган Учинчи Ренессанс пойдевори ҳам айнан билимли, замонавий фикрлайдиган, Ватанга садоқатли авлодни тарбиялашга бор кучини бағишлаётган устозлар орқали қўйилмоқда.
Шундай эътибор, рағбат ва имкониятлар юртимизда таълимга, устозларга бўлган муносабат қай даражада юксак эканини кўрсатади. Бу маънавий қайта уйғониш йўлида ташланган мустаҳкам қадамлардир.
Демак, бизнинг олдимизда турган вазифа аниқ: Президентимиз белгилаб берган стратегия ва мақсадлар асосида таълим сифатини янада ошириш, ёш авлоднинг салоҳиятини рўёбга чиқариш ва энг муҳими, устоз ва мураббийлик касбини жамиятдаги энг нуфузли ва қадрли касбга айлантириш.
Ҳилола ЮСУПОВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати.