Туркияга дунё нигоҳи қаратилган кунлар...
Самарқанд давлат университети олимлари Анқара Йилдирим Боязид университетида Туркия ҳамкорлик ва мувофиқлаштириш агентлиги - TIKA томонидан ташкил этилган “Ўзбекистоннинг ўтмиши ва бугуни” симпозиумида иштирок этди.
2021 йил 11-12 ноябрь... Туркияга дунё нигоҳи қаратилган шу кунлари Истанбул шаҳрида Туркий давлатлар ташкилотининг тарихий саммити бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев саммитда иштирок этди ва нутқ сўзлади. Мазкур жараён Туркия оммавий ахборот воситаларида кенг ёритилиб, жамоатчилик томонидан алоҳида эътироф этилди. Ҳаяжонли воқеаларни биз ҳам ҳамкорлар билан бирга кузатиш бахтига муяссар бўлдик.

Ишонч ҳосил қилдикки, бугунги дунёда мамлакатимизга қизиқиш, интилиш тобора ортмоқда. Жумладан, туркий давлатларда ҳам Ўзбекистон раҳбарининг ташаббус ва ғоялари тан олиниши, илгари сураётган фикр, таклифларига юқори баҳо берилиши Ватанимиз номи янада улуғланишига хизмат қилмоқда.
Президент Шавкат Мирзиёев саммитдаги нутқида Туркий дунё бирлигига салмоқли ҳисса қўшган улуғ мутафаккир, давлат арбоби Алишер Навоий номидаги халқаро мукофот таъсис этилганини чуқур мамнуният билан эътироф этди. Бу Турк оламининг тарихи, бугуни, эртаси бирлигини, бутунлигини кўрсатади, англатади.

Ҳазрат Навоий турк дунёсини ўз қалами билан бирлаштиришга, бирдамлаштиришга беқиёс ҳисса қўшган, халқларимизнинг жаҳон миқёсидаги фахр-ифтихорига айланган шахс ҳисобланади. Улуғ шоирнинг қуйидаги ўлмас сатрлари ҳам фикримизга далил:
Турк назмида чу мен тортиб алам,
Айладим ул мамлакатни якқалам...
Ўзбекистон раҳбарининг “Туркий тилли давлатларнинг тарихий, илмий ва маданий меросини ўрганиш тадқиқот маркази”ни ташкил этиш тўғрисидаги таклифи турк олимлари томонидан ҳам зўр мамнуният билан қарши олинганига шахсан гувоҳ бўлдим.

Президентимизнинг бу таклифи тарихни тўғри таҳлил қилиб, бугунни яратиш ва қуришга қаратилгани билан ҳам аҳамиятлидир. Шавкат Мирзиёевнинг ёшларга эътибори ва ғамхўрлиги Ўзбекистон ҳудудидан чиқиб, жаҳоний аҳамият касб эта бошлади. Ташкилот минбарида Давлатимиз раҳбари 2022 йилни Туркий дунёда “Ёшлар ташаббусларини қўллаб-қувватлаш йили”, деб эълон қилиш ғоясини ўртага ташлади.
Анқарада биз билан мулоқот қилган ўнлаб турк ёшлари, талабалари мазкур таклиф ҳақидаги фикр-мулоҳазаларини билдиришди. Улар Ўзбекистондаги ёшларга оид давлат сиёсати ҳақида ҳам маълумотга эга экан. Маҳаллий ўғил-қизлар мамлакат етакчисининг дунё ёшларига эътибор, меҳри учун ташаккур билдиришди.
Сафаримиз давомида қардошларимизнинг Президент Шавкат Мирзиёев шахсига нисбатан юксак ишончи, ҳурмати, эътирофи яққол сезилиб турди.
Ўша кунлари икки давлат, халқларимиз муносабатида кечган самарасиз йиллар ҳам афсус билан эсланди. Фақат 2016 йилга келиб, орадаги совуқликка чек қўйилди. Ўтган беш йил давр ичида Туркия билан ҳар томонлама алоқалар мутлақо янги босқчига кўтарилди.
Бу ҳақиқатни турк жамияти жуда қадрлар экан. Менинг назаримда, бошқа мамлакатда ўзга бир давлатнинг раҳбари ҳақида бундайин илиқ, ижобий қарашга гувоҳ бўлиш амри маҳол.
Айни ёқимли ҳолат, қайсидир маънода, биз, олимлар симпозиумига ҳам ўз таъсирини ўтказди. Анқара Йилдирим Боязид университети ректори, профессор Иброҳим Айдинли ва мазкур таълим даргоҳи мутасаддилари билан учрашув чоғи ҳам яқинда Ўзбекистонда бўлиб ўтган Президент сайлови ва Шавкат Мирзиёевнинг сайловдаги ғалабаси бош мавзуга айланди.
Шавкат Мирзиёевнинг давлат бошқарувига келиши, ўз-ўзидан, бутун турк дунёси учун ҳам жуда муҳимлиги, турк халқларининг бирдамлиги, бирлиги бўйича Ўзбекистон раҳбари тарихий ишлар қилаётгани, Президентимиз Марказий Осиё иттифоқининг ташаббускори экани алоҳида таъкидланди.
Университетнинг янги биноси қурилаётган майдонда бир пайтлар Соҳибқирон Амир Темур ва Йилдирим Боязид учрашган. Бинобарин, бугун тарихни муҳокама қилиш ёки тафтиш этиш нияти ҳеч бир томонда йўқ.
Мени ҳаяжонга солган бир воқеани айтай. Айнан шу майдонда “Ўзбекистон хотира хиёбони” (турк тилида “Özbekistan hatira ormani”) яратилди. Боққа илк кўчатларни ўзбек-турк олимлари ўтқазишди. Бу тарихий жараёнда иштирок этиш ҳар биримизга ифтихор бағишлади.
Ўша лаҳзаларда хаёлимдан ўтдики, бу табаррук тупроқда аждодларимиз қони, армони, умиди ва биз авлодларга ҳайқириғи бор. Тарих хатолар силсиласи эмас, балки хулосалар мажмуасидир. Ўтмиш мураккаблигидан тўғри сабоқ чиқариш барчамизнинг вазифамиз.
“Ўзбекистон хотира хиёбони” – дўст, қардош, қондош, диндош турк халқининг ўзбек халқига буюк эҳтироми, чексиз меҳри, ўзгармас садоқати рамзидир.
Самарқанд давлат университети олимларининг қалби осмон қадар юксалди. Биз ўз ватанимиз билан, ўз Президентимиз билан, ўз халқимиз билан яна бир бор фахрландик.
Турк дўстларимиз нигоҳи, қувончи остида “Ўзбекистон хотира хиёбони”га ўз қўлларимиз билан дарахт экдик. Орадан йиллар, асрлар ўтади. “Ўзбекистон хотира хиёбони” ҳеч қачон завол топмайди. Халқларимиз муносабати, меҳри, муҳаббати каби кундан-кунга гуллаб-яшнайди. Юртларимиз тараққиёти, истиқболи, имконияти каби ўсиб-улғаяди. Икки эл бирдамлиги рамзига айланади.
Симпозиумда Анқара Йилдирим Боязид университети профессор-ўқитувчилари Имом ал-Бухорий, Маҳмуд Кошғарий, Абу Али ибн Сино, Абу Наср Форобий, Абу Райҳон Беруний, Абу Мансур Мотурудий, Алишер Навоий, Мирзо Улуғбек, Шайбонийхон каби аждодларимиз илмий мероси, уларнинг инсоният олдидаги буюк хизматларига алоҳида эътибор қаратганлиги диққатга сазовор.
Самарқанд, Бухоро, Хива, Шаҳрисабз, Қўқон шаҳарлари, диёримиздаги тарихий-меъморий обидаларга бағишланган маърузалар ҳам бизда илиқ таассурот қолдирди.
СамДУ олимларининг фикри ҳам ҳамкорларимизда қизиқиш уйғотди. Баҳс-мунозаралар ҳали кўп учрашиш, мулоқот қилиш кераклигини, биргаликдаги лойиҳаларни янада кўпайтириш зарурлигини кўрсатди.
Иброҳим Айдинлининг қуйидаги фикрларига эътибор қаратайлик: Туркий давлатлар ташкилотининг Истанбул саммити бўлиб ўтаётган тарихий кунларда Самарқанд давлат университети билан “Ўзбекистоннинг ўтмиши ва бугуни” симпозиуми ташкил қилингани бахтли тасодиф.
Саммит бизнинг анжуманга ҳам ўзгача, кўтаринки руҳ бағишлади. Туркия Республикаси Президенти Режеп Таййип Эрдўғон ва Ўзбекистон Руспубликаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ўзаро аҳил дўстликка, тарихий қардошликка йўғрилган муносабати барча соҳалар бўйича ўзаро алоқа янада кучайишига хизмат қилмоқда.
СамДУ билан йўлга қўйилган ҳамкорлик бардавом бўлишига ишонаман. Бунинг учун ҳар икки томонда барча имконият мавжуд. Биз Ўзбекистон олий ўқув юртлари билан алоқаларда Самарқанд давлат университетига алоҳида эътибор берамиз. Ривожланган Туркия илм-фани ютуқлари билан бўлишишга тайёрмиз. Қатор қўшма лойиҳалар бўйича ишчи гуруҳлар фаолият бошлайди...
Турк дунёсининг буюк маърифатпарвари Исмоилбек Гаспирали бир асрдан кўпроқ вақт олдин айтганидек: Ҳозир дунёда яшаш учун инсонлар кўп билиши ва кўп ҳаракат қилиши лозим. Дарҳақиқат, тўрт-беш асрлик турғунлик ва тутқунликдан сўнг туркий оламнинг ўзлигини англаш жараёни бошланди.
Бугун илм-фан, маърифат ва маънавият, маданият борасида ҳам бирлашишга, бир-биримизни қўллаб-қувватлашимиз зарур.
Анча ривожланган Туркия олий ўқув юртлари жаҳон таълим стандартига ҳам муваффақиятли интеграциялашган, хусусан, Европа илм-фанининг энг замонавий ютуқларини ўзида мужассамлаштирган. Назаримда, биз бир пайтлар нотўғри сиёсат туфайли турк таълим тизимидан узоқлашдик. Президент Шавкат Мирзиёевнинг саъй-ҳаракати, оқилона дипломатияси туфайли бу муаммолар бартараф этилди. Уч кун давомида Анқара Йилдирим Боязид университети Самарқанд давлат университети олимлари учун очиқ бўлди. Ҳамкасблар билан таълим ва фаннинг турли йўналишлари бўйича мулоқот қилдик. Қатор соҳа ва тармоқлар бўйича кадр тайёрлаш юзасидан келишувга эришдик.
Ишонамизки, энди бу икки зиё маскани эшиклари ҳар икки томон профессор-ўқитувчилари, талабалари учун доим очиқ бўлади.
Рустам ХОЛМУРОДОВ,
Самарқанд давлат университети ректори, профессор,
Олий Мажлис Сенати аъзоси.