Хабарингиз бор, эртага 21 апрель куни пойтахтимизда BYD VI Тошкент халқаро марафони бўлиб ўтади. Унда дунёнинг 45 мамлакатидан келган 5 минг нафарга яқин атлет иштирок этади.
Шу муносабат билан Миллий олимпия қўмитасида мазкур халқаро марафонга бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди. Унда спорт вазири ўринбосари Шаҳрулло Маҳмудов ва бошқалар иштирок этди.
Анжуманда қайд этилишича, Тошкент марафони қисқа фурсатда юқори ташкилотчилик туфайли «World Athletics Label» мақомига эга бўлган. Халқаро енгил атлетика федерациялари ассоциациясининг (World Athletics) расмий мусобақалар тақвимидан жой олган. Халқаро марафонлар ассоциацияси (AIMS) томонидан сертификатланган.
Шунингдек, Тошкент марафонининг 42 км. масофасини 6 соатда босиб ўтган ҳар бир иштирокчига II даражали катталар спорт тоифаси берилиши ва марафоннинг бу йилги умумий соврин жамғармаси 720 миллион сўмни ташкил этаётгани ҳақида батафсил маълумот берилди.
Бундан ташқари, биринчи марта эркаклар ва аёллар ўртасида рекорд ўрнатиш учун асосий мукофотлардан ташқари қўшимча совринлар – марафон масофаси учун 15 миллион сўм ва ярим марафон учун 10 миллион сўм тақдим этилади.
[gallery-17025]
Олимпия ўйинлари учун белгиланган меъёрни кўрсатган спортчилар “Париж-2024” ўйинларига йўлланма оладилар.
Маълумот учун, марафоннинг старт-финиш шаҳарчаси пойтахтнинг қоқ марказида – Афросиёб ва Бешёғоч кўчалари чорраҳасида «Ҳумо Арена» спорт мажмуаси ҳудудида жойлашган. Масофавий маршрут эса Тошкентнинг марказий кўчалари бўйлаб ўтади. Мазкур спорт тадбири дастуридан 42 км. классик марафон масофаси, 21 км. ярим марафон масофаси, 3 ҳамда 10 км. масофалар ўрин олган.
Тошкент халқаро марафонининг титул ҳамкори BYD Ўзбекистон ярим марафон ва марафон чемпионати дастури доирасида Ўзбекистоннинг энг яхши спортчиларини тақдирлаш учун 2 та автомобиль тақдим этади.
– Тошкент марафонини ташкил этиш бошланишида 3 км масофага югуриш белгиланган эди. Бу деярли ҳамма учун осон ва етиб бориши мумкин бўлган масофа, ортиқча чекловларсиз, – дейди мамлакатимиз енгил атлетика федерацияси Бош котиби Камолиддин Рўзамуҳамедов. –Бугун BYD Тошкент халқаро марафонида 10 км масофадаги слотлар сони деярли 3 км га тенг. Бу Ўзбекистонда оммавий спорт ривожининг ажойиб кўрсаткичидир. Югуриш нафақат завқ бағишлайди, балки соғлиқ учун ҳам фойда келтиради. Иштирокчилар қийинчиликни қабул қиладилар ва янада узоқроқ масофаларни ҳам муваффақиятли босиб ўтишади.
Матбуот анжуманида Тошкент марафони нафақат Ўзбекистонда, балки Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистонда ҳам югуриш ва соғлом турмуш тарзини тарғиб этувчи муҳим халқаро майдон эканлиги алоҳида таъкидланди.
Ҳар йили Тошкентга ушбу мамлакатлардан югуриш клублари делегациялари келиб, спорт фаолияти ва соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш борасида саъй-ҳаракатлар ҳамжиҳатлигини намойиш этадилар.
Спорт тадбирини ташкил этишда 200 га яқин кўнгиллилар жалб этилган. Марафон куни улар очилиш ва тақдирлаш маросимларида қатнашиб, трассада тартибни сақлайдилар ва пойга давомида иштирокчиларни қўллаб-қувватлайдилар.
21 апрель куни дунёнинг энг сара югурувчилари ва халқаро марафон ғолиблари — Екатерина Тунгускова, Иля Тяпкин, Анна Ковалёва, Ринас Ахмадеев, Андрей Петров, Мария Коробитская, Марина Хмелевская, Катерина Василченко, Винсент Кимутаи Боит, Шоҳрух Давлатов каби бир қатор марафончилар югурадилар.
Маълумот учун, марафон эртага 21 апрель куни соат 06:15 да старт олади.
<iframe width="560" height="315" src="https://www.youtube.com/embed/NRCq-ierpxw?si=QXqIdyyRwgf3QUE8" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Жавоҳир Тошхўжаев,
Алимурод Мамадаминов (сурат)
Нишон Абдувойитов(видео)
ЎзА