Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг мамлакатимиз тадбиркорлари билан очиқ мулоқот шаклида ўтказган учрашуви юртимизда фаолият юритаётган тадбиркорларни янги марралар сари илҳомлантирди.
Олий Мажлис Сенати аъзоси, “Zarafshan Golden Group” компанияси таъсисчиси Улуғбек ФАЙЗИЕВ учрашув ҳақидаги фикрлари билан ўртоқлашди:
– Давлатимиз раҳбарининг тадбиркорлар билан навбатдаги мулоқоти жуда самимий ва самарали ўтди. Эришилган ютуқлар эътироф этилиши билан бир қаторда, тадбиркорлар учун янги имконият эшикларини очувчи муҳим янги ташаббуслар илгари сурилди.
Президентимиз ўз нутқларида айтиб ўтганидек, бугун қандай таҳликали ва мураккаб замонда яшаётганимизни барчамиз кўриб турибмиз. Шунга қарамасдан, иқтисодиётимиз барқарор ўсиб бораяпти. Буни дунёдаги нуфузли халқаро ташкилотлар, хорижий давлатлар етакчилари эътироф этмоқда. Яқинда Халқаро валюта жамғармаси мамлакатимиз ялпи ички маҳсулоти илк бор 100 миллиард доллардан ошганини тасдиқлади.
Бундай эътирофлар билан барчамиз фахрлансак арзийди. Ҳақиқатан, кейинги саккиз йилликдаги юртимизда мислсиз ўзгаришлар, хусусан, Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг устувор йўналишлари белгилаб берилиши барча соҳаларда ўзининг ижобий самарасини бераяпти.
Энг аввало, тадбиркор сифатида шуни айтишим мумкинки, биргина иқтисодиёт соҳасида ўтган қисқа даврда макроиқтисодий барқарорликни таъминлаш учун иқтисодиётни тартибга солишнинг бозор механизмлари ва инструментларини қўллаш амалиёти кенгайтирилди.
Бюджет ва солиқ сиёсати самарадорлигини ошириш мақсадида комплекс чора-тадбирлар амалга оширилди. Солиқ солиш тизими соддалаштирилиб, ишбилармонлик ва инвестиция фаоллигини оширишга ёрдам берувчи корхоналар ва жисмоний шахслар учун солиқ юки камайтирилди. Бу, ўз навбатида, иқтисодиётимизнинг барқарор ривожланишида муҳим омил бўлмоқда.
Давлатимиз раҳбари бизнес учун тўсиқ ва ғовларнинг янада қисқартирилишини алоҳида қайд этгани тадбиркорларни мамнун қилганини алоҳида қайд этиш ўринли.
1 ноябрга қадар аҳолининг ҳаёти ва соғлиғига ҳақиқий хавф солувчи мезонлар реестри ишлаб чиқилади. Реестрда йўқ мезон бўйича тадбиркор фаолиятини тўхтатган мансабдор жавобгарликка тортилади. Тадбиркорларни жиноий жавобгарликка тортиш янада либераллашади.
Шу ўринда айтиб ўтиш керакки, яқинда Сенатнинг 55-ялпи мажлисида “Ўзбекистон Республикасининг Тадбиркорлик кодексини тасдиқлаш тўғрисида”ги қонун маъқулланди. Мазкур қонун бу борадаги ишларни янги босқичга олиб чиқади, дея олишга тўлиқ ҳақлимиз. Боиси, соҳани янада ривожлантиришда Тадбиркорлик кодекси ҳақиқатдан ҳам муҳим. Тажрибамдан келиб чиқиб айтадиган бўлсам, бирон бир соҳада иш бошлайдиган бўлсак, бир нечта қонун ҳужжатлари билан танишиб чиқишга тўғри келар эди. Уларнинг ҳаммаси яхлит кодекс шаклига солингани, албатта, қулай ва тадбиркорлар учун катта имконият.
Кодексда тадбиркорлик фаолиятининг асосий принциплари мустаҳкамланган: қонунийлик, тадбиркорлик эркинлиги, тадбиркорлик субъектлари тенглиги, ҳалол рақобат, коррупциядан холилик ва бошқалар.
Кодекс билан тадбиркорлик субъектлари кичик, ўрта ва йирик тоифаларга ажратилди. Шу пайтгача фақат кичик тадбиркорлик субъекти тушунчаси мавжуд эди. Якка тартибдаги тадбиркорлар шуғулланиши мумкин бўлмаган фаолият турлари белгиланган ҳолда уларга қонунчиликда тақиқланмаган ҳар қандай фаолиятни амалга ошириш ҳуқуқи берилади.
Тадбиркорликни давлат томонидан тартибга солишнинг чегаралари ҳамда тартибга солиш шакллари белгиланди ҳамда халқаро стандартларга мувофиқ аёллар ва ёшлар тадбиркорлиги ҳамда уларни қўллаб-қувватлаш тизими жорий этилади.
Жамиятда кечаётган бу каби жараёнлар бир-бирига мутаносиблиги, иқтисодиёт таянчи бўлган тадбиркорларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга қаратилгани соҳа вакилларини катта иштиёқ билан ишлашга ундайди. Пироварида бу юртимиз фаровонлигига хизмат қилади.
Норгул Абдураимова,
ЎзА