Юртимизда Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганлигининг 32 йиллиги ҳамда Ватан ҳимоячилари куни кенг нишонланмоқда.
Ҳарбий таълим тизимининг самарадорлигини ошириш мамлакатимиз мудофаа салоҳиятини юксалтиришнинг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. Мазкур тизим бугунги кунда ҳарбий хизматчиларга таълим бериш, профессионал жиҳатдан қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш, педагогик ва илмий кадрлар тайёрлаш масалаларида муҳим аҳамиятга эга.
Мамлакатимизда ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар юртимизда тинчлик ва осойишталикни таъминлаш, мустақиллигимизни янада мустаҳкамлашда муҳим омил бўлмоқда.
Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида кўзланган мақсадларга эришишда ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш соҳасида замонавий илм сирларини эгаллаган, теран фикрлайдиган ва янгича дунёқараш соҳиби бўлган ходимларни тайёрлаш муҳим аҳамият касб этади.
Бугунги қаҳрамонимиз умрини ана шундай машаққатли ва шарафли касбга бағишлаган ИИВ Малака ошириш институти Жанговар тайёргарлик цикли бошлиғи Шерзод Таджиметов бўлади.
Ички ишлар вазирлиги Малака ошириш институти ўз олдига улкан мақсадларни қўйган, уларга эришишнинг энг муҳим омили сифатида сифатли таълим жараёнига жуда катта аҳамият берилаётганлигини, ушбу эзгу ғоя ва мақсадларнинг рўёби сифатида ўз Ватанига содиқ бўлган, юксак салоҳиятли, ҳақиқий ватанпарвар ички ишлар органлари ходимларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини оширишга катта эътибор қаратилаётганига гувоҳи бўлишимиз мумкин. Таълим даргоҳида тингловчиларнинг замонавий билим олишлари, рақамли технологиялар ҳамда махсус воситаларни мукаммал эгаллашлари, шунингдек жисмонан соғлом ва маънан етук бўлишлари учун барча шарт-шароитлар яратилган.
Қайси касб эгаси бўлмасин, ўз касбидан қадр топган соҳа вакили ўзининг камтарона меҳнатларининг мевасини кўрибгина янада шижоатли ишлашга, умрининг ҳар бир кунига шукроналар келтиради. Қаҳрамонимиз ҳам, ўз касбининг машаққатли ва масъулиятли эканлигига қарамасдан ҳар бир шогирдининг ютуғидан бир шодланса, раҳбарлар эътирофидан ғурур ва фахр туяди.
Хизмат фаолияти хусусиятига кўра, ҳарбийлик касби ва уларнинг оиласи бошқа соҳа вакиллари оилаларидан тубдан фарқ қилади. Ҳарбий хизматчилар кеча-ю кундуз (зарурат туғилганда, ҳафталаб, ойлаб) Ватан ҳимояси йўлида хизмат олиб боришади. Хизмат давомида оиланинг тинчлиги, руҳан мададкор бўлиши ватан посбонлари фаолияти учун жуда муҳим. Қаҳрамонимизнинг оила даврасида бўлар эканмиз, самимий меҳр-муҳаббатга гувоҳи бўлдик.
Бугунги байрам билан барча юртимиз посбонларини табриклар эканмиз, машаққатли ва масъулиятли касбларида омад тилаб қоламиз.
Батафсил:
<iframe width="560" height="315" src="https://www.youtube.com/embed/zc-8uGjkPd8?si=4HJ4L5vOSD5ZaHP5" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" allowfullscreen></iframe>М.Турдалиева, Н.Абдувоитов (видео), ЎзА