Адлия вазирлиги томонидан АҚШ Халқаро ҳамкорлик агентлиги (USAID) билан ҳамкорликда қонун ҳужжатларини тартибга солиш таъсирини баҳолаш бўйича семинар ташкил этилди.
Унда вазирлик ва идоралар ходимлари, халқаро экспертлар, жумладан, Буюк Британиянинг Лондон университети Илғор фанлар ҳуқуқий тадқиқотлар институтининг (IALS) фан доктори, доцент Мария Моусмоути иштирок этмоқда.
Тадбир давомида қонунчилик ҳужжатларини факт ва далилларга асосланган ҳолда ишлаб чиқиш ҳақида сўз борди. Хусусан, тартибга солиш таъсирини баҳолаш (ТСТБ), бу жараёнга қонунчилик ҳужжати бевосита таъсир кўрсатадиган аҳоли ва тадбиркорлик вакилларини жалб қилиш бўйича хорижий тажриба амалий мисоллар ёрдамида кўрсатиб берилди.
ТСТБ – авваламбор, бирор бир қонунчилик ҳужжати лойиҳасини ёзишда юзага келган муаммони аниқлаш, уни ҳал этиши мумкин бўлган ечимларни таҳлил қилиш, оқибатларни прогноз қилиш ва бунинг натижасида аҳоли ва давлат учун асоссиз харажат ҳамда бюрократик тўсиқларнинг олдини олиш имконини беради.

Тадбир давомида тингловчилар қонунчилик лойиҳаларини тайёрлашда сифат жиҳатидан ёндашиш, жамоатчилик билан ишлаш ҳамда таъсирни баҳолаш амалиёти бўйича муҳим кўникма ва малакаларга эга бўлмоқда.
Норма ижодкорлиги жараёнларида 2021 йилдан бошлаб тартибга солиш таъсирини баҳолаш (кейинги ўринларда – ТСТБ) институти жорий этилган бўлиб, шундан буён қонунчилик ҳужжатлари лойиҳалари, амалдаги қонунчилик ҳужжатларининг таъсири баҳолаб келинмоқда.
Дастлаб фақат тадбиркорларга таъсир кўрсатадиган ҳужжатларнинг таъсири баҳоланган бўлса, 2023 йилдан бошлаб бунга қўшимча фуқароларнинг ҳуқуқ, эркинлик ва қонуний манфаатлари ҳамда атроф-муҳитга таъсир кўрсатувчи ҳужжатлар ТСТБдан ўтказиб келинмоқда.
Натижада 2022-2023 йиллар давомида қонунчилик ҳужжатлари лойиҳаларидан аҳоли ва тадбиркорларга 8,5 триллион сўмдан ортиқ асоссиз харажат юклаши мумкин бўлган нормалар чиқариб ташланди.
Вазирлик томонидан шу сингари кенгайтирилган форматдаги тренинг, ўқув курсларини келгусида ҳам халқаро экспертларни жалб қилган ҳолда ўтказиш режалаштирилган.
Н. Абдураимова, ЎзА