Сурхондарё вилоят божхона бошқармаси ходимлари соҳа фахрийларини эъзозлаб, хизмат вазифасини бажариш чоғида мардларча ҳалок бўлган жасур ва қўрқмас божхоначиларни ёд этмоқда.
Божхона хизмати ходими Ботир Давлатов Ватанга садоқат билан хизмат қилиб, ҳаётини мамлакатимиз осойишталиги ва тараққиёти, иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилишга бағишлади.
Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан вилоят божхоначилари Ботир Давлатов камолга етган хонадонда ҳам бўлиб, оила аъзолари ҳолидан хабар олди. Ҳамкасблари унинг барчага ибрат бўладиган яхши фазилатларини хотирлади.

Мард, жасур ўғлон Қуролли Кучлар сафида муддатли ҳарбий бурчини шараф билан ўтаб қайтгач, 23 ёшида божхона тизимида хизматни давом эттирди.
Шеробод туманидаги Пошхурт қишлоғида ўқитувчи Маматқул Давлатов ва Ҳайитой Қурбоновалар оиласида дунёга келган Ботиржон оилада 10 фарзанднинг олтинчиси эди. У исмига монанд жасурлиги, чуқур зеҳни ва теварак-атрофидагиларга меҳрибонлиги билан тенгдошларидан ажралиб турар эди.

Ботир хизмат вазифасини қўшни Тожикистон Республикаси билан чегара ҳудуддаги “Оқтош” божхона постида кичик инспектор лавозимида бошлади. Шундан сўнг вилоятнинг бошқа божхона масканларида ҳам хизмат қилди. У хизмат бурчини яна “Оқтош” божхона постида давом эттираётганида 1998 йил 17 февраль куни ғараз ниятли жиноятчилар уюштирган ҳужумда вафот этди.

Ботир Давлатов қисқа, аммо ёш авлодга ибрат бўладиган ҳаёт кечирди. Мард ва жасурлиги билан уни таниган юртдошлари ва ҳамкасблари қалбида ўчмас из қолдирди. Президентимизнинг 1998 йил 27 августдаги фармони билан миллий хавфсизлик ва ҳуқуқ-тартиботни таъминлаш, жамоат тартибини муҳофаза қилиш ҳамда ҳарбий бурчини бажариш вақтида жасурлик ва матонат кўрсатгани учун Ботир Давлатов вафотидан сўнг “Жасорат” медали билан мукофотланди. “Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларига 10 йил” эсдалик ва “Ўзбекистон Қуролли Кучларига 25 йил” кўкрак нишонлари билан тақдирланди. Шеробод туманидаги кенг, ёруғ кўчаларнинг бирига Ботир Давлатов номи берилди. Ботир Давлатов таълим-тарбия олган 33-мактаб ҳовлисига унинг хотирасига бағишлаб монумент ўрнатилди.

–Ўғлим Ботиржон болалигидан жуда меҳнатсевар, меҳрибон, оқкўнгил инсон эди. – дея эслайди онаси Ҳайитой ая Қурбонова. – Кўмак сўраб келган муҳтож инсонлардан ҳеч қачон ёрдамини аяган эмас. Хизматдан бўш вақтларида бекор юришни ёқтирмасди. Чорвачилик, деҳқончилик билан машғул бўларди. Мевали дарахт ва турли гулларни экиб, уларни парваришлашга қизиқиши, табиатга меҳри бошқача эди.
Ёш божхоначи қисқа, аммо жасоратга йўғрилган ҳаётида Ватанимиз мустақиллигини янада мустаҳкамлашга катта ҳисса қўшиб, мамлакатимизнинг буюк келажагини кўришни орзу қилиб ўтди. Айни пайтда унинг бу орзуларини қизи Сабогул Давлатова рўёбга чиқармоқда. У вилоят божхона бошқармасида хизмат қилиб, ота касбини шараф билан давом эттираётир.
Божхоначилар Пошхурт қишлоғидаги 33-мактаб ҳовлисига ўрнатилган монумент пойига гулчамбар қўйиб, Ботир Давлатов хотирасига ҳурмат бажо келтирди.
Холмўмин Маматрайимов, ЎзА мухбири