Мамлакатимизнинг Пекиндаги элчихонасида “Ўзбекистон ва Хитой: болалар мулоқоти” мавзусида маданий кеча бўлиб ўтди. Тадбирдан кўзланган асосий мақсад Ўзбекистон ва Хитой болаларини икки халқ маданияти, санъати ва анъаналари билан таништириш, улар ўртасида дўстона мулоқотни шакллантиришдан иборат.
Унда хитойлик ўқувчилар ва уларнинг ота-оналари, элчихона ходимлари ва уларнинг оила аъзолари ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этди.
Меҳмонларга юртимиз тарихи ва маданияти, қадимги гўзал шаҳарларимиз – Самарқанд, Бухоро ва Хива, миллий таомларимиз, Ибн Сино, Ал Хоразмий, Беруний, Улуғбек каби буюк аждодларимиз ва уларнинг дунё илм-фанига қўшган ҳиссаси ҳақида сўзлаб берилди.
Ўзбекистон ёшлари спортнинг ҳар хил турлари бўйича халқаро мусобақаларда юксак ўринларни эгаллаб келаётгани, мамлакатимизда ёшлар орасида хитой тилини ўрганишга бўлган қизиқиш ортиб бораётгани қайд этилди.
Маданий кеча доирасида хитойлик мактаб ўқувчилари шеърлар айтиб, Хитой миллий куй-қўшиқлари ва рақсларини ижро этди. Улар ўзбек тилидаги “салом”, “дўст”, “яхши” каби сўзларни талаффуз қилишни ўрганди. Ўз навбатида, ўзбекистонлик болалар ҳам хитойлик тенгдошларини хурсанд қилиш учун ўзбек тилида шеър ва ашулалар айтиб, рақслар ижро этди. Тадбир доирасида викторина ҳам бўлиб ўтди.
Маданий кеча якунида ташкилотчилар болаларни ўзбек миллий таомлари ва ширинликлари билан меҳмон қилди.
Азиза Алимова тайёрлади, ЎзА