Ўзбекистон Республикаси Марказий банки жорий йилнинг январь–сентябрь ойларидаги ички валюта бозори шарҳини эълон қилди.
Жорий йилда хорижий валютага бўлган талаб 42,7 миллиард АҚШ долларини ташкил этди. Бу кўрсаткич ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 23,5 фоизга ошганини кўрсатмоқда. Шу даврда таклиф ҳажми (Марказий банк операцияларисиз) 34,4 миллиард долларга етган ва 2024 йилга нисбатан 24 фоизга ўсган.
Юридик шахслар томонидан валюта талабининг ўсиши 24 фоиз, уларнинг валюта таклифи эса 37 фоиз бўлган. Валюта таклифининг асосий манбаларидан бири экспорт тушумлари бўлиб, жорий йилнинг шу даврида мазкур тушумлар 13 миллиард долларга етган.
Банклар орқали хорижий кредитлар ҳисобига валюта таклифи ҳажми 6,3 миллиард долларни ташкил этган, бу эса олдинги йилга нисбатан 61 фоизга кўп.
Жисмоний шахслар банкларга 15,2 миллиард доллар сотишган. Бу 2024 йилдаги кўрсаткичдан 1,3 баробар ортиқ. Шу билан бирга, жисмоний шахслар томонидан валюта сотиб олиш ҳажми 8,5 миллиард доллар бўлиб, бу ҳам ўтган йилга нисбатан 23 фоизга кўп.
Жисмоний шахслар томонидан таклиф қилинган валюта ҳажми талабдан тахминан 6,7 миллиард долларга ортиқ бўлган.
Январь–сентябрь ойлари давомида сўмнинг алмашув курси 6,4 фоизга мустаҳкамланди. Шу билан бирга, кунлик курснинг ўзгарувчанлиги икки баробарга ошган.
Марказий банк маълумотларига кўра, ички валюта бозорида валюта оқимларининг кўпайиши, экспорт ва валюта даромадларининг ўсиши ҳамда импортнинг барқарорлашиши сўмнинг мустаҳкамланишига ижобий таъсир кўрсатган.
Сўмда ҳисоб-китоблар ва жамғаришлар фаоллашган. Аҳоли ва корхоналарнинг миллий валютага бўлган ишончи ошган — банклардаги миллий валютадаги депозитлар 23 фоизга ўсиб, 205 триллион сўмга етган.
Ш.Маматуропова,
ЎзА