Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги ва унинг тизимидаги ташкилотлари фаолиятини самарали йўлга қўйиш чоралари тўғрисида” қарор қабул қилди.
Таъкидлаш лозим, сўнгги йилларда стандартлаштириш, техник жиҳатдан тартибга солиш, мувофиқликни баҳолаш соҳаларини ривожлантириш ва уларни халқаро нормалар билан уйғунлаштириш борасида тизимли чора-тадбирлар амалга оширилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги давлат бошқарувини янада такомиллаштиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида” 2024 йил 27 февралдаги ПФ-41-сон Фармони билан Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги Вазирлар Маҳкамаси бўйсунувига ўтказилди ҳамда фаолиятининг асосий йўналишлари белгилаб берилди.
Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикасининг “Стандартлаштириш тўғрисида”ги ва “Техник жиҳатдан тартибга солиш тўғрисида”ги қонунлари қабул қилиниши муносабати билан соҳа фаолиятини тартибга солувчи қонуности ҳужжатларни мазкур қонунларга мувофиқлаштириш зарурати юзага келди.
Мазкур қарорга мувофиқ, Техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги давлат бошқарувини самарали ташкил этишни таъминлаш ҳамда ҳукумат қарорларини Ўзбекистон Республикасининг “Стандартлаштириш тўғрисида”ги ва “Техник жиҳатдан тартибга солиш тўғрисида”ги қонунларига мувофиқлаштириш ва комплекс тизимлаштириш мақсадида:
а) Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги тўғрисидаги низом:
Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлигининг тузилмаси, Агентлик ҳамда унинг тизимидаги ташкилотларнинг вазифа ва функциялари;
Агентликнинг республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ҳамда бошқа ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорлик тартиби;
Агентлик фаолиятини ташкил этиш, унинг марказий аппарати таркибий бўлинмаларининг тизимдаги ташкилотлар билан ҳамкорлик қилиш тартиби;
Агентлик ва унинг тизимидаги ташкилотлар фаолиятини молиялаштириш, ходимларини моддий рағбатлантириш тартиби;
б) Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлигининг Техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасида назорат инспекцияси тўғрисидаги низом:
Техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасида назорат инспекциясининг асосий вазифалари ва функциялари;
Инспекция ва давлат инспекторларининг ҳуқуқлари, мажбуриятлари ҳамда жавобгарлиги;
Инспекция фаолиятини ташкил этиш, унинг бошқа органлар билан ўзаро ҳамкорлиги;
Инспекция фаолиятини молиялаштириш манбалари ва ходимларини моддий рағбатлантириш тартиби тасдиқланди.
ЎзА