Бугунги кунда Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги муносабатлар сифат жиҳатидан янги бир босқичга кўтарилмоқда. Бунга томонлар ўртасида ўтказилаётган олий даражадаги учрашувлар ва уларда ҳамкорликнинг турли қирраларини қамраб олган муҳим келишувларга ҳуқуқий асос бўляпти. Хусусан, Ўзбекистон-Қозоғистон Экспертлар кенгашининг ташкил этилиши бунга яққол мисолдир.
Экспертлар кенгашининг иккинчи йиғилиши Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Қозоғистонга яқинда амалга оширган давлат ташрифи якунларига бағишланди.
Унда мазкур олий даражада ташрифнинг ҳар икки мамлакат иқтисодиёти ва ишбилармонлари учун муҳим қадам бўлгани қайд этилди.
Йиғилишда сўзга чиққан Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти директори Умид Обидхўжаевнинг таъкидлашича, бу ҳамкорликда икки мамлакат ўртасида савдо-сотиқ ҳажмини янада оширишда катта имкониятлар мавжуд.
– Биринчи ўринда икки мамлакатнинг экспорт салоҳиятини инобатга олиш лозим. Хусусан, Ўзбекистондан Қозоғистонга экспорт учун қиёсий устунликка эга товарлар сирасига тўқимачилик маҳсулотлари, мева ва сабзавотлар, ўғитлар, керамика ва тамаки маҳсулотлари кирса, Қозоғистондан импорт учун юқори қиёсий устунликка эга товарлар рўйхатидан ёнилғи, ғалла, қора металлар, ноорганик кимёвий маҳсулотлар жой олади. Шунингдек, мамлакатга қўшма экспорт учун юқори устунликка эга товарлар рўйхатига эса мис, рух, қўрғошин ва ундан тайёрланган маҳсулотлар, бошқа металлар ва металл керамика киради.
Шу тариқа дастлабки таҳлилга асосланган ҳолда, вазирликлар, савдо-саноат палаталари, тармоқ ассоциациялари икки мамлакат тадбиркорларини жалб қилиб, ушбу товарларнинг учинчи мамлакатга экспортини ошириш масаласини биргаликда ўрганиб чиқиши мақсадга мувофиқ. Бундай таҳлил хусусий сектор учун ҳам фойдали бўлиб, келгусида амалга ошмаган бизнес имкониятларини тўғри йўналтиришда ёрдам беради.
Ҳозирча эса икки мамлакат ишлаб чиқарувчилари ўртасидаги кооперация алоқаларини кенгайтириш доирасида қуйидаги йўналишларни таклиф қилиш мумкин: мисни чуқур қайта ишлаш бўйича кластерларни ташкил қилиш лозим, чунки икки мамлакат ҳам миснинг катта захираларига эга. Кимё тармоғида илмий-ишлаб чиқариш кластерларини яратиш икки мамлакатга ҳам минерал ўғитларнинг экспорт салоҳиятини оширишга хизмат қилади.
Шуннигдек, қора металларни қайта ишлаш ва қишлоқ хўжалиги машинасозлигини равнақ эттириш бўйича қўшма корхоналарни ташкил қилиш ҳамда электрон тижоратни ривожлантириш мақсадга мувофиқдир, –деди МҲТИ директори.
Н. Зиёдуллаева, ЎзА