Тошкент шаҳрининг Юнусобод туманида қад ростлаган Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий суди биносининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.
Тадбирда Олий суд раиси Б.Исломов, Миллий гвардия қўмондони Р.Жўраев, Мудофаа вазирлиги ва Ҳарбий прокуратура вакиллари, судья ва адвокатлар, суд фахрийлари иштирок этди.
Очилиш маросимида сўзга чиққанлар суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш ва қонун устуворлигини таъминлаш мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг устувор йўналишларидан бири сифатида белгиланганини таъкидлади.
Қайд этилганидек, суд-ҳуқуқ ислоҳотлари жараёнида судьялар ва суд аппарати ходимларининг мавқеини, моддий рағбатлантириш ва ижтимоий таъминот даражасини ошириш, судларнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Президент томонидан судларнинг чинакам мустақиллигини таъминлаш, судларга ташриф буюрувчи фуқаролар ҳамда суд процессларининг барча иштирокчилари учун замонавий, ҳар томонлама қулай шароитлар яратиш масалаларига эътибор кучайтирилиши натижасида судларнинг моддий-техника базаси яхшиланди.
[gallery-18146]
2021-2025 йилларда марказлаштириладиган маблағлар ҳисобидан молиялаштириладиган судларнинг бинолари ва хоналарини қуриш ҳамда реконструкция қилиш дастури асосида 2025 йилга қадар 32 та янги бино қуриш ҳамда 107 та бинони реконструкция қилиш ишлари назарда тутилган.
Кейинги йилларда ушбу дастурга мувофиқ 46 янги суд биноси қурилди, шунингдек 23 суд жойлашган 17 та мавжуд маъмурий бинода реконструкция ишлари амалга оширилди. Натижада жами 101 суд замонавий бинолар билан таъминланди.
Бино энг замонавий ахборот-коммуникация воситалари билан жиҳозланган.
Тадбирда бино қурилишида жонбозлик кўрсатган қурувчиларга эсдалик совғалари топширилди.
Сўнгра тантанали очилиш маросимининг рамзий тасмалари кесилиб, ташриф буюрган меҳмонлар суд биносида яратилган шароитлар билан танишди.
Н.Абдураимова, Н.Ҳайдаров (сурат), ЎзА