Қибрай туманидаги "Дўрмон" мажмуасида 1 октябрь — Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан тантанали маросим ўтказилди.
Давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, вилоят фаоллари, тизимда меҳнат қилаётган Тошкент вилоятининг фидойи ва илғор ўқитувчилари қатнашган тадбирни очиб берган Тошкент вилояти ҳокими Зойир Мирзаев ўзининг илиқ тилакларини билдириб, Президентимизнинг соҳа ходимларига йўллаган байрам табригини ўқиб эшиттирди.

Байрам арафасида Президент қарори билан Ватанимизнинг юксак орден ва медалларига сазовор бўлган вилоятдаги бир гуруҳ ўқитувчи ва мураббийларга давлат мукофотлари тантанали равишда топширилди.
Шунингдек, фаолиятида эришган ижобий натижалари учун бир гуруҳ ўқитувчи ва мураббийлар вилоят ҳокимлигининг фахрий ёрлиғи ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.

Таъкидлаш лозимки, давлатимиз томонидан таълимга берилаётган эътибор самарасида бу йил Тошкент вилоятида 887 та давлат умумтаълим мактаби билан бир қаторда 2 та нодавлат, 17 та хусусий мактаб ҳам самарали фаолият кўрсатмоқда.

Вилоятдаги 13 та (7 та давлат, 6 та нодавлат) олий таълим муассасасида жами 67 мингдан зиёд талаба билим олаяпти.
“Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили” деб ном олган мазкур йилда мактаб таълимига берилаётган эътиборнинг мевалари сифатида мактабларни битирган ўқувчилардан 1 минг 215 нафари муддатидан олдин энг нуфузли хорижий олий ўқув юртлари талабасига айланди, 96 нафари эса нуфузли халқаро мусобақаларда муваффақиятли иштирок этди. Бунда фидойи ўқитувчиларнинг меҳнати каттадир.

Ўз навбатида жойлардаги 44 та мактабда қурилиш- таъмирлаш ишлари амалга оширилди, 5 та мактаб янгидан бунёд этилди. Янги ўқув йилида вилоятдаги 887 умумтаълим мактабида 527 минг 743 нафар, шундан 1-синфларда 57 минг 77 нафар ўқувчи таҳсил олмоқда.

Байрам тантаналари ҳудудлар бўйлаб давом этмоқда. Хусусан, бугундан бошлаб Нурафшон шаҳридаги "Янги Ўзбекистон боғи" да сайил бўлиб ўтади.
А.Мусаев,
ЎзА мухбири.