Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман)га бир гуруҳ фуқаролар томонидан уларнинг иш ҳақи асоссиз тўланмаётгани юзасидан мурожаат келиб тушган.
Мурожаатда 24 нафар фуқаро Навоий вилоятидаги иссиқлик таъминоти корхонаси ҳамда 8 нафар фуқаро Тошкент шаҳридаги қурилиш корхонаси устидан шикоят қилган.
Маълум қилинишича, иш фаолиятини якунлаган ишчиларнинг иш ҳақи ва бошқа тўловлар тўлаб берилмаган. Корхона раҳбарияти мазкур ҳолатнинг юзага келишига корхонадаги молиявий қийинчиликларни сабаб қилиб кўрсатган.
Мазкур мурожаат Омбудсман назоратига олинган ҳолда жойига чиқиб ўрганилди ва натижада келтирилган важлар ўз тасдиғини топди.
Ўрганиш якунларига мувофиқ, Омбудсман томонидан тегишли таъсир чоралари киритилди. Натижада 581 нафар ишчининг 850 миллион сўмга яқин иш ҳақи тўлиқ ундириб берилди.
Маълумот ўрнида айтиб ўтиш жоизки, Меҳнат кодексининг 244-моддасига биноан иш берувчининг ўз молиявий аҳволидан қатъи назар, қонунчиликда, меҳнат ҳақидаги бошқа ҳуқуқий ҳужжатларда, меҳнат шартномасида белгиланган меҳнатга ҳақ тўлаш шартларига мувофиқ ходимлар томонидан бажарилган иш учун ҳақ тўлашни амалга ошириш мажбурияти белгиланган.
Н.Абдураимова, ЎзА