“Дипломатик ракурс” лойиҳасининг навбатдаги сони. Меҳмон – Туркия элчиси
Туркия ва Ўзбекистонни кўп асос – ўхшаш тил, уйқаш анъана ва тутумлар, ягона дин, азалий дўстлик ва уйғун маданий алоқалар боғлаб туради. Икки халқ тамаддуни геосиёсий жойлашув ва тарихий тараққиётдан тортиб, ҳозирги ривожланиш босқичида кечаётган ислоҳотларнинг ўзига хослигигача бўлган талай умумий жиҳатларга эга.
Ўзбекистон Туркияда аждодлар замини ҳисобланади ва “ота юрт”, дея қадрланади. “Дипломатик ракурс” лойиҳасининг навбатдаги сони ушбу икки юрт алоқалари мавзусига бағишланади. Бу галги меҳмон – Туркия Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Олган Бекар.
Элчи жаноблари билан бугунги суҳбатимиз кўп йиллардан буён бир-бирини қардош ҳисоблайдиган икки дўст мамлакат – Ўзбекистон ва Туркия ҳамкорлиги, айни жараёнда амалга оширилаётган муҳим ишлар, лойиҳалар хусусида кечади.
– Ассалому алайкум, жаноб Олган Бекар! Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида амалга оширилаётган ишлар, жумладан давлат дастурлари, йирик лойиҳалар хусусида фикрингиз қандай?
– Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг кейинги олти йилда, мана еттинчи йилга ҳам ўтяпмиз, юритаётган ислоҳотларга бой сиёсати фаол давом этмоқда. Бунинг яққол намунаси ўтган 2023 йил республикада, аниқроқ айтадиган бўлсам, ташқи сиёсатда ҳам икки томонлама, ҳам минтақавий, ҳам кўп томонлама платформаларда муваффақият ила намоён бўлди.
Ўзбекистонни ҳам Европа, ҳам Америка Қўшма Штатлари, ҳам ўз минтақаси – Марказий Осиё кўз ўнгида не чоғли юксалаётган қудрат макони эканига шахсан гувоҳман. Ташқи сиёсат, иқтисодиёт соҳасида самарали алоқа ўрнатиш жараёни изчил кеяпти. Айниқса, энергетика соҳасида дунёнинг қатор мамлакатлари инвесторлари қизиқиш билан юртингизга келмоқда. Хорижий ишбилармонлар ҳукумат билан ҳамкорликда улкан сармоя киритаётгани хурсанд қилади кишини. Бу ҳам Президент Шавкат Мирзиёевнинг ислоҳотлари республика ва халқаро миқёсда муносиб баҳоланаётганини кўрсатади.
Албатта, ислоҳот сиёсатини қисқа вақтда, айниқса мамлакатлар тўлиқ трансформациялашаётган бир даврда амалга ошириш катта куч талаб қилади. Энг муҳими, юқори даражада сиёсий етакчилар белгилаб берган истиқбол тасаввури ҳамда қатъият тақозо этади. Бу иккала унсур муҳтарам Президентда мужассамлигини мамнуният билан таъкидлайман. Умид қиламизки, ушбу ислоҳотлар, давлат раҳбарининг истиқбол тасаввури ўлкада кейинги йилларда ҳам муваффақият билан татбиқ этилишини таъминлайди.
– Мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорлик ҳар соҳада ривож топмоқда. Буни рақамлар ҳам кўрсатиб турибди. Энг асосий йўналишлардан бири – иқтисодиёт. Туркиялик ишбилармонлар Ўзбекистондаги қайси соҳаларга кўпроқ қизиқиш билдирмоқда ва инвестиция киритмоқда?
– Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги муносабат Шавкат Мирзиёевнинг Президентлик даврида, айниқса 2017 йилдан буён муваффақият билан ривожланмоқда. Ҳамкорлик мазмунига назар ташлайдиган бўлсак, алоқалар сермазмун, икки томонлама савдо салмоқли эканини кўриш мумкин.
Хусусан, ўзаро савдо миқдори ўтган йил 3,2 миллиард долларга етди, бу эса биз, туркларни Ўзбекисоннинг тўртинчи савдо ҳамкори даражасига олиб чиқди. Мамлакатингиз ташқи савдосида Туркия беш фоизлик ҳиссага эга. Тобора ривожланиб бораётган алоқаларга параллел равишда Ўзбекистонда турк тадбиркорлари, инвесторлари сони ошиб боряпти.
Таъкидлаш жоиз, тўқимачилик тармоғи, қишлоқ хўжалиги, қурилиш ҳамда соғлиқни сақлаш соҳаларида турк инвесторлари анча илғор, улар ўз капитлини, асосан, ушбу йўналишларга киритмоқда. Ўзбек-турк иқтисодий алоқасини янада ривожлантириш, турфа-хиллаштириш учун тегишли вазирлик, идора-ташкилотларимиз биргаликда ишлаяпти.
Эслатиб ўтиш ўринли: 2023 йил декабрь охирида Анқара шаҳрида Туркия – Ўзбекистон Ҳукуматлараро қўшма иқтисодий комиссияси йиғилиши бўлиб ўтди. Анжуманда ваколатли идоралар савдо алоқаларининг барча жабҳаларини муҳокама қилди, келгусида бажарилиши лозим бўлган режаларни белгилаб, зарур қарорлар устида келишиб олди. Ҳар икки Президентнинг етакчилиги остида барча вазирлик, идора-ташкилотлар муносабатни ривожлантириш устида ғайрат билан ишлаяпти.
– Туркиянинг мамлакатимиздаги вакилисиз. Гап савдо-иқтисодиёт, тадбиркорлик хусусида кечаркан, бугунги турк инвесторлари Ўзбекистон бозорига кириши, ўзаро ҳамкорлик ўрнатишида қандай тўсиқлар кўради, деб ўйлайсиз?
– Албатта, иш бор жойда камчилик, муаммо бўлиши табиий ҳол. Савдо алоқалари иккала томонда ҳам тўлиқ, эркин, умуман тўсиқсиз амалга ошмайди. Иқтисодий ҳамкорлик ўрнатишда риоя қилиш зарур бўлган тартиб-қоидалар мавжуд. Механизмлар тузилади, зарур битимлар имзоланади.
Тўғриси, тадбиркорларимизни уйғунлик тамойилида рағбатлантиришга ҳаракат қиляпмиз. Иш жараёнида баъзи муаммолар пайдо бўлиб қолиши мумкин, бу табиий, муҳими, келиб чиққан муаммони ўзаро тушунган ҳолда, музокара йўли билан ҳал этиш. Бунинг учун ирода керак!
Ҳозир Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги мавжуд сиёсий ирода барча вазирлик-идораларга ижобий таъсир кўрсатяпти, дея оламан. Ўзбекистон ривожланаётган мамлакат, муайян ислоҳотлар жараёнидан ўтмоқда. Хусусан, Жаҳон савдо ташкилоти ва бошқа механизмларга қўшилишида баҳоли-қудрат ёрдам бериб, рағбатлантиряпмиз, бунга ҳамиша тайёрмиз. Шу тарзда келгусида савдо олдидаги баъзи тўсиқлар бартараф этилади, бизга фақатгина вақт керак.
– Жаноб элчи, Ўзбекистонда атроф-муҳит бузилиши билан боғлиқ кўплаб асосли хавфлар мавжуд. Экология соҳасида Туркиянинг тажрибаси қандай? Масалан, Президент Режеп Таййип Эрдоған Дубайда ўтган Глобал иқлим ўзгариши конференциясида яхши таклифлар берди, мазкур таклифлар фонида Ўзбекистон билан қандай лойиҳалар устида иш олиб борилиши мумкин?
– Иқлим ўзгариши, экология муаммолари ҳозирги кунда бир минтақа, бир мамлакат эмас, бутун дунё кун тартибидан ўрин олган, глобал таъсир кучига эга масала. Бирон давлат бу жараёндан холи эмас.
Дубай шаҳрида ўтказилган иқлим бўйича йирик саммитда иқлим ўзгариши ва экология бутун башариятнинг умумий муаммоси экани тан олинди. Туркия ҳам, ўз навбатида, бу муаммо устида қўлидан келган ишларни бажаради ва бажаряпти. Муҳтарам Президентимиз Режеп Таййип Эрдоған бу борада 2050 йилгача амалга оширилиши лозим бўлган ишлар режасини халқаро ҳамжамият билан ўртоқлашди. Ўхшаш тарзда Президент Шавкат Мирзиёев ҳам муҳим ташаббуслар билан чиқди.
Афсуски, Ўзбекистон минтақадаги экология ва иқлим ўзгаришидан салбий таъсир кўриши эҳтимоли бор. Орол денгизидаги экологик фалокат келтириб чиқараётган салбий таъсирлар барчамизга маълум. Буларни бартараф этиш, экология, иқлим ўзгариши нуқтаи-назаридан маъқулроқ атроф-муҳитда ҳаёт кечириш учун кўп ишлар бажарилиши зарур.
Жумладан, АИ-80 бензинининг 2025 йилгача ишлаб чиқарилишини тўхтатиш сингари чоралар кўрилиши мақсадга мувофиқ. Биз алоқадор вазирлик, идораларимиз билан ҳам икки томонлама, ҳам халқаро ташкилотлар даражасида бу масалани муҳокама қиляпмиз. Бир-биримиз билан маълумот, тажриба алмашиб, ўхшаш позиция эгаллаш ҳаракатидамиз.
– Турк киноси, турк телевидениеси сериаллари бутун дунёни, жумладан, Ўзбекистонни ҳам забт этмоқда. Турклар Ўзбекистон миллий сериаллари, санъати ва маданияти ҳақида қандай фикрда?
– Маданият ҳақида сўз юритар эканмиз, аввало ўтмишимиз муштарак эканига эътиборингизни қаратмоқчи эдим. Тарихий илдизларимиз бир. Шунинг учун биз Ўзекистонни “Ота юртимиз” деб атаймиз. Бир сўз билан айтганда, аждодларимиз бир, улуғ ота-боболаримиз бир. Тилимиз, динимиз, маданиятимиз, келиб чиқишимиз бир! Булар яқинлигимизнинг сабаблари...
Юқорида келтирилган жиҳатлар сериалларда, адабиётимизда намоён бўлмай қолмайди. Хабарим борки, ҳам турк тилига, ҳам ўзбек тилига таржима қилинаётган шоирлар, ёзувчиларимизнинг асарлари бисёр. Улар чоп этилмоқда, муштарийлар уларни олиб ўқимоқда.
Сериаллар, сиз айтиб ўтганингиздек, ҳозирги кунда катта аҳамиятга эга. Ўзбек халқи орасида сериалларимиз катта қизиқиш билан кузатиб борилади. Шу билан бирга қўшма суратга олинган лойиҳаларимиз бор, санъаткорларимиз бирга ишлашяпти. Мисол тариқасида Туркияда жуда яхши кутиб олинган “Жалолиддин Хоразмшоҳ” сериалини келтириш мумкин. Бундай қўшма лойиҳалар келгусида кўпаяди, албатта. Боиси Маданият вазирликларимиз ёки Кинематография агентликларимиз ўртасида турли даражада алоқалар мавжуд. Бу ҳамкорлик келажакда кўп ҳосил беришига ишонаман.
Ўзбекистондаги маданий фаолиятга, масалан, Тошкент кино фестивалига кўп сонли иштирокчиларимиз билан қатнашдик. Туркияда ҳам ўзбек санъаткорлари иштирокида кўплаб тадбирлар ташкил этилмоқда. Булар кифоями, десангиз, албатта йўқ, дейман. Келгусида халқларимиз бир-бирларини яқинроқ таний олишлари учун бунга ўхшаш маданий тадбирлар муҳим аҳамиятга эга.
– Ҳурматли элчи, келинг, Ўзбекистоннинг Туркий давлатлар ташкилотидаги ўрни тўғрисида гаплашсак. Мамлакатимиз қатор халқаро тузилмаларда фаол иштирок этмоқда, айниқса сўнги йилларда кетма-кет раислик қилиб келяпти, шу жумладан, ТДТда ҳам... Ўзбекистоннинг ушбу тузилмадаги фаолиятига қандай баҳо берасиз?
– Бир ҳақиқат бор, у ҳам бўлса, Шавкат Мирзиёев юритаётган сиёсатнинг меваси ўлароқ, мамлакат ташқи сиёсатда дадил илдамламоқда. Биргина мисол: қўшни мамлакатлар билан ўрнатилган яқин мулоқот. Натижада қўшни мамлакатлар билан муносабатлар ривож топмоқда, мавжуд муаммолар бартараф этилиб, ўзаро иқтисодий манфаат келтирувчи бирликни шакллантириш йўлида ҳаракатланиш таъминланди.
Республика қўшнилар билан яхши муносабатни йўлига қўйгани боис, 2019 йилдан Туркий давлатлар ташкилотида ҳам фаоллашди. Бу ташкилот фаолияти ривожланишига ҳам таъсир этди. Яъни, ҳозир Ўзбекистонсиз ташкилотни тасаввур қила олмаймиз. Ўзбекистонсиз Марказий Осиёда бирлик бўлмайди, бир-бирини тушуниш ҳам бўлмайди. Мана шу ҳақиқатга асосланиб, кейинги йилларда диёрингиз шунчаки ижобий ёндашишдан ҳам ўтиб, ўта фаол равишда ТДТ бирлиги учун фаол ишламоқда.
Ҳар саммитда, ҳар ТДТ йиғилишида давлатингиз раҳбари қатор таклифларни илгари суради, бу таклифлар ҳаётга тадбиқ этиляпти. Шунинг учун бугун Марказий Осиё етакчилари форуми, ТДТ доирасида бу ижобий ўзгаришларни фақат ва фақат қўллаб-қувватлаймиз. Зеро, тузилманинг ички бирдамлиги ҳар соҳани – сиёсат, иқтисодиёт, маданиятни мустаҳкамлаши кераклигига ишонамиз. Халқаро миқёсда юз бераётган ўзгаришлар ички бирдамликни кучайтиришимиз зарурлигини кўрсатяпти.
Билдирилган фикрлар, саволларга жавоблар, умуман мароқли суҳбат учун ташаккур! Бизни кузатиб боринг! İşinizde başarılar, sağlıklı kalın
<iframe width="853" height="480" src="https://www.youtube.com/embed/zS9fsOldM54" title="Olgan BEKAR: Turkiya Oʻzbekistonning toʻrtinchi savdo hamkori!" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" allowfullscreen></iframe>Раҳмат, рухсатингиз билан сўзим якунида ўзбек халқига тилак билдирмоқчиман. 2024 йил бошланди. Афсуски, Фаластин – Исроил, Россия – Украина масалалари ҳали ечим топгани йўқ. Барибир, Марказий Осиёда ислоҳотлар ичра одимлаётган Ўзбекистон бу йўлда жадал ҳаракатланишда давом этиши, ўзбек халқининг соғлиғи, бардамлиги янада мустаҳкамланиши, Шавкат Мирзиёев юритаётган сиёсат янада юқори босқичларга кўтарилиши тарафдориман. Ўзбекистон халқига чин қалбдан фаровонлик, барака, бахт-саодат, тинчлик тилаб қоламан.
ЎзА мухбири Беҳруз Худойбердиев суҳбатлашди.
Ёқубжон Мелибоев ва Аслиддин Алижонов (видео)