Техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасида назорат инспекциясининг Навоий вилояти инспекторлари томонидан Кармана туманида жойлашган “Х” МЧЖга қарашли автомобилларга ички ёнув двигателлари учун нефть маҳсулотларини реализация қилиш шохобчасида давлат назорати ўтказилди.
Текшириш жараёнида намунага олинган “АИ-80” маркали, ички ёнув двигателлари учун автомобиль бензини меъёрий ҳужжатларда белгиланган кўрсатгичлар асосида текширилди ва синов лабораториясининг синов баённомасига асосан УзТР.931-028:2017 умумий техник регламенти ҳамда Ўз ДСт 3031:2015 стандартининг (ювилган қатронларнинг масса консентрацияси) талабига номувофиқлиги аниқланди.
Корхонага қарашли автомобилларга ёқилғи қуйиш шохобчасида ўрнатилган “NАRА” русумли (дизел ёқилғи) устунчани ёқилғи қуйиш қобилияти текшириб кўрилганда, устунчанинг ёқилғи қуйиш қобилияти рухсат этилган меъёридан 33 мл камлиги қайд этилди.
Юқоридаги ҳолатлар орқали корхонада УзТР.931-028:2017 умумий техник регламенти ва Ўз ДСт 3031:2015 стандартининг талаблари ҳамда Ўзбекистон Республикасининг “Стандартлаштириш тўғрисида”ги қонуни талаблари ва Ўзбекистон Республикасининг “Техник жиҳатдан тартибга солиш тўғрисида”ги қонуни талабларига риоя этилмагани аниқланди.
Бундан ташқари, корхонадаги 8 дона ўлчаш воситалари қиёслаш кўригидан ўтказилмаган ҳолда фойдаланилаётгани аниқланди. Бу билан, ЎзДСт 8.003:2005 давлат стандартининг 4.4-банди ҳамда Ўзбекистон Республикасининг “Метрология тўғрисида”ги қонуни 16 ва 20-моддалари талаби бузилган.
Давлат назорати текшируви якунига кўра, юқорида кўрсатиб ўтилган камчиликларга асосан ҳуқуқбузарлик биринчи марта содир этилгани сабабли мажбурий талабларга мувофиқ бўлмаган, реализация қилинган маҳсулот қийматининг эллик фоизигача миқдорда, яъни 9 миллион 427 минг 500 сўмлик “АИ-80” маркали бензин учун жарима тарзидаги молиявий санкция қўлланилди ва ихтиёрий тўланиши учун талабнома расмийлаштирилди.
Бундан ташқари корхонада “АИ-80” маркали бензинни сотишни тақиқлаш, сотилаётган дизел ёқилғисини белгиланган меъёрлардан кам қуйилаётгани сабабли бу ёқилғини сотишни тақиқлаш ҳамда қиёсланмаган ўлчаш воситаларидан 10 иш куни давомида фойдаланишни тақиқлаш ва аниқланган камчиликларни бартараф этиш бўйича кўрсатма берилди.
Гулноза Бобоева,
ЎзА