Навоийда “Касаба уюшмалари куни” кенг нишонланди
Навоий шаҳрида 11 ноябрь – “Касаба уюшмалари куни” муносабати билан Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг вилоят Кенгаши томонидан “Янги Ўзбекистон – Янги касаба уюшмалари!” шиори остида маданий-маърифий тадбир бӯлиб ӯтди.
Секторлар, корхона ва ташкилотлар раҳбарлари, меҳнат фахрийлари, касаба уюшмалари фаоллари, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этган тадбирда вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Нормат Турсунов юртимизда соҳаларда фаолият олиб бораётган ҳар бир ходимни қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, фаолиятини такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлади.
Қайд этилганидек, касаба уюшмалари фаолиятига доир ҳуқуқий асос такомиллаштирилди. 2019 йил 6 декабрда Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан “Касаба уюшмалари тўғрисида”ги Қонуннинг имзоланиши касаба уюшмалари ҳаётидаги энг муҳим воқеа бўлди. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси иштирокида Халқаро меҳнат ташкилотининг 4 та конвенцияси ва 1 та протоколи ратификация қилинди. 2016-2020 йилларда Федерация томонидан 2 мингдан ортиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасига таклифлар берилди.
[gallery-4594]
Жумладан, ушбу жамоат тузилмаси иштирокида илк бор иш ҳақи учун минтақавий ва тармоқ коэффицентлари, шунингдек, иқлим ва яшаш шароитлари оғир ва ноқулай бўлган ҳудудларда ишлаш учун ходимларга қўшимча таътилнинг минимал давомийлиги тасдиқланди, болалар меҳнати ва мажбурий меҳнат бартараф этилди ҳамда касаба уюшма инспекциялари қайта тикланди.
Тадбирда аҳоли ижтимоий ҳимоясини кучайтириш, турмуш даражасини ошириш, камбағалликни қисқартириш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларга муносиб ҳисса қўшиш мақсадида бевосита оилалар билан мулоқот асосида уларнинг муаммоларини аниқлаш, оилалардаги ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш, камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича тизимли ишлар йўлга қўйилганлиги таъкидланди.
Тадбирда бир гуруҳ меҳнат фахрийлари ва касаба уюшмалари фаолларига Ўзбекистон касаба уюшмалари куни белгиланганининг 1 йиллиги муносабати билан “Касаба уюшмалари кунига 1 йил” эсдалик кўкрак нишонлари топширилди.
Шунингдек, “Меҳнат ҳуқуқи билимдони” вилоят босқичи ғолиблари, касаба уюшмасидаги фаол ёшларни рағбатлантириш мақсадида касаба уюшмаси стипендианти ва санаторий учун бепул йўлланма топширилди. “Энг яхши сектор раҳбари”, “Энг яхши маҳалла раиси”, “Касаба уюшмалари Федерацияси лауреати” мукофоти республика кўрик-танлови фаол иштирокчиларига “Диплом” ва пул мукофотлари топширилди.
Санъаткорлар томонидан куй-қўшиқлар ижро этилди.
А.Бўриев, С.Аслонов (сурат), ЎзА