Тошкентда “Маъмурий судловнинг шаклланиши ва ривожланиш истиқболлари: Ўзбекистон ва Қозоғистон тажрибаси” мавзусида халқаро давра суҳбати бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди томонидан Германия халқаро ҳамкорлик жамияти (GIZ) кўмагида ташкил этилган ушбу тадбирда Ўзбекистон ва Қозоғистоннинг маъмурий ишлар бўйича судьялари иштирок этди.

Давра суҳбати давомида судьялар маъмурий судловнинг шаклланиши, уни такомиллаштириш истиқболлари бўйича фикр алмашиб, маъмурий суд ишларини юритишнинг тамойиллари, хусусан, маъмурий ҳужжатларга нисбатан ишончнинг ҳимоя қилиниши тамойилининг мазмун-моҳияти ва амалиётда қўлланилиши хусусида тажриба алмашди.
Шунингдек, иштирокчилар соҳада дасталабки эшитув институти қўлланилиши билан боғлиқ масалаларни муҳокама қилди. Унинг одил судловни самарали амалга оширишдаги аҳамияти таъкидланди.
Маъмурий даъво турлари, маъмурий суд ҳужжатлари ижроси ва давлат органларининг маъмурий ихтиёрийлик (дискрецион) ваколатлари устидан суд текшируви каби муҳим масалалар ҳам тадбирнинг кун тартибидан ўрин олди.

Иштирокчилар томонидан давра суҳбати одил судлов фаолиятини самарали амалга оширишлари борасида икки давлат судьялари учун фойдали бўлгани, бундай тадбирлар давлат органлари билан муносабатларда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларининг самарали ҳимоя этилишини таъминлаш ҳамда маъмурий суд ишларини юритишни халқаро стандартлардан келиб чиққан ҳолда такомиллаштиришда муҳим аҳамият касб этиши қайд этилди.
Давра суҳбати якуни бўйича хулосалар, ҳуқуқни қўллаш амалиётини ва қонунчилик нормаларини такомиллаштириш юзасидан амалий таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди.
Н.Абдураимова, ЎзА