Тома-тома кўл бўлур, деганларидек Фарғона вилоятида аҳолини банд қилиш, ишчи ўрни яратиш борасида ҳар бир имкониятдан фойдаланилмоқда. Масалан Риштон туманини олайлик. Аслида бу ерда ишсиз бўлмаслиги керак. Чунки туман аҳли ёппасига кулолчилик билан машғул. Йўқ, Президент топшириғи билан маҳалла еттилиги уйма-уй юриб ҳар бир фуқарогача етиб борганида ҳали бу борада қилинадиган ишлар етарлича экани аниқланди.
Тошоғалик маҳалласида 538 та хонадон бўлиб, 2726 нафар юртдошларимиз яшамоқда. Ундаги ишсизлар рўйхатга олингач янги йўналишлар очилди.
–Аслида маҳалламизда кулолчилик, чинничилик ривожланган. Лекин ҳар бир хонадон қизиқишига қараб тадбиркорлигига кўмаклашяпмиз, иссиқхона қуриб беряпмиз, - дейди маҳалла фуқаролар йиғини раиси Адҳамжон Азизов. – Маҳаллада бўш турган бино бор эди, унга 40 га яқин тикув машиналари қўйилди. Одамларни рози қилиш йўлида ҳаракат қиляпмиз.

Шунда Улуғбек Абдуллажоновлар оилавий корхона очдилар. Уйда ўтирган деярли ҳар бир аёл тикувчиликка мойил. Уларни тез фурсатда ўқитиб ўргатдилар. Хом ашё – мато келтиришдан аввал бозор, яъни эҳтиёж таҳлил қилинди, мижоз, хориждан импортер излаб топилди. Шундан кейингина буюртма асосида кийим тикиш бошланди.

–Кўп қаватли янги қурилган уйларда оилам билан истиқомат қиламиз. Иккита фарзандим бор. Уйда ўтирар эдим. Мана энди шу ерда чеварчилик қиляпман, - дейди тикувчи Нилуфар Эргашева. – Цехимизда 25 нафар қиз-жувон ишлаяпти. Ундан ташқари яна маҳаллада 35 та касаначи тикувчилар ҳам бор.
Шу кунларда маҳалланинг оилавий корхонасида қизлар учун бежирим устки кийимлари тикилмоқда.

–Бу маҳсулотларни Тошкент ва Қўқондаги мижозлар улгуржи сотиб оляпти. Ундан ташқари яна Қирғизистон, Тожикистонга ҳам экспорт қилинади, - дейди Нилуфар.
Очиғи, тўрт-беш йил аввал маҳаллаларда Риштондаги каби оилавий тикув корхоналари бўлади, уларда шу маҳалланинг аҳолиси экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқаради дейилса, бир оз ишонқирамаган бўлардик. Лекин мақсад қилинса, олдига шундай марра қўйилса албатта унга эришилар экан.
<iframe width="640" height="360" src="https://www.youtube.com/embed/vi1iLjWf1as" title="MAHALLADA ISH OʻRNI YARATILDI" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Муҳаммаджон Обидов, Элёр Олимов, ЎзА