ФОТОРЕПОРТАЖ
27 июнь – Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни муносабати билан Президентимиз Фармонига мувофиқ давлат мукофоти билан тақдирланган бир гуруҳ журналистлар орасида “Янги Ўзбекистон” ва “Правда Востока” газеталари таҳририятининг Навоий вилояти бўйича махсус мухбири Дилфуза Ғуломова ҳам борлиги навоийлик қалам аҳлини бирдай қувонтирди.
Навоий вилоят “Матбуот уйи”да “Шуҳрат” медали соҳиби Дилфуза Ғуломова билан бир гуруҳ ёш ва фаол журналистлар ўртасида ижодий учрашув ташкил этилди.
Учрашув аввалида тажрибали журналист ўзининг узоқ йиллик меҳнат фаолияти ҳақида сўзлаб берди. Касбга ва сўзга садоқатнинг моҳияти, миллий контент яратиш зарурати, давлатимиз томонидан тизимга қаратилаётган эътибор хусусида самимий суҳбат қурилди.
[gallery-18354]
- Эсимда, ўшанда боғча ёшида эдим, Дилфуза Ғуломова мендан қайсидир байрамда интервью олгани ҳамон хотирамда, - дейди Навоий вилоят телерадиокомпанияси жамоатчи мухбири Руслан Ризаев. - Дилфуза опага ўшандаёқ ҳавас билан қараб, катта бўлсам, албатта, журналист бўламан, дея ният қилгандим. Бугун Дилфуза Ғуломова каби тажрибали журналистлар билан бир сафда ишлаётганимдан фахрланаман. Мана бундай ижодий учрашувлар эса биз, ёшлар учун журналистик фаолиятимизда ўзига хос мактаб вазифасини ўтайди.
Сирож АСЛОНОВ (сурат), ЎзА