Бугун Тошкент шаҳрида бошланган III Тошкент халқаро инвестиция форумида иштирок этиш учун Ўзбекистонга келган Туркия вице-президенти Жавдат Йилмаз 1 май куни “Турк ишчан дунёси учрашуви” дастури доирасида мамлакатимизда фаолият юритаётган туркиялик ишбилармон доира вакиллари билан учрашди. Анжуман олдидан ЎзА мухбирига интервью берган юқори мартабали меҳмон икки давлат ўртасидаги муносабат изчил ривожланаётганини таъкидлади:
– Президент Шавкат Мирзиёев фаолиятини анчадан бери кузатиб келаман. Ўзбекистон етакчиси ҳақиқатан мамлакати учун жуда катта ишлар қилаётган лидер. Юртингизда эркин бозорга чиқиш, ташқи дунё учун очилиш, тизимли ислоҳот, ташкилий тузилмаларни ривожлантириш йўлида беқиёс саъй-ҳаракатлар амалга оширилмоқдаки, вақти-вақти билан диёрингизга келиб-кетаётганимда, бу жараённинг гувоҳи бўляпман. Зеро, ташқаридан қараганда айни ўзгаришлар, тараққиёт янада яққол кўринади.
Бутун Ўзбекистон худди бир иншоот каби – ўзгаришлар ичида. Давлат раҳбари билан кечган мулоқотимизда нафақат республикадаги ривожланиш, икки томонлама ҳамкорлик, балки Туркий давлатлар ташкилоти каби халқаро тузилмалар доирасидаги муносабатни ҳам муҳокама қилдик.
Жаноб Мирзиёевнинг турли масалалар бўйича фикрини эшитиш имконига эга бўлдим. Алоҳида эътибор қаратилган баъзи муҳим масалалар юзасидан молия вазири Жамшид Қўчқоров билан бирга шуғулланамиз.
Бугун вазият жуда мураккаб, жаҳон иқтисодиёти инқирозни бошдан кечиряпти. Пандемия бутун дунёга, хусусан аҳоли фаровонлиги ўсишига, мамлакат аро савдога салбий таъсир ўтказди. Бундай муаммолар ҳамон мавжуд. Шунга қарамасдан, Ўзбекистон ва Туркия тўғри йўлдан кетяпти. Ўтган йил дунё аҳолиси 3 фоиз кўпайди: ушбу кўрсаткич Ўзбекистонда 6, Туркияда 4,5 фоизни ташкил қилди. Демак, давлатларимизда аҳоли ўсиши ер юзидаги ўртача рақамдан юқори. Шунга яраша тижоратимиз кўлами кенгаймоқда, туризм ривожланмоқда. Ўйлайманки, мақсадларимизга яқинлашяпмиз, энди янада улкан режалар тузиб, илдам қадам ташлаймиз.
Хабарингиз бор, 2024 йил июнь ойида юқори даражали стратегик ҳамкорлик кенгаши йиғилиши бўлиб ўтади. Шунда янги марраларни белгилаб оламиз.
Интервьюдан сўнг “Турк ишчан дунёси учрашуви”да сўз олган жаноб Йилмаз Туркия билан Ўзбекистон ўртасида юқори даражадаги муносабат, тарихий ва маданий алоқалар ниҳоятда чуқур илдиз отганига, дўстликдан ташқари қардошлик риштаси ҳам мустаҳкамлигига эътибор қаратди. Айниқса, савдо-иқтисодиёт соҳасида эришилган ютуқларни эътибордан четда қолдирмаслик кераклигини таъкидлайди.
– Мамлакатларимиз ўртасида товар айирбошлаш миқдори 3 миллиард доллардан ошди. Раҳбарларимиз қўйган 5 миллиард долларлик мақсадга яқинлашяпмиз. Имтиёзли савдо тизимидаги маҳсулотлар турини муайян чора-тадбирлар орқали кўпайтириш, божхона тартибини енгиллаштириш бўйича тизимли ишларни давом эттирамиз. Қўшма инвестиция лойиҳалари, транспорт, божхона, соғлиқни сақлаш, ички ишлар, консуллик фаолияти каби муҳим йўналишларда икки ва кўп томонлама ҳамкорлик кўламини кенгайтирамиз.
Барча тегишли идоралар, хусусан Савдо департаменти билан божхона тартиб-таомилини соддалаштириш устида алоҳида ишлаяпмиз. Имтиёзли савдо шартномаси 2023 йил 1 июлда кучга кирган, ҳужжатга асосан тузилган рўйхат муайян маҳсулотларни қамраб олган.
Суҳбатимиз сўнгида вице-президент Туркиянинг Ўзбекистонга киритган тўғридан-тўғри сармояси 1,5 миллиард долларга етгани, бу кўрсаткич йил сайин ортиб бораётганига урғу берди. Шунингдек, юртимиздаги тўқимачилик, энергетика, молия, суғурта, металлургия каби кўплаб муҳим соҳаларда фаолият юритаётган 1900 га яқин турк ширкати мамлакат иқтисодиёти, тараққиётини қўллаб-қувватлаб, аҳоли бандлигини таъминлашга кўмаклашаётганидан мамнунлигини изҳор этди.
<iframe width="640" height="360" src="https://www.youtube.com/embed/szdTOu1o9yk" title="Javdat YILMAZ: Oʻzbekistondagi 2 mingga yaqin turk shirkati mamlakat iqtisodiyoti va taraqqiyotini" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Беҳруз Худойбердиев,
Аслиддин Алижонов (видео),
ЎзА