Мамлакатимизда аҳолининг ижтимоий ҳимоясига алоҳида эътибор қаратилиб, ижтимоий хизмат турлари ва кўлами кенгайтириб келинмоқда. Бу эса одамларни ҳаётдан рози қилишда муҳим аҳамият касб этмоқда. Хусусан, Фарғона вилоятида ижтимоий ҳимояга муҳтожларга манзилли ёрдам кўрсатиш ҳамда уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасида муайян ишлар олиб бориляпти.
Фарғона шаҳрида 18 мингдан ортиқ ижтимоий ёрдам ва кўмакка муҳтож тоифадаги аҳоли истиқомат қилади. Шу кунга қадар уларни маҳаллабай аниқлаб, эҳтиёжини ўрганадиган, зарур ёрдам, хизматларни ташкил этиб берадиган профессионал тизим йўқ эди. Маҳаллаларда ижтимоий ходимлар фаолияти йўлга қўйилгач, бу йўналишда жуда кўп ҳолатлар юзага чиқди. Эндиликда ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламларни аниқлаш, манзилли ёрдам кўрсатишнинг ўзига хос шаффоф ва холис тизими яратилгани мавжуд муаммолар ечимида қўл келяпти.

Шаҳардаги маҳалла фуқаролар йиғинларида очиқ танлов асосида саралаб олинган 46 нафар ижтимоий хизматлар кўрсатувчи ходим фаолият кўрсатиб келмоқда. Аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш билан боғлиқ барча масалалар улар орқали холис ва ҳаққоний тарзда ҳал қилишга эътибор бериляпти. Бундан ташқари, ижтимоий ходим аҳолига давлат томонидан кафолатланган ижтимоий хизмат ва ёрдамлар тўғрисида, шунингдек, аҳолининг мазкур хизматларни олишга бўлган ҳуқуқлари бўйича тушунтиришлар бериб бормоқда.

– Ўтган 5 ой давомида ёлғизлар реестрида бўлган 82 нафар шахс реестрдан чиқарилди, – дейди Фарғона шаҳар “Инсон” ижтимоий хизматлар маркази директори Ғиёсжон Ҳайдаров. – Уларнинг 12 нафари вафот этгани, 7 нафари чет элга узоқ муддатли даволаниш учун кетгани, 3 нафари қариндошлари билан алоқалари тикланганлиги аниқланди. 60 нафари эса қайта баҳолаш натижаларига кўра, ёлғиз кексалар реестридан чиқарилди. Хатлов жараёнида аниқланган 20 нафар шахслар ёлғиз кексалар реестрига киритилди.
Ижтимоий ходимлар томонидан олиб борилган ўрганишлар натижасида ота-она қарамоғисиз қолган 388 нафар меҳрга ташна бола борлиги аниқланди. Уларнинг 22 нафарига васий, 10 нафарига ҳомий тайинланиб, 7 нафари оилага тарбияга берилди, 4 нафари оилавий болалар уйи, 3 нафари эса болалар уйига жойлаштирилди. Чин етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларнинг 8 нафари “Меҳр дафтари” жамғармаси ҳисобидан уй-жой билан таъминланиши режалаштирилган. Бугунги кунга қадар 5 нафари уй билан таъминланди, бошқа хонадонларда таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда.

“Шаршара” маҳалла фуқаролар йиғини ижтимоий ходими Дилдорахон Валиева Шаршара кўчасида яшаб келаётган Умидахон Ёқубованинг оилавий ҳаёти билан танишиб, унга ҳар жиҳатдан амалий ёрдам кўрсатди. Ҳолат бўйича ҳаракатлар режасига асосан биринчи навбатда аёлга психологик ёрдам берилди. Ички ишлар бўлими ходимлари билан турмуш ўртоғи Россияда жазони ўташ муассасасида эканлигини аниқлаштириб, алоқа тикланди.
Биринчи гуруҳ онасига қараб турганлик далолатномаси расмийлаштирилиб, шу орқали болалар нафақаси тайинланишига кўмаклашилди. Икки нафар фарзандларига тадбиркорлар кўмагида мактаб ўқув қуроллари, кийим- кечаклар олиб бериб, мактабга қайтарилди, қўшимча инглиз тили тўгарагига йўналтирилди. Бугунги кунда ҳам оиланинг доимий мониторинги олиб борилмоқда.
Умуман олганда, маҳаллада профессионал ижтимоий ходимлар фаолияти йўлга қўйилиши ижтимоий хизматлар кўрсатиш сифатини яхшилаш ҳамда манзилли бўлишига хизмат қилмоқда.
М.Сулаймонов, ЎзА мухбири