Жорий йилнинг 27-31 май кунлари Россия Федерацияси Москва вилоятининг Королёв шаҳрида спортнинг ракетамодель тури бўйича халқаро мусобақа бўлиб ўтди. Унда Россия, Беларусь, Ўзбекистон ва Тожикистоннинг 150 дан ортиқ спортчиси медаллар учун кураш олиб борди.
Аҳамиятлиси, нуфузли мусобақада “Ватанпарвар” ташкилоти спортчиларидан иборат Ўзбекистон терма жамоаси 2 та олтин, 2 та кумуш ва 4 та бронза медали билан умумжамоа ҳисобидан биринчи ўринни эгаллади.

Жумладан, спортчилар томонидан қуйидаги натижаларга эришилди:
1. Шаҳбоз Бафоев “С-9-А” синфида 1-ўрин, “С-3-А” ва “С-4-А” синфларида 3-ўрин (Бухоро в.),
2.Фарҳод Бакиев “С-10” синфида 1-ўрин (Самарқанд в.),
3. Нажмиддин Зайлидинов “С-7”синфида 2-ўрин (Наманган в.),
4. Исроилжон Раматалиев “С-7”синфида 2-ўрин (Наманган в.),
5. Шамсиддин Бафоев “С-10” синфида 3-ўрин (Бухоро в.),
6. Азизбек Турғунов “С-7”синфида 3-ўрин (Наманган в.).

Бундан ташқари, бухоролик мураббий Шамсиддин Бафоев “Энг яхши мураббий” номинацияси бўйича ғолиб деб топилди.
Эслатиб ўтамиз, ўтган йили Королёв шаҳрида ёшлар ўртасида спортнинг ракетамодель бўйича ўтказилган халқаро мусобақада ҳам спортчиларимиз умумжамоа ҳисобидан биринчи ўринни қўлга киритган эди.

“Ватанпарвар” ташкилоти бир қатор халқаро спорт ташкилотлари, жумладан, Халқаро аэронавтика федерацияси (ФАИ)нинг тўла ҳуқуқли аъзоси ҳисобланади.
ЎзА