
Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси (Ўзагроинспекция) томонидан қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер ресурсларидан фойдаланишда қонунчилик ижроси мунтазам ўрганиб борилади.
Мазкур ўрганиш ва назорат тадбирлари давомида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришга мўлжалланган ер ресурсларини ноқонуний равишда эгаллаб олиш, ундан самарасиз фойдаланиш сингари салбий ҳолатлар қайд этилмоқда.
Жумладан, инспекциянинг Тойлоқ туман бўлими томонидан Ўзбекистон Республикасининг Ер кодекси ижроси бўйича ўтказилган мониторинг-таҳлил тадбирлари давомида туманнинг Урай-Элипок маҳалласида яшовчи икки нафар фуқаро “Толиб Маматқул” фермер хўжалигига ижарага берилган суғориб ҳайдаладиган ер майдонининг 0,28 гектар қисмини ўзбошимчалик билан эгаллаб, ноқонуний равишда уй-жой қуриб олгани аниқланди. Бунинг оқибатида давлатга 30 миллион 868 минг сўм зарар етган. Туманнинг Навзандак маҳалласида яшовчи фуқаро эса “Азизжон Худойшукуров боғлари” фермер хўжалигига ижарага берилган ердан 0,11 гектар майдонни ўзбошимчалик билан эгаллаб, ноқонуний равишда уй-жой қурган. Бу хатти-ҳаракати билан фуқаро давлатга 29 миллион 231 минг 160 сўм зарар етказган.
“Ўзагроинспекция” Самарқанд вилояти бошқармаси ахборот хизматининг маълум қилишича, суднинг ҳал қилув қарорига кўра, жавобгарлар ҳисобидан давлат фойдасига 60 миллион 99 минг сўм миқдорида етказилган зарарни ундириш тўғрисида суд қарори қабул қилинган.
Инспекциянинг Жомбой туман бўлими томонидан 2020 йилда қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер ресурсларидан фойдаланишга доир қонунчилик ижроси юзасидан 75 маротаба назорат тадбирлари ўтказилган. Мазкур тадбирларда 42 ҳолатда ер ресурсларидан фойдаланишда қонунбузилиши содир этилгани аниқланди.
Жумладан, 19 ҳолатда тумандаги фермер хўжаликлари томонидан ерлардан хўжасизларча фойдаланилаётганлиги кузатилди ва суд қарори билан маъмурий жавобгарлик чоралари кўрилди.
16 ҳолатда фуқаролар томонидан фермер хўжаликлари ер майдонини ўзбошимчалик билан эгаллаб олингани ва қурилиш ишлари амалга оширилгани аниқланди. Қурилиш ости майдонлар учун 42 миллион 628 минг сўм зарар ҳисобланиб, судга даъво аризаси киритилди.
Ҳайрон қоласан, киши. Фуқаро фермернинг ерини “ўзбошимчалик” билан эгаллаб олибди ҳам дейлик. Лекин наҳотки у эгаллаб олган ерида иморат қурганини ҳеч ким кўрмаган бўлса? Бундан фермер ёки маҳалла бехабар қолдими? Нима учун бу каби қонунбузилиш ҳолатлари ҳақида ўз вақтида тегишли органларга хабар берилмаган? Ёки “қурилишни қилавер-чи, бу ёғи бир гап бўлар” тарзида иш кўрилганми? Қачонки мутасадди идоралар томонидан текшириш ўтказилганда, назорат чоғида бу ҳолатлар аниқланадими?..
Ғ.Ҳасанов, ЎзА