Ўзбекистон Бадиий академиясида атоқли ёғоч ўймакор уста, Ўзбекистон халқ рассоми, Ўзбекистон Бадиий академияси фахрий академиги Ортиқ Файзуллаев ҳаёти ва ижодига бағишланган “Буюк уста мероси” номли албом-каталог тақдимоти бўлиб ўтди.
Ортиқ Файзуллаев 1933 йилда Тошкуент шаҳрида таваллуд топган. Марҳум устанинг ижодий фаолияти, йиллар давомида яратган нодир асарларига бағишланган ушбу албом-китоб Вазирлар Маҳкамасининг ташаббуси билан “Санъат” журнали нашриёти томонидан ўзбек ва рус тилларида чоп этилди.

Тадбирда қайд этилганидек, Тошкент ёғоч ўймакорлиги мактабининг ёрқин вакили ҳисобланган буюк устанинг ижодий йўли ХХ аср ўрталари – ХХI юз йиллик боши Ўзбекистон амалий санъати умумий ривожини ўзида акс эттиради. Ортиқ Файзуллаев ўзининг самарали ижодий фаолияти билан анъанавий ёғоч ўймакорлиги ривожига салмоқли ҳисса қўшди. Усто мумтоз ўйма наққошлик мактаби вакили сифатида ўзининг бутун ҳаётини ўймакорлик санъатига бағишлаб, унинг анъаналарини такомиллаштиришга интилиб келди.

О.Файзуллаев замонавий меъморий мажмуалар ва ижтимоий аҳамиятга эга жамоат меъморий иншоотларига бадиий безатувчи сифатида самарали фаолият олиб бориб, Тошкент мактаби анъаналари асосида бири биридан жозибадор турли бадиий буюмлар яратди. Энг муҳими, у ўзига муносиб издошларни тарбиялаб етиштирган талабчан ва ғамхўр устоз эди. Эндиликда унинг Сирожиддин Раҳматуллаев, Акмал Азларов, Қаҳрамон Валиев, Ботир Ғаниев сингари кўплаб шогирдлари ҳам устозга айланиб, ўз санъати сир-синоларини янги авлод вакилларига ўргатишмоқда.
Шунингдек, тадбирда атоқли ёғоч ўймакорнинг шогирдлари, издошлари, оила аъзолари, санъатшунослар ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этиб, Ортиқ Файзуллаевнинг ибратли ҳаёт ва ижод йўли, қолдирган буюк меросининг аҳамияти, инсоний фазилатлари ҳақида ўз фикр-мулоҳазаларини қайд этдилар.
Мазкур нашр ўз ишини чин дилдан севган атоқли уста, ғамхўр устоз Ортиқ Файзуллаев хотирасига чексиз ҳурмат-еҳтиром рамзи ва ёш устаҳамда рассомлар, санъатшунослар учун муҳим манба бўлиб қолади.
Гулноза Бобоева, ЎзА