Адлия вазирлиги “Марказий Осиёда ҳуқуқий давлатчиликка кўмак бериш” лойиҳасида иштирок этмоқда.
Лойиҳа доирасида адлия вазири А.Тошқулов ва Германия халқаро ҳамкорлик жамиятининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси «Марказий Осиёда ҳуқуқий давлатчиликка кўмак бериш»лойиҳаси раҳбари Ч.Копескй билан учрашди.
Унда ўзаро ҳамкорликда амалга оширилган ишлар муҳокама қилинди. Жумладан, маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисидаги қонунчилик такомиллаштирилди, мутахассисларнинг бу борадаги билим ва кўникмалари оширилди.
Жаноб Копеcкй Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар, хусусан,маъмурий ва суд-ҳуқуқ соҳаларидаги ислоҳотларда Адлия вазирлигининг ўрни муҳим эканини билдириб, ушбу вазифаларни янада самарали амалга оширилишида кўмак кўрсатишда давом этишини маълум қилди.
Учрашув давомида томонлар “Марказий Осиёда ҳуқуқий давлатчиликка кўмак бериш” лойиҳаси доирасида 2024 йилга мўлжалланган ҳамкорликдаги чора-тадбирлар дастурини имзолади.

Дастурда Фуқаролик кодекси ва “Масъулияти чекланган жамиятлар тўғрисида”ги қонуннинг янги таҳрирдагисини ишлаб чиқиш, маъмурий актларни судгача кўриб чиқиш, ўзгартириш ҳамда қисман ёки тўлиқ бекор қилиш соҳасида тажриба алмашиш кўзда тутилган.
Бундан ташқари, давлат хизматларини кўрсатиш масалалари, Адлия вазирлиги ходимлари, тизимдаги таълим даргоҳлари тингловчилари учун Германия халқаро ҳамкорлик жамиятининг экспертлари иштирокида тадбирлар ўтказиш ва бошқалар дастурдан ўрин олган.
Н.Абдураимова, ЎзА