10 июнь – Саид Аҳмад таваллуд топган кун
– Сизга битта гап айтай, асло эсингиздан чиқарманг, кўкрагингиздагиларни олиб қўйинг. Буларни берган ҳукумат аллақачон йўқ бўлиб кетган.
Орадан тўрт ой ўтиб, вилоят ҳокими Эргаш Носиров поччасининг йил ошини ўтказди. Одам кўп келди. Улар орасида Нормат раис ҳам бор эди. Аммо унга ҳеч ким эътибор бермади. Ҳатто танишмади ҳам. Кўпчилик унинг кўксидаги орденларга қараб, юзининг қанақалигига унча эътибор бермаган экан. У эл қатори ош еб чиқиб кетди.
Ушбу жумлалар ўзбек насрининг пешқадам арбобларидан бири Саид Аҳмад томонидан 1998 йилда ёзилган "Азоб" ҳикоясининг ниҳоя қисми эди.
Адиб ҳикояларида Ойбекнинг психологик тасвир маҳорати, Ғафур Ғулом юмори, Абдулла Қаҳҳор баёнидаги ихчамлик мужассамдир. У ҳикояларида тасвирлайдиган ҳар бир воқеадан фалсафий умумлашма чиқариш, воқеаларни лирик таъсирчанлик билан ифодалаш, бадиий тасвирларнинг хилма-хиллигига эришишга интилган.
10 июнь – Саид Аҳмад (Ҳусанхўжаев) таваллуд топган кун. Адиб 1920 йили Тошкентнинг Самарқанд дарвоза маҳалласида дунёга келди. 1939 йили ўрта мактабни, 1941 йили эса олий ўқув юртини тугатиб, дастлаб “Муштум” журналида сўнгра Ўзбекистон радиокомитети, ҳозирги “Ўзбекистон овози” газетаси ҳамда “Шарқ юлдузи” журналида фаолият юритди. Унинг биринчи ҳикоялар тўплами “Тортиқ” 1940 йилда нашр этилади. Уруш ва урушдан кейинги йилларда Саид Аҳмад кўплаб фельетон, очерк ва ҳикоялар ёзган. Унинг “Эр юрак”, “Фарғона ҳикоялари”, “Муҳаббат” каби тўпламлари нашр этилган. У “Хазина”, “Ҳайқириқ”, “Раҳмат, азизларим” каби ҳикояларида Иккинчи жаҳон урушининг даҳшатли оқибатларини ҳаяжонли тасвирлаб, уруш қаҳрамонларини улуғлади.
“Чўл бургути”, “Ўрик домла”, “Лочин”, “Одам ва бўри”, “Бўстон”, “Тўйбоши” каби қатор асарлари Саид Аҳмад ижодида ҳам, ўзбек насрида ҳам янгилик бўлди.
Адиб ҳикояларининг бош қаҳрамони ички дунёси бой замондошларимиздир. Ёзувчи “Тоғ афсонаси”, “Зумрад”, “Муҳаббатнинг туғилиши”, “Кўзларингда ўт бор эди”, “Пойқадам”, “Алла”, “Иқбол чироқлари” асарларида ҳаётий характерлар яратди. Саид Аҳмад ўзининг ҳажвий ҳикояларида тараққиётимизга тўсиқ бўлаётган ярамас урф-одатлар устидан кулади, муҳим маънавий масалаларни ўртага қўяди. Унинг “Ханка ва Танка”, “Лампа шиша” каби ўнлаб ҳажвиялари фикримиз далилидир.
Адиб кичик ҳажвий асарлари билан ўзбек радио ва телевидениесидаги миниатюралар театрига ҳам асос солди. Кейинчалик ҳикоялардан аста-секин йирик полотнолар яратишга ўтди. 1949 йилда чоп этилган “Қадрдон далалар” ва “Ҳукм” қиссаларидан кейин яратган “Уфқ” трилогиясида урушдан олдинги ва кейинги давр муаммолари ҳақида баҳс юритади. “Жимжитлик” романида турғунлик даври иллатлари фош этилади. Саид Аҳмад драматург сифатида ҳам танилди. У “Келинлар қўзғолони”, “Куёв” каби саҳна асарларининг муаллифидир.
Саид Аҳмад 50-йилларда кечган қатағон тўлқинига дучор бўлган, қамоқ азобларини тортган ижодкордир. У “аксилшўравий миллатчилар гуруҳи аъзоси, зарарли ғоялар тарғиботчиси” сифатида айбланиб, Қозоғистоннинг Қарағанда вилояти, Жезқазған лагерида қамоқда бўлган. Адибнинг “Қоракўз мажнун” ҳикоялар тўпламида шу ҳақдаги аччиқ ҳақиқатлар рўй-рост ифодаланди.
Саид Аҳмаднинг “Йўқотганларим ва топганларим”, уч жилдлик “Сайланма”, “Қоракўз мажнун”, “Киприкдаги тонг” тўпламига кирган бир қатор қисса ва ҳикоялари истиқлол йилларида унинг завқ-шавқ билан ижод этганидан шаҳодат беради. Адибнинг кўпгина асарлари қардош ва хорижий тилларга ҳам таржима қилинди.
Ўзбекистон халқ ёзувчиси Саид Аҳмад бир қатор давлат мукофотлари соҳибидир. Хусусан, мустақиллик йилларида у “Дўстлик” ва “Буюк хизматлари учун” орденлари билан тақдирланди. “Ўзбекистон Қаҳрамони” деган юксак унвонга ҳам сазовор бўлди. Адиб 2007 йил оламдан ўтди.
Абдулазиз РУСТАМОВ,
ЎзА