Буюк Британия Молия вазирлиги бугун эълон қилган баёнотда қайд этилишича, тегишли рўйхатга асосан, Эроннинг 121 нафар фуқароси ва бир неча ташкилотининг активи музлатилади. Шунингдек, банклар ва молия институтларига мазкур шахслар ҳисоб варақлари вақтинча ёпилиб, уларга хизмат кўрсатишни тўхтатиш бўйича кўрсатма берилган. Баёнотда молиявий чеклов бўйича белгиланган тартибни бузган ёки четлаб ўтишга уринганларга нисбатан жиноий жавобгарлик кўзда тутилган.
Санкция нишонига Эрон Атом энергияси ташкилоти (АEОI) вакиллари, Ислом инқилоби соқчилари корпуси (IRGS) қўмондонлари, мудофаа саноати билан боғлиқ компаниялар, илмий-тадқиқот марказлари ҳамда бир неча банк тушган. Теҳрон расмийлари Британия, Франция ва Германиянинг “ягона тартибга зид” бу қарорини сиёсий босим воситаси сифатида баҳолади. Эрон томони таъкидлашича, 28 сентябрдан бошлаб ядровий келишув доирасида бекор қилинган санкция ва БМТнинг тегишли резолюциялари қайта тикланиши низони ҳал қилиш бўйича 2015 йилги келишувда белгиланган механизмдан нотўғри фойдаланиш демакдир.
Эрон ҳукумати ўз ядровий дастури тинч мақсадларга хизмат қилиши, Ғарбнинг “ноқонуний ҳаракати”га қарамай,ўз ҳуқуқини қатъий ҳимоя қилишига урғу берган.
Дилшод Ҳакимов, ЎзА