Тошкент шаҳри аҳолиси тез суръатда кўпайиб бораётгани туфайли ичимлик сувига бўлган талаб кундан- кунга ортмоқда. Ҳар бир томчи сувнинг қадрини билиш, уни тежаш ва самарали бошқариш эса барчамизнинг устувор вазифамизга айланмоқда. Бу эса нафақат эскирган инфратузилмани янгилаш, балки замонавий технологияларни кенг жорий этишни ҳам тақозо этади.
Жорий йилнинг август ойидан бошлаб Тошкент шаҳрида “ақлли” совуқ сув ҳисоблагичларини ўрнатиш ишлари бошланди. Ушбу ташаббус халқаро сув бошқаруви соҳасида етакчи компания “SUEZ” билан ҳамкорликда амалга оширилаётган “Тошкент шаҳрининг ичимлик суви таъминоти ва оқова тизимларини модернизация қилиш” лойиҳасининг муҳим босқичидир.
Бу технологияларни жорий этиш Тошкентда сув таъминоти самарадорлигини оширишда қандай самара беради?


“SUEZ” компанияси лойиҳа директори Фулк де Сал де Баньерс ЎзА мухбирига “ақлли” ҳисоблагичларнинг афзалликлари, юзага келаётган қийинчиликлар ва уларнинг узоқ муддатли истиқболлари ҳақида сўзлаб берди:
– “Ақлли” совуқ сув ҳисоблагичи оддий ўлчов воситасидан фарқли равишда сув истеъмолини масофадан туриб рақамли ҳисоб-китоб тизимига узатади. Бу истеъмолчиларга таъминотни реал вақт режимида назорат қилиш имконини беради, ҳақиқий истеъмол асосида аниқ ва шаффоф тўлов тизимини таъминлайди. Эндиликда абонентлар уйига инспектор келишига муҳтож эмас.
Шунингдек, “ақлли” ҳисоблагичлар сув таъминоти корхоналари учун ҳам кенг имкониятлар яратади: техник носозликлар ва ноқонуний уланишларни аниқлаш, сув йўқотишларни камайтириш, тармоқларни самарали бошқариш ва режалаштириш ҳамда ресурслардан оқилона фойдаланишни таъминлашга хизмат қилади.


Ҳозир “SUEZ” мутахассислари, “Тошкент шаҳар сув таъминоти” АЖ ходимлари, “Технопарк” монтажчилари ҳамда маҳалла вакиллари ҳамкорлигида иш олиб борилмоқда. Аҳолига олдиндан хабар берилгач, ўртача кун давомида 5 300 та ҳисоблагич ўрнатилмоқда. Дастлабки монтаж ишлари Янгиҳаёт туманида бошланиб, босқичма-босқич бошқа туманларда ҳам давом эттирилмоқда.
Асосий муаммолар техник ва ташкилий жиҳатлар билан боғлиқдир. Айниқса, баъзи эски биноларда трубалaргa кириш ёки арматураларни мослаштириш талаб этилади. Аммо бу каби ҳолатлар мутахассислар томонидан тезкорлик билан ҳал қилинмоқда ва иш жадвалига жиддий таъсир кўрсатмаяпти.
Энг муҳими, аҳолининг муносабати ижобий бўлиб, ҳисоблагичларнинг бепул ўрнатилиши кенг эътироф этилмоқда. Фуқаролар бу янгиликнинг афзалликларини тезда ҳис этмоқда. Тўловларда аниқлик, тизимда шаффофлик ва ҳеч қандай ортиқча оворагарчилик йўқ.


Агар белгиланган шароитлар таъминланса, йил охирига қадар 50 минг дона ҳисоблагич рўйхатга олинади. 2030 йилга қадар 650 мингдан ортиқ “ақлли” совуқ сув ҳисоблагичларини ўрнатиш мақсад қилинган.
Шу билан бирга, Тошкентдаги “Технопарк” саноат мажмуасида маҳаллий йиғиш линияси ишга туширилмоқда. Бу нафақат лойиҳа самарадорлигини оширади, балки янги иш ўринларини яратиш билан бирга пойтахтнинг модернизация жараёнларига ҳам сезиларли ҳисса қўшади.
“Ақлли” совуқ сув ҳисоблагичлари оддий ҳисоб-китоб воситаси эмас, балки Тошкентнинг “ақлли” ва барқарор шаҳар концепциясининг муҳим таркибий қисми ҳисобланади. Ушбу лойиҳа сув ресурсларини самарали бошқариш ва иқтисодий ривожланиш йўлида янги давр бошлангани белгисидир.
Нилуфар Бозорова, ЎзА