Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказида “МДҲ ягона меҳнат бозорини шакллантириш доирасида миграция сиёсатини такомиллаштириш” мавзусида Ўзбекистон-Россия давра суҳбати ташкил этилди.
Тадбир Россия Федерацияси Президентининг маслаҳатчиси, Россия Федерацияси Президенти ҳузуридаги Фуқаролик жамиятини ривожлантириш ва инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаш раиси Валерий Фадеев бошчилигидаги делегациянинг мамлакатимизга ташрифи доирасида ташкил этилди.
Давра суҳбати Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги ва Миграция агентлиги, шунингдек, Россия Федерацияси Президенти ҳузуридаги Фуқаролик жамиятини ривожлантириш ва инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаш ҳамда "Петербург мулоқоти" форуми билан ҳамкорликда ўтказилди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов Янги Ўзбекистонда меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш инсон ҳуқуқлари соҳасидаги давлат сиёсатининг устувор масалаларидан бири эканини таъкидлади. Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги (МДҲ) маконида адолатли ва ҳуқуқий ҳимояланган меҳнат бозорини шакллантириш – халқларимиз ўртасида ўзаро ишончни янада мустаҳкамлаш, ижтимоий таҳдидларни имкон қадар камайтириш, қисқача айтганда, БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш йўлидаги муҳим қадамлардан бири бўлади.
Россия Федерацияси Президентининг маслаҳатчиси, Россия Федерацияси Президенти ҳузуридаги Фуқаролик жамиятини ривожлантириш ва инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаш раиси Валерий Фадеев Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги ҳамкорлик муносабатлари ривожланиб бориш тенденциясига эгалигини таъкидлади.
– Айниқса, иқтисодий йўналишдаги ҳамкорлик кўлами кенг. Давлатларимиз ўртасидаги товар айланмаси 10 миллиард долларни ташкил этаётгани шуни тасдиқлайди. Кўплаб Ўзбекистон фуқаролари Россияда меҳнат қилиб, ўз юртига инвестиция киритмоқда. Ўзбекистондаги ҳуқуқий ислоҳотлар, айниқса, янгиланган Конституциянинг қабул қилингани эътиборга лойиқ иш бўлганини айтиб ўтмоқчиман. Ундаги илғор ҳуқуқий меъёрлар жаҳон миқёсида намуна бўла олади. Ўзбекистон дунёвий давлат сифатида диний экстремизмни чеклашга оид қонунларни қабул қилгани ҳам диққатга сазовор, – деди у.
Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири ўринбосари Олимжон Абдуллаев Ўзбекистон ўз фуқаролари манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича барча чораларни кўришини таъкидлади. Миграция ҳақида сўз борар экан, бу табиий, чеклаб бўлмайдиган жараён эканига эътибор қаратди. Хорижда ишлаётган юртдошларимиз ҳақиқатан ҳам ўз оиласига, мамлакатига фойда келтирмоқда. Ўз навбатида, ишлаётган давлатлари ривожига ҳам муносиб ҳисса қўшмоқда. Масалан, Россия иқтисодиётига. Шундай экан, ҳар бир давлат меҳнат қилаётган кишилар, айниқса, мигрантлар ҳуқуқлари таъминланишига шароит яратиши зарур. Уларнинг ҳақ-ҳуқуқи камситилиши каби ҳолатларга чек қўйиш лозим. Инсон қадр-қимматини ҳурмат қилиш керак. Дипломатик йўл билан ҳамкорликда мониторинглар ўтказиш, ноқонуний ҳолатларга барҳам бериш, бу борада миграцияга оид қонунчиликни шу нуқтаи назардан такомиллаштириш, соддалаштириш мақсадга мувофиқ. Бошқача айтганда, ташкилий тартибга солинган миграцияни йўлга қўйиш керак.
Россия Федерациясининг Ўзбекистон Республикасидаги элчиси Алексей Ерхов, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миграция агентлиги директори Беҳзод Мусаев, ҳар икки мамлакатнинг соҳа бўйича мутахассислари ва экспертлари тадбирда ўз фикрларини билдирди.
Муҳокамаларда миграция сиёсатини такомиллаштиришга ҳар икки томонда, яъни қабул қилувчида ҳам, йўналтирувчида ҳам доимо эҳтиёж мавжудлиги эътироф этилди. Айниқса, МДҲ мамлакатларининг ягона меҳнат бозорини барпо этиш ҳақида гап борганда, ушбу масалалар янада долзарблик касб этади.
Хусусан, Ўзбекистон мунтазам равишда хавфсиз ва тартибга солинган миграция тарафдори бўлиб, мамлакатдан меҳнат ресурсларини уюшган ҳолда жалб қилиш улушини ошириш бўйича доимий саъй-ҳаракатларни амалга оширмоқда.
[gallery-25569]
Давра суҳбати якунида МДҲ маконида ягона меҳнат бозорини шакллантириш – фақат ҳуқуқий ёки иқтисодий масала эмаслигига алоҳида урғу берилди. Чунки бу ўринда минтақадаги миллионлаб инсонларнинг муносиб ҳаёт шароитини таъминлашга қаратилган гуманитар лойиҳа ҳақида сўз бормоқда.
Ўзбекистон ва Россиянинг айни йўналишдаги ҳамкорлиги миграция, меҳнат ҳуқуқлари ва фуқароларнинг эркин ҳаракатланиши билан боғлиқ масалаларни ҳал қилишда прагматик ёндашувни, шу билан бирга, чуқур инсонпарварлик намунасини амалда намоён этади. Бинобарин, ҳар икки томон ҳам ўзаро ҳамкорликда нафақат долзарб муаммоларни ҳамжиҳатликда изчил муҳокама қилишга, балки бундай муаммоларга янги давр руҳи ва халқларимиз манфаатларини акс эттирадиган таъсирчан амалий ечимлар топишга қодир.
Норгул Абдураимова,
Аслиддин Алижонов (сурат), ЎзА